1 749
«Курдлар қайтимга бериладиган танга эмас» — Туркия Швеция ва Финландиядан кимларни топширишни сўрамоқда?
Фото: MORRIS MACMATZEN/GETTY IMAGES
Туркия бошида қаршилик қилганига қарамай, Финландия ва Швецияни НАТОга қабул қилиш жараёни бошланди. Эрдўған бошчилик турклар бунга осонликча рози бўлгани йўқ. Уларнинг иддаосича бу икки давлат Туркия террорчи деб топган Курдистон ишчи партияси вакилларига бошпана берган ва НАТОга киришни истаса, турклар талаб қилган 73 кишини қайтариши керак. Хўш, Анқара террорчи деб билган одамлар ким?
Президентни «ҳақорат қилиш» айблови
2015 йил туркиялик машҳур журналист, инглиз тилидаги Today's Zaman мухолиф газетаси бош муҳаррири Булент Кенеш твиттердаги саҳифасида мамлакат ҳукуматини танқид қилар экан, «Ражаб Эрдўғаннинг онаси тирик бўлса, ўғли учун уялган бўларди», деб ёзади. Кўп ўтмай полиция журналистнинг иш кабинетига «йўқлаб боради». Унинг қўлга олиниши турк телеканалларида жонли эфирда кўрсатилади. Бу вақтда Эрдўған президент лавозимида бир йилдан ортиқ ишлаб улгурган, Туркия сиёсати кескин ўзгариб кетганди.
Туркия жиноят кодексидаги 299-моддани турклар яхши билишади – «президентни ҳақорат қилганлик учун жазо». Бу модда аввалдан бўлган, аммо айнан Эрдўған президентликка келгач, айниқса фаол қўллана бошлади. Туркияда бу «ўта оғир жиноят» учун нақ 4 йилга қамалиш мумкин.
Табиийки демократик тамойилларга амал қилувчи ва Туркия ҳам таркибига кирувчи Европа кенгаши бу модда бўйича изоҳ талаб қилган, турклар эса унинг зарурлигини шундай изоҳлашган: президент мамлакатнинг юзидир, шундай экан, президентни ҳақорат қилиш давлатга нисбатан жиноят.
Ушбу моддада айнан қандай сўзлар президентни ҳақорат қилишга кириши айтилмаган, лекин бошқа моддаларда бунинг таърифини учратиш мумкин. Яъни инсоннинг шаъни ва обрўсига шубҳа билдириш – турк қонунчилигида ҳақорат деб қабул қилинган.
Европа кенгаши Туркияда бу модда амалда бўлишини танқид қилган, инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди эса бу модда инсон ҳуқуқларига зид экани, эркин фикр билдириш ҳуқуқини чеклаши борасида ҳукм чиқарган.
2014 йил Эрдўған ҳукумат тепасига келганда 132 кишига нисбатан президентни ҳақорат қилганлик айблови билан иш очилган, уларнинг 40 нафари жазога тортилган. Бир йил ўтиб Туркияда 1953 кишига нисбатан юқоридаги айблов билан иш очилган. 2016 йилга бориб бу рақамлар 4 мингдан ошиб кетади. Умумий ҳисобда 2014-19 йилларда президентни ҳақорат қилиш айблови бўйича 27 мингта иш очишади.
Инглиз тилидаги Today's Zaman газетаси ҳеч қачон мухолиф кайфиятдаги нашр эканини яширмаган ва ўз чиқишларида ҳукуматни тез-тез танқид қилиб келган. Президентни ҳақорат қилиш айблови билан маҳкамага олиб кетилган бош муҳаррир Булент Кенеш ҳукумат босими сабаб ўз лавозимидан кетганини маълум қилади. У ишдан кетгач газета ҳам кўп ишламайди ва 2016 йилда ёпилиб кетади.
Туркиядаги Hurriyet ҳукумат газетаси гўёки Эрдўған Мадриддаги НАТО саммитида Финландия ҳамда Швеция туркларга топшириши керак бўлган 45 нафар «террорчи»дан иборат рўйхат берганини хабар қилиб, бу рўйхатдагиларнинг исмини эълон қилди. Журналист Кенеш мана шу рўйхатда бор. Булент Кенешнинг айтишича, Туркияда унга қарши 30 тача иш очишган. Аммо ҳукуматнинг журналистга билдираётган асосий эътирози 2016 йилги давлат тўнтаришига уриниш олдидан эълон қилган постига қаратилган...
Давлат тўнтаришини тахмин қилиш
2016 йил Туркиядаги давлат тўнтаришига уриниш содир бўлди. Ўша вақтда Ўрта Ер денгизидаги соҳилда дам олаётган президент Эрдўғанни қўлга олишолмайди, давлат тўнтариши эса маҳаллий аҳолининг ёрдамида йўққа чиқарилади.
Бу воқеадан кейин ҳукумат ёппасига «тозалаш» ишларига киришиб кетади. Ўн минглаб мансабдорлар, ўқитувчилар, судялар ишдан ҳайдалади, минглаб жиноий ишлар очилади. Ўша вақтда Туркия ҳукумати давлат тўнтаришига алоқадорликда гумонланган 47 нафар журналист рўйхатини эълон қилади. Бу рўйхатга Булент Кенеш ҳам тушиб қолади.
Гап шундаки, давлат тўнтаришига уринишдан бироз аввал журналист Туркияда демократия йўқлиги ҳақида пост ёзади. Ўша мақоласида журналист жамият Эрдўған президентлиги даврида бошдан кечираётган кескинлик ўзгармаса, бунинг оқибати ёмон бўлиши ва ҳатто давлат тўнтаришига айланиб кетиши мумкинлиги ҳақида айтади. Айнан шу жумла сабаб журналистга давлат тўнтаришига алоқадор деб қарай бошлашади.
«Бундай айблов билан қўлга олинганларни қийнашлари ва ҳатто ўлдиришлари мумкинлигини билардим. Шу сабаб икки ҳафта яшириниб юрдим ва кейин сездирмай мамлакатни тарк этдим», дейди Кенеш. Журналист Швецияга боргандан кейин сиёсий бошпана сўрайди.
Туркиядаги 2016 йилги давлат тўнтаришига уриниш. Фото: STRINGER/GETTY IMAGES
Туркия ҳукумати давлат тўнтаришига уринишни Фатҳуллоҳ Гулен бошқарувидаги ҳаракат аъзолари амалга оширган деб ҳисоблайди. Ўз вақтида Туркияда машҳур имом ва воиз бўлган Гулен нафақага чиққанидан кейин бутун дунё бўйлаб юзлаб мактаб ва олийгоҳлар оча бошлайди. Қизиғи, Гулен ва Эрдўған бир вақтлар яқин ҳаммаслак бўлишган, аммо уларнинг йўллари 1999 йилда айрилади. Ўшанда АҚШга кетган Гулен ортиқ Туркияга қайтмайди. Шундан буён Эрдўған Гуленни ўзининг асосий душани деб билади. Унинг раҳбарлигидаги «Хизмат» ҳаракат Туркияда террорчилик ташкилоти деб топилган. АҚШ, Европа Иттифоқи ва Британия эса бундай қарорга қўшилмайди.
Ҳозир Туркияда журналист Кенешни Фатҳуллоҳ Гулен ҳаракатига алоқадор деб билишади, аммо унинг ўзи мустақил журналист экани, ҳеч кимга алоқадор эмаслигини айтиб, унга нисбатан илгари сурилаётган барча айбловлар сохталаштирилган деб билади. Туркия Швеция ва Финландиянинг НАТОга кириши эвазига сўраган шарти сабаб Кенеш каби журналистлар Туркияга экстрадиция қилиниши мумкин.
Россия Украинага бостириб киргач, Европа шимолидаги Швеция ва Финландия каби бетараф давлатлар ҳам НАТОга кириш ҳақида ўйлай бошлади. Уруш чўзилавергач, икки давлат алянсга киришга қатъий қарор қилди. НАТОга қабул қилиш тартибига кўра, янги аъзолар алянснинг барча аъзолари розилик бергачгина қабул қилинади. Туркия Швеция ва Финландиянинг НАТОга киришига қарши эканини маълум қилди. Сабаб сифатида бу икки давлат гўёки террорчиларни қўллаши келтирилди.
Аммо АҚШ президент Жо Байден ва Туркия президенти Ражаб Эрдўғаннинг телефон суҳбатидан кейин НАТОнинг Мадридда ўтган саммитида Туркия икки давлат айтган шартини бажарса, уларнинг алянсга киришига қаршилик қилмаслигини маълум қилди. Саммитда Туркия, Финландия ва Швеция ўртасида меморандум имзоланди. Эрдўған уч давлат нима борасида келишувга эришгани ҳақида ўз талқинини маълум қилди. Унинг айтишича, Финландия ва Швеция Анқара сўраган 73 кишини беришга рози бўлган. Туркия бу кишиларни терроризмда айблаган.
Кейинроқ меморандумнинг ўзи эълон қилинди. Унда Швеция ва Финландия Туркия террорчиликда айблаётган одамларни депорт ёки экстрадиция қилиш масаласини кўриб чиқиши (!) айтилган. Туркия томонининг айтишича, рўйхатдаги аксар одамлар мамлакатда террорчи ташкилот деб топилган Курдистон ишчи партияси аъзолари бўган курдлар ҳисобланади. Бу ташкилот Туркия ичида Курдистон автономияси тузишни истайди. Курдистон ишчи партияси АҚШ ва Европанинг қатор давлатларида ҳам террорчилик ташкилоти деб топилган.
Эрдўған учун бош оғриқ
Курдлар дунёдаги ўз давлатига эга бўлмаган энг катта миллат ҳисобланади. Биринчи жаҳон урушидан кейин ҳозирда курдлар яшаётган ерлар Ироқ, Эрон, Туркия ва Сурия ўртасида бўлиб олинган. Аммо улар бошқа миллатлар билан қўшилиб кета олмаган. Ҳозир бутун дунё бўйлаб 30-40 миллион курдлар яшаши айтилади, уларнинг аксари сунний мусулмонлар.
Ироқда курдлар анчагина ҳуқуларга эга Ироқ Курдистони номли автономия тузишга эришган. Аммо Сурия ва Туркияда курдлар камситилишини айтиб келади. Туркияда 15 миллиондан ортиқ курд яшайди. Бу турли кўрсаткичларга кўра Туркия аҳолисининг 15 ва ҳатто 23 фоизини ташкил этиши айтилади.
Курдлар автономияси тузиш йўлидаги курашда ҳал қилувчи ролни Абдуллоҳ Ўжалан ўйнаган. Курдистон ишчи партияси 1970 йилда айнан Ўжалан томонидан тузилган. Партия қўлда қурол билан миллат мустақиллигига эришишга ҳаракат қила бошлайди. Ўтган йиллар давомида Туркия билан тўқнашувларда 40 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлган.
Туркия парламентидаги Халқлар демократик партияси курдлар манфаатларини ҳимоя қилади. Аммо Курдистон ишчи партияси билан алоқалари иддао қилинаётгани сабаб бу партия ёпилиб кетиши мумкин.
Курдлар масаласи Эрдўған учун доим энг катта муаммо бўлиб келган. Туркия президенти курдлар билан нафақат мамлакат ичида, балки Сурияда ҳам курашиб келади. Сурия демократик кучлари партияси курдларники ҳисобланади. Улар ИШИДга қарши урушда АҚШнинг иттифоқчиси эди. Кўплаб экспертлар Эрдўған курдлардан келадиган хавфни бўрттириб кўрсатиши, бундан ўзининг сиёсий мақсадлари йўлида фойдаланишини айтиб келади.
Абдуллоҳ Ўжалан 1999 йилдан буён қамоқда. 2013 ва 2015 йилда эълон қилинган сулҳга қарамай, 2016 йил Туркияда амалга ошмай қолган давлат тўнтаришига уринишдан кейин мамлакатда курдларга бўлган муносабат кескин ёмонлашди.
НАТО учун «тўлов»
Курдо Бакси оиласи 50 йилдан ортиқ вақт давомида Швецияда яшайди. Бакси ўзини курддан кўра кўпроқ швед деб ҳисоблайди, аммо келиб чиқишини ҳам унутмайди. Швецияда уни муҳожирлар ҳуқуқини ҳимоя қилувчи публицист сифатида билишади. Ҳозирда ўз тақдиридан қўрқаётган курдлар маслаҳат олиш учун Баксига қўнғироқ қилишади.
«Рўйхатдаман деб қўрқаман. Бундай ишларда бепул ёрдам берадиган баъзи таниш адвокатларим бор. Танишларим кўплигидан фойдаланган ҳолда қийин аҳволга тушган, аммо адвокат олишга пули бўлмаган оилалар ҳақида ўша таниш адвокатларимга айтаман. Улар имкон қадар ёрдам беришади», дейди Бакси.
Унинг айтишича, курдлар охирги вақтларда ўзлари ҳақидаги янгиликларни хавотир билан кузатишади, чунки бу миллат охирги ўн йилликда содир бўлган воқеаларни унутгани йўқ. 1980-йилларда Швецияда Курдистон ишчи партиясидан ажралиб чиққан икки нафар курдни ўлдириб кетишади. Курдларнинг ўзаро ички можаролари Швеция ҳудудида қон тўкилиши билан тугаши мамлакат ҳукуматига ёқмайди. Олоф Палме бошчилигидаги ҳукумат Туркиядан кейин иккинчи бўлиб Курдистон ишчи партиясини террорчи ташкилотлар қаторига киритади.
Олоф Палме ўлдирилган жой. Фото: JONATHAN NACKSTRAND/AFP VIA GETTY IMAGES
1986 йилда бош вазир Палменинг ўзи ўлдириб кетилади. Тергов гуруҳи Курдистон ишчи партиясининг террорчи ташкилотлар қаторига киритилгани бош вазир ўлдирилишида мотив бўлганини истисно қилмайди. Тергов гуруҳи раҳбари Ҳанс Ҳолмер ишда «курдча из» қидира бошлайди ва мамлакатда ёппасига курдларни қўлга олиш бошланади.
Бу қўлга олишлардан кейин тергов кимдир гапиришига умид қилади, аммо бундай бўлмайди. Туркия ҳам бош вазирни курдлар ўлдиргани борасида иддаоларни илгари суради, лекин Швеция бу борада Анқарадан ҳеч қандай тайинли маълумот ололмайди. Кейинроқ қўлга олинган курдлар қўйиб юборилади, чунки уларнинг бош вазир ўлимига алоқадорлиги исботини топмайди.
Швецияда курдлар оз эмас
Аста-секин курдларнинг Швецияда ўрни ошиб бормоқда. Ҳозирда 10 миллионлик Швеция аҳолисининг 1 фоиздан кўпроғини курдлар ташкил этади. Мамлакат парламенти аъзолари орасида ҳам 6 нафар этник курд бор. 2020 йилда эса Швециядаги курдлар яна ўзларини хавф остида ҳис қила бошлади. Ўша йили мамлакатда террорчилар ва уларнинг тарафдорлари учун жазо жиддийлаштирилади, бир неча йил аввал ИШИДга қўшилиб кетган фуқароларни ортга қайтариш ҳаракатлари бошланади. Тўғри, бу чоралар курдларга эмас, ИШИД жангариларига қарши жорий қилинади, аммо Курдистон ишчи партияси ҳам террорчи ташкилотлар қаторига киритилгани сабаб Швециядаги курдлар ҳам ўзини хавф остида ҳис қила бошлайди.
Баксининг айтишича, Швеция 38 нафар курднинг яшаш рухсатномасини узайтиришдан бош тортган. Улар ижтимоий тармоқдаги саҳифасида Курдистон ишчи партияси байроғи ёки партия асосчиси Абдуллоҳ Ўжаланнинг суратини жойлаган.
«Маҳаллий полиция кўплаб курдларни шу сабаб террорчиларга билан алоқадорликда гумонлаб тергов қилди. Швеция НАТОга кириши учун курдлар бу қадар оғир товон тўлаши адолатсизлик. Маҳаллий телеканаллардаги чиқишимда кўп бора такрорладим: курдлар Путин ёки Эрдўған каби хавфли эмас», дейди Бакси. Унинг айтишича, эълон қилинган рўйхатдаги 73 кишининг 30 фоизи журналист ва публицистлар. «Туркияга қайтса, улар нафақат қамоққа ташланади, балки ўлгунича қийналиши мумкин. Шахсан мен бунга ишонаман», дейди Бакси.
Ҳаммаси қонун бўйича
Швеция ҳамда Финландия ҳозирча Ражаб Эрдўғаннинг талабларига совуққонлик билан ёндашмоқда. Мигрантлар масаласи бўйича Швеция адлия вазири Морган Юҳанссон экстрадиция масаласини мустақил судлар ҳал қилишини айтди.
«Швецияда қонунчилик мустақил судларга таянади. Швеция фуқаролари экстрадиция қилинмайди. Фуқаролиги бўлмаганлар бошқа давлат томонидан юборилган сўров асосида топширилиши мумкин, лекин бу Швеция қонунчилиги ҳамда Европа конвенциясига зид бўлмаса», дейди Юханссон.
Фото: BRENDAN SMIALOWSKI/AFP VIA GETTY IMAGES
Европа конвенциясида эса инсонлар қийноққа солиниши мумкин эмас деб аниқ қилиб айтилган. Туркия экстрадиция қилинганларни қийнамаслик бўйича кафолат беришига ишониш қийин. 2016 йил амалга ошмай қолган давлат тўнтаришига уринишдан кейин маҳбуслар қамоқхонада уларни қандай қийнашгани ҳақида айтиб берган. Адвокатларнинг сўзларига кўра, қамоқда уларнинг мижозларининг калласини деворга уришган, баданини куйдиришган, сўроқ вақтида бўғишган ва ҳатто иссиқ асфалтга тиззалатиб қўйишган.
Швеция Туркия сўраётган одамларни қайтаришига яна бир жиҳат тўсқинлик қилиши мумкин. Гап шундаки, Швеция аллақачон Туркия томони экстрадиция борасида юборган 33 та сўровдан 19 тасини кўриб чиқиб, одамларни топширишни рад этган. Мамлакат Олий суди эса кўриб бўлинган ишларга қайта тўхталмайди.
Финландия эса охирги 10 йилда Туркияга икки кишини экстрадиция қилган. Швеция ва Финландия мамлакатдаги курдларни Курдистон ишчи партиясига алоқадор деб топиши мумкин, бунга асос ҳам топилади. Лекин уларни Туркияга топшириш учун асос топилиши қийин, чунки бу инсонлар Туркияда қийноққа солинииши эҳтимоли юқори.
Экспертлар фикрича, Ражаб Эрдўған вазиятни тўғри тушуняпти, у финнлар ва шведлар Туркия террорчи деб ҳисоблаб, топширишни сўраётган одамларни бериши қийин эканини ҳам билади. Аммо кейинги йил мамлакатда сайловлар бўлади, Туркияда эса дунёнинг деярли барча давлатларида бўлгани каби иқтисодий ҳолат яхши эмас. Таҳлилчилар Эрдўған ушбу вазиятдан сайловдаги ғалабаси йўлида фойдаланиб қолишини тахмин қилишмоқда. Икки давлатга НАТО йўлини тўсиш ҳам бу режанинг бир қисми бўлиши мумкин: муаммосиз иш қилишни истасангиз, Туркиянинг ички ишларини танқид қилманг, демоқчи бўляпти Туркия етакчиси эскпертлар тахминича.
Булент Кенешнинг фикрича, Эрдўған ўз тарафдорларига у ҳамон кучли эканини кўрсатишни истамоқда: «Эрдўған шу тариқа ўз ўйинини ўйнамоқда. Меморандум тузиш орқали кўриб қўйинглар, мен Ғарб билан мана шундай савдо қиламан, демоқчи тарафдорларига».
Шимолий Суриядаги курдлар вакили бўлган Шияр Али Швециядаги курдлар учун барчаси яхши якунланишига ишонмаяпти. «Менимча, барибир кимнидир Туркияга қайтаришади. Неча киши юборилиши ҳақида эса бир нарса дея олмайман. Биз швед қонунчилигига ишонамиз, лекин шу билан бирга курдлар қайтимга бериладиган тангага айланиб қолишини истамаймиз», дейди у.
Швецияда доимий яшаш гувоҳномаси олишига ишонаётганлар эса ўзидан камроқ хавотир олмоқда. Чунки бундай инсонлар экстрадиция объектига айланмаслиги эҳтимоли юқори.
Манба: Kun.uz “Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
20 ёшли ўзбекистонлик қизни қариндоши Туркияга сотиб юборди
Эрон АҚШдан 1 трлн доллар компенсация талаб қилди
Организм ўзини токсинлардан қандай тозалайди?
Рашида Толиб Конгресс аъзоларига «аччиқ ҳақиқат»нинг суратини кўрсатди
Шимолий Корея Россияга узоққа зарба берувчи қуроллар юборди
Байден ва Жинпинг Перуда учрашди: «Агар бир-биримизни рақиб деб билсак, муносабатларни бузамиз»
Туркия Исроил президенти самолётини ҳаво ҳудудига киритмади
Ижтимоий тармоқлар даврида руҳий саломатликни қандай сақлаш мумкин?