
Ўзбекистон Республикаси киберхавфсизлик соҳасида дунё етакчиларидан бири бўлган АҚШнинг Palo Alto Networks компанияси билан узоқ муддатли стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги келишувни имзолади. Ҳамкорликнинг асосий йўналиши мамлакатнинг рақамли инфратузилмасига сунъий интеллект асосидаги илғор технологияларни интеграция қилиш орқали киберхавфлардан ҳимояни кучайтиришга қаратилади.
Мазкур келишув Ўзбекистон ҳукумат делегациясининг АҚШга ташрифи натижасида амалга оширилди. Делегация таркибида Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов ва Инвестициялар вазири Лазиз Қудратов иштирок этди.
Сафари давомида Palo Alto Networks компаниясининг давлатлар билан ҳамкорлик ва жамоатчилик сиёсати бўйича вице-президенти Дэниел Крос билан музокаралар ўтказилди. Учрашувда Ўзбекистоннинг рақамли хавфсизлик салоҳиятини кучайтириш бўйича аниқ қадамлар муҳокама қилинди.
Томонлар давлат ва хусусий секторларда маълумотларни ҳимоя қилиш ҳамда рақамли барқарорликни таъминлаш учун замонавий тизимларни жорий этиш масалаларини батафсил кўриб чиқдилар. Хусусан, сунъий интеллект асосида ишловчи илғор тизимлар — киберхавфларни реал вақт режимида аниқлаш ва бартараф этиш имкониятига эга алгоритмлар, шунингдек, шифрлаш технологияларидан фойдаланиш режалаштирилмоқда.
Ҳамкорлик фақат технологиялар етказиб бериш билан чекланмасдан, кенг қамровли киберхавфсизлик дастурларини ишга туширишни ҳам ўз ичига олади. Бу дастурлар доирасида маслаҳатлашувлар йўлга қўйилади ва америкалик ҳамда ўзбекистонлик мутахассислар ўртасида тажриба алмашинуви амалга оширилади.
Бундан ташқари, рақамли хавфсизлик, ҳодисаларга тезкор жавоб бериш ва хавфларни таҳлил қилиш каби соҳаларда маҳаллий кадрларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга катта эътибор қаратилади. Бу Ўзбекистонда замонавий ҳимоя технологиялари билан ишлай оладиган юқори малакали мутахассислар базасини яратишга ёрдам беради.
Музокаралар чоғида маҳаллий стартап лойиҳаларининг техник хавфсизлиги ва жаҳон стандартларига мослигига баҳолаш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Мазкур келишув Ўзбекистоннинг етакчи халқаро IT компанияларни жалб қилиш бўйича кенгроқ стратегиясининг бир қисмидир.
Бундан олдин Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов АҚШнинг Wersirius логистика компанияси ва AMALT ассоциацияси раҳбарияти билан музокаралар ўтказиб, Ўзбекистонда операция марказлар очиш ва янги дастурларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилган эди.
Ўзбекистон киберхавфсизлигини АҚШ компанияси таъминлайди
Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар