
Ўзбекистон Республикаси президенти “Электр энергетикаси тармоғини жадал ривожлантириш ва молиявий барқарорлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.
Ҳужжатда қайд этилишича, электр энергетикаси тармоғини ислоҳ қилиш бўйича Комиссия (А.Н.Арипов) 2018 йил 15 декабрга қадар, республиканинг ёқилғи-энергетика комплекси фаолиятини ташкил этиш ва тартибга солиш билан боғлиқ барча комплекс масалаларни юклаган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлигини ташкил этиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси президенти Фармони лойиҳасини киритади.
Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси “Ўзбекэнерго” АЖ ва Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги билан биргаликда 2019 йилдан бошлаб:
Халқаро молия корпорацияси билан ҳамкорликда Навоий вилоятида қуввати 100 мВт бўлган қуёш фотоэлектр станциясини қуриш бўйича тажриба лойиҳасини танлов асосида амалга оширишни;
халқаро молия институтлари билан биргаликда мамлакатнинг иссиқлик электр станцияларидан бирида буғ-газ қурилмасини қуриш, шунингдек, Андижон, Наманган, Фарғона шаҳарларидаги электр энергияси тарқатиш тармоқларини модернизация қилиш тажриба лойиҳасини давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширишни;
халқаро молия институтлари билан биргаликда “Тошкент шаҳридаги тарқатиш тармоқларини узоқ муддатли ижарага бериш” лойиҳаси техник-иқтисодий асосларининг асосий параметрларини ишлаб чиқишни бошлашни таъминлайди.
Белгиланишича, “Ўзбекгидроэнерго” АЖ гидроэлектрстанциялари томонидан ишлаб чиқариладиган электр энергияси учун тўлов истеъмолчилар – жисмоний шахслар учун якуний тарифнинг 85 фоизи миқдорида шаклланадиган тариф бўйича амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси, Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки, “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ, “Ўзбекэнерго” АЖ ва “Ўзбекгидроэнерго” АЖнинг:
Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг “Ўзбекэнерго” АЖ лойиҳаларини биргаликда молиялаштириш учун ажратилган кредитларини, тегишлича якуний тўловлар муддатини узайтириш ва қайта молиялаштирувчи банкларнинг мажбуриятларини реструктуризация қилиш билан бирга 3 йилга узайтириш;
“Чорвоқ ГЭС гидрогенераторларини уларнинг ишчи ғилдиракларини алмаштириш билан бирга модернизация қилиш” инвестициявий лойиҳасини молиялаштириш учун “Ўзбекэнерго” АЖга берилган кредитни “Ўзбекгидроэнерго” АЖга қайта расмийлаштириш ҳақидаги таклифлари маъқулланди.
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Ташқи ишлар вазирлиги, “Ўзбекэнерго” АЖ ва “Ўзбекгидроэнерго” АЖ билан биргаликда икки ой муддатда Ўзбекистон Республикасида “МЭИ” Миллий тадқиқот университети” (Россия Федерацияси) Федерал давлат бюджет олий таълим муассасаси филиалини ташкил қилиш бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
энергетика тармоғига юқори малакали менежерларни ёллаш учун кадрларни танлаш билан профессионал асосда шуғулланадиган ташкилотларни жалб қилиш чораларини кўради;
Бош прокуратура билан биргаликда бир ой муддатда муқобил электр энергияси ишлаб чиқарувчиларини ягона энергетика тизимига улаш тартибини такомиллаштириш ва лойиҳаларни давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритади.
“Ўзбекэнерго” АЖ Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда:
2019 йил 1 апрелга қадар электр энергияси, шу жумладан, муқобил электр энергиясини ишлаб чиқарувчи тадбиркорлик субъектларини ягона энергетика тизимига улаш регламентини ишлаб чиқади ва тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритади. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар