1 479
“Асосий вазифамиз автомобилларни катта ҳажмда, қулай нархда, сифатли ишлаб чиқариш” — UzAuto Motors раҳбари
Фото: UzAuto Motors
Kun.uz мухбири UzAuto Motors раҳбари Бо Андерссон билан UzAuto Motors’нинг фаолияти ва келажакдаги режалари ҳақида суҳбатлашди.
— Суҳбатимизни рақобат масаласидан бошламоқчиман. Хабарингиз бор, Ўзбекистонда божхона тўловлари камайтирилди. Бу UzAuto Motors компаниясига қандай таъсир қилади? Рақобатга қандай қарайсиз?
— Бу яхши савол. Мен бу ерга автомобилсозлик саноатини ривожлантиришга кўмаклашиш мақсадида хорижлик мутахассис сифатида келганман. UzAuto Motors ҳар қандай бошқа ишлаб чиқарувчи билан рақобатлаша олишига ишончим комил.
Мен рақобатга ишонаман, рақобат бўлгани яхши! Агар рақобат бўлса, ҳаётнинг ўзи сизни яхшироқ бўлишга мажбур қилади.
Рақобатга яхши қарайман. Ҳамиша Hyundai, Kia ва Lada билан рақобатлашишига ўрганганман. Бизнинг янги маҳсулотимиз рақобатбардош бўлишига мутлақо аминман.
Бо Андерссон
— Автомобиллар нархи ва сифати ўртасидаги нисбат сизни қониқтирадими?
— Аввало шуни айтмоқчиманки, сотуви бўйича энг оммабоп автомобил – бизнинг бестселлер Lacetti эканлиги мени ҳайратда қолдирди. Шу ўринда яна шуни алоҳида таъкидламоқчиманки, шахсан менга ҳам Lacetti жуда ёқади. Агар нархига келадиган бўлсак, шуни таъкидлаш керакки, бундай автомобил учун 14 000 АҚШ доллар ажойиб нарх.
Сотув натижаларига кўра, иккинчи оммабоп автомобил Damas ҳисобланади. Унинг нархи ҳам жуда рақобатбардош. Бу Cobalt автомобилига ҳам тегишли.
Мен хорижлик инсон сифатида қарасам, Ўзбекистонда автомобиллар нархи жуда рақобатбардош, уларнинг сифати анча юқори бўлади.
— Компаниянинг автомобилларни магнитоласиз ишлаб чиқариш қарори кўплаб танқидларга сабаб бўлди. Нима сабабдан бундай қарор қабул қилинди?
— Аввало шуни айтмоқчиманки, сўнгги икки йилда ҳар бир автомобил ишлаб чиқарувчи яримўтказгичлар муаммосига дуч келди, ҳар бир автомобил ишлаб чиқарувчи у ёки бу даражада автомобил магнитоласи муаммосига дуч келди. Афсуски, етказиб берувчимиз тўсатдан бизга панд берди. Бугунги кунда бошқа етказиб берувчилар билан музокаралар олиб боряпмиз. Бу эса ўз навбатида, автомобилларимизда замонавий автомагнитоладан фойдаланиш имконини беради.
Шу муносабат билан шуни таъкидламоқчиман: мижозларимизнинг талаблари европалик харидорларнинг талабларидан анча юқори экани мени ҳайратда қолдирди. Ўзбекистондаги ҳар бир харидор тач-скрин (сенсорли экран) ўрнатилган автомобил сотиб олишни хоҳлайди. Ҳар бир харидор автомобилни ўрнатилган орқа камера билан сотиб олишни хоҳлайди.
Менинг она ватаним Швецияда талаблар бутунлай бошқача. Мисол учун, бизда энг оммабоп автомагнитола –1 DIN.
Шундай экан, телевидениедаги журналист ҳамкасбларингиз айтганидек: “Бизнинг каналда қолинг, бизни кузатишда давом этинг”. Тез орада биз сизнинг эътиборингизга янги ечим ва янги автомагнитолаларга эга янги технологияли автомобилларни тақдим этамиз.
— Сиз ватанингиз ҳақида гапирдингиз. Cobalt, Damas, Nexia, Gentra автомобилларидан қайси бирини Европада, айниқса Швецияда ҳайдаган бўлардингиз?
— Менинг севимли автомобилим – Lacetti. Швецияда жоним билан Lacetti автомобилини ҳайдардим.
— Агар сизда Volvo, Fiat ёки бизнинг автомобилларни танлаш имконияти бўлганда, сиз қайси автомобилларни танлардингиз?
— Менимча, бундай қиёслаш адолатдан эмас, чунки Швецияда 14 минг АҚШ долларга автомобил сотиб олишнинг имкони йўқ.
— Янги моделлар ва уларнинг ишлаб чиқарилиш муддатлари ҳақида гапириб берсангиз, қачон ва қандай автомобилларни кутайлик?
— Бу йил бозорга янги модел – Chevrolet Tracker, келаси йил бошида эса Chevrolet Onix'ни тақдим этамиз. Мижозларимизга бу замонавий икки автомобил ёқишига ишончим комил.
Иккала моделда ҳам олтита хавфсизлик ёстиқчаси мавжуд. Улар ЙТҲга чидамлилик бўйича беш юлдузли рейтингга эга. Ушбу автомобиллар замонавий кўнгилочар тизим, Wi-Fi ва тўхташга ёрдам берувчи датчик билан жиҳозланган бўлади. Бундан ташқари, Chevrolet Tracker ва Chevrolet Onix ёқилғи сарфи жиҳатидан жуда тежамкор – 100 километрга 6 литр.
— Янги автомобилларнинг нархи қандай бўлади?
— Биз ҳозирда автомобилларни жиҳозлаш вариантларини ишлаб чиқмоқдамиз ва бунинг учун биз мижозларимиз билан бевосита тўғридан тўғри мулоқот қиляпмиз. Мижозларимизга илгари сотиб олинган Tracker автомобилининг қайси жиҳатлари ёққани ва ёқмаган жиҳатлари ҳақида саволлар беряпмиз. Айтганча, маълум бўлишича, Tracker харидорлари автомобилларга техник хизмат кўрсатиш нархидан жуда мамнун.
Комплектация ва опцияларга келадиган бўлсак, бизни кузатиб боринг, биз албатта бу ҳақида тез орада хабар берамиз.
— Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда автомобил салонига сув кириши ҳақида жуда кўп шикоятлар кўзга ташланяпти. Компания бу муаммони бартараф этиш учун нималарни амалга оширмоқда?
— Таъкидлашни истардимки, мен ҳар куни сифат масаласи билан шуғулланаман. Биз аллақачон кўплаб сифат муаммоларини ҳал қилишга муваффақ бўлдик ва иш фаолиятини тахминан 25 фоизга оширишга эришдик. Бунинг учун биз заводнинг ўзида ҳам, дилерлар билан ҳам ишлаймиз. Биз барча асосий дилерларда Сифат хизмати вакилларининг доимий ишини ташкил этдик.
Сўнгги икки ҳафта ичида автомобил ички қисмига сув кирганлиги ҳақида кўплаб хабарларни кўрдим. Мен ўзим ҳам ёмғирни ёқтирмайман – бу масала шахсан ўзимнинг назоратим остида ва бу билан доимий равишда шуғулланаман.
— Харидорлар автомобил учун тўловни амалга оширгач, автосалонларда уни узоқ муддат кутишларига тўғри келмоқда. Бу ҳолатларга қандай изоҳ берасиз?
— Ўтган йили биз 235 минг дона автомобил ишлаб чиқардик. Бу йил биз ўз олдимизга улкан мақсад қўйганмиз – 340 минг дона автомобил ишлаб чиқариш.
Менинг асосий вазифам – автомобилларни катта ҳажмда, қулай нархда, сифатли ишлаб чиқариш. Биз кунига Lacetti автомобилини ишлаб чиқариш ҳажмини 100 юзтага оширдик: 262 тадан 366 тага (27 фоизга), Cobalt автомобилини 342 тадан 420 тагача (18 фоизга) кўтардик.
Автомобилни харидорга етказиб бериш муддатини икки баробарга қисқартирдик. Бу етарлимикин? Йўқ, албатта! Шунинг учун ҳам биз яна кўп ишлаймиз!
Шубҳасиз, барча саъй-ҳаракатларим жамланган устувор масала бор: қулай нархда, сифатли автомобилларни кўп ҳажмда ишлаб чиқариш.
Бироқ шу билан бирга, биз автомобилларни тизимли қайта сотиш ҳолатларини кўряпмиз. Кўпинча, баъзи мижозларимиз сотиб олган машиналарини дарҳол сотадилар. Менинг ватаним Швецияда, агар сиз расмий дилер бўлмасангиз, бу ноқонуний ҳисобланади.
— Ва бизнинг охирги саволимиз - келажак автомобилларини қандай кўрасиз? Бу электромобил бўлиши мумкинми ёки бошқа вариант?
— Мен биринчи марта электромобиллар мавзуси билан 1993 йилда дуч келганман. Ўйлайманки, кўплаб автомобиллар электр бўлади, лекин автомобилларнинг тахминан ярми анъанавий ички ёнув двигателлари бўлади. Ҳозирги вақтда электромобиллар машҳур бўлган аксарият мамлакатларда уларга бўлган қизиқиш махсус имтиёзлар билан қўллаб-қувватланмоқда.
Одамлар имтиёз ва субсидияларсиз электромобилга ўтадиган мамлакатни айтолмайман. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Халқаро жиноят суди Исроил бош вазири Нетаньяхуни ҳибсга олишга ордер берди
22 ноябрь куни Cobalt автомобилига шартнома очилиши эълон қилинди
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Рамзан Қодиров Ғарб давлатларига ҳужум қилишга чақирди: “Ҳақиқий уруш қандайлигини ҳис қилишсин”
Қозоғистон Украина атрофидаги вазият туфайли ҳарбий ва фуқаролик объектлари хавфсизлигини кучайтирди
Хонанда Рухшона уйланмаган йигитга турмушга чиққани ҳақида сўзлаб берди
Диний қўмита Умра зиёратини ташкил қилиш учун 12 та турфирмага лицензия берди
Майк Тайсон янги рекорд билан бокс тарихига кирди