Ўзбекистонда чўғланма лампа ишлаб чиқариш тўхтатилади

Ўзбекистонда чўғланма лампа ишлаб чиқариш тўхтатилади
Ўзбекистонда электр энергиясига талабнинг ортиб бориши ёқилғи-энергетика ресурсларини тежаш масаласини кун тартибига қўймоқда. Бу ҳақда «ЎзА»га таяниб «Кун.уз» ёзмоқда.

Чўғланма лампалардан фойдаланиш – энергия тежамкорлик нуқтаи-назаридан бугун самарасиз амалиёт ҳисобланади. Чунки уларнинг фойдали иш коэффициенти 5 фоиздан камроқни ташкил этади. Бу электр энергиясининг 95 фоизи иссиқликка, фақатгина 5 фоизи ёритишга сарфланишини англатади. Норматив бўйича ишлаш муддати минг соатга яқин.

Энергия тежайдиган лампаларнинг ишлаш давомийлиги чўғланма лампаларга нисбатан 10 баробарга кўпроқ бўлиб, ёруғлик самарадорлиги 4-5 баробар юқори. Агар ёритиш ускуналарининг энергия самарадорлиги кўрсаткичи чўғланма лампаларда 1 ватт электр қувватига 13 люмен/ваттдан кам бўлмаган миқдорни ташкил этса, люминециент лампаларда 65 люмен/ваттни, светодиод лампаларда 110 люмен/ваттни ташкил этади.

"Ўзбекэнерго" акциядорлик жамияти таркибидаги “EGL-NUR” Ўзбекистон – Жанубий Корея қўшма корхонаси масъулияти чекланган жамияти Ўзбеистонда светодиод лампалар ва ёритгичлар ишлаб чиқараётган йирик корхоналардан бири. Ушбу корхона Жанубий Кореянинг “EG Lightings” компанияси ҳамкорлигида 2013 йил декабрь ойида ташкил этилган бўлиб, "Ангрен" эркин иқтисодий зонасида жойлашган. Ҳозир бу ерда ушбу маҳсулотнинг бир неча тури ишлаб чиқарилмоқда. Корхона ойига 200 минг дона светодиод лампа ва 1000 дона ёритгич ишлаб чиқариш қувватига эга.

Корхонада илғор технологиялар асосида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларга юқори сифати, энергия тежамкорлиги туфайли истеъмолчилар ўртасида талаб юқори. Ишлаб чиқарилаётган лампалар ҳар қандай иқлим шароитига чидамли, халқаро стандартларга мос, экологик жиҳатдан хавфсиз. Улар инсон саломатлиги учун мутлақо хавфсиз, зеро ультрабинафша ва инфрақизил нур таратмайди, таркибида оғир металл ва заҳарли моддалар йўқ. Корхона маҳсулотларидан мамлакатимиз шаҳарлари кўчаларида кенг фойдаланилмоқда.

Ишлаб чиқарилаётган ушбу тежамкор лампалардан фойдаланиш муддати 30 минг соатдан ортиқ. Бу оддий чўғланма лампадан 30 баробар кўп дегани. Оддий чўғланма лампага нисбатан 9-10 баробар кам энергия сарфлайди. Светодиод лампалар ҳисобидан хонадонларда энергия сарфи бир неча баробар камаймоқда. Бу аҳоли турмуш даражасини яхшилаш билан бирга, мамлакатимиз иқтисодий тараққиётига ҳам хизмат қилади.

Давлат раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 26 майдаги «2017-2021 йилларда қайта тикланувчи энергетикани янада ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергия самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида»ги қарорнинг амалиётда изчил қўлланилиши нафақат ёритиш мақсадларида электр энергиясидан самарали фойдаланишни, балки маҳаллий корхоналарда энергияни тежайдиган лампаларни ишлаб чиқаришни кенгайтириш ҳисобига янги иш ўринлари яратишни таъминлайди.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар