date
views 1 803

АҚШдаги сайловлар: Конгресс ва асосий қарорлар устидан назорат кимда бўлади?

АҚШдаги сайловлар: Конгресс ва асосий қарорлар устидан назорат кимда бўлади?
Фото: BBC
Бугун АҚШда оралиқ сайловлар бўлиб ўтмоқда, Гринвич бўйича соат 10:00 да илк участкалар очилди, соат 11:00 да эса қолганлари. Бу сайловлар кейинги икки йилликда АҚШ Конгрессини ким назорат қилишини белгилаб беради.

8 ноябр – бу шунчаки сешанба эмас, Қўшма Штатларда сайловлар ўтадиган кун. 1845 йилда қабул қилинган қонунга кўра ноябр ойининг иккинчи сешанбасида сайловлар ўтказилиши белгиланган.

Америкаликлар бугунги сайловларда Вакиллар Палатасини тўлиқ янгилайди, Сенатнинг учдан бир қисми қайта сайланади, шунингдек кўплаб штатларда маҳаллий кенгашлар ва губернаторлик учун сайловлар бўлиб ўтади.

Айни вақтда Конгресснинг икки палатаси ҳам демократлар томонидан назорат қилинмоқда, прогнозларга кўра, сайловдан кейин республикачилар Вакиллар палатасида устунликка эга бўлиши мумкин.

Фото: Getty Images
Бу сайловлар натижаси Жо Байденнинг кейинги икки йилликдаги президентлиги ҳамда у олиб борадиган сиёсатга, жумладан Украинада Россия тажовузига қарши курашига таъсир кўрсатиши муқаррар.

Вакиллар палатасидаги 435 нафар аъзонинг барчаси ҳар икки йилда қайта сайланади. Сўнгги икки йилда палатада демократлар кўпчиликни ташкил этишган. Бу одатий ҳолат: янги президент сайланганида кўп ҳолларда унинг партияси Конгресснинг икки палатасини ҳам назорат қилади.

Аммо демократлар конгрессдаги ўз таъсирини сақлаб қолиши имкониятлари юқори эмас - одатга кўра амалдаги президент партияси оралиқ сайловларда мағлуб бўлади. Истисно ҳолат фақат 2002 йилда кузатилган, бу 11 сентябр терактларидан кейинги йил эди, ўшанда кичик Бушнинг машҳурлиги юқори даражада бўлган.

Бундан ташқари, тузилмавий афзаллик бор. Конституцияга кўра, ҳар бир сайлов округида яшовчи сайловчилар сони тахминан тенг бўлиши керак, аммо шу билан бирга ҳар бир штатда камида битта округ бўлиши талаб этилади (аҳоли кам яшовчи штатлар эса бор - масалан, Аляска штатидан фақат бир нафар конгрессмен сайланади). Қолган барчаси штатларга боғлиқ ва штатлардан кўпчилигида бу шуни англатадики, сайлов округлари штат қонун чиқарувчи органида устунликка эга бўлган партия томонидан қисқартирилади (баъзида губернаторнинг вето ҳуқуқи билан).

Бундай амалиёт (унинг алоҳида номи ҳам бор - жерримендеринг) шунга олиб келганки, округларнинг аксарида икки партиядан бири мутлақ имкониятга эга бўлади. Cook Political Report ҳисоботига кўра, демократлар 159 округда, республикачилар эса - 188 тасида ғалаба қозониши кафолатланган. Яна 29 округда демократлар ғалабаси эҳтимоли юқорироқ баҳоланмоқда.

Кўпчилик ўринни сақлаб қолиш учун демократлар яна 30 округда ғалаба қозониши керак бўлади, сўровларга кўра, натижасини олдиндан айтиб бўлмайдиган «беқарор» округлар 35 та ва шундан 10 таси республикачиларга мойил.

35 сенатор қайта сайланадиган Сенат учун кураш натижаси ҳақида эса ишонч билан айтиш қийин. Сўровлар демократлар палатадаги устунликни сақлаб қолиши ёки унинг назорати республикачиларга ўтиши эҳтимолини тенг баҳоламоқда.

Палаталардан бирининг назоратини йўқотиш кейинги икки йилни Байден учун жуда қийинлаштиради, чунки республикачилар унинг ташаббускорлигидаги қонунлар қабул қилинишига йўл бермасдан, ўзлари илгари сурган қонунларни - масалан, абортларни тақиқлаш тўғрисидаги қонунни қабул қилишлари мумкин.

Шунингдек, агар республикачилар Конгрессда кўпчилик овозни қўлга киритадиган бўлса, бу АҚШнинг Украинадаги урушга нисбатан сиёсатини жиддий ўзгартириши мумкин.

4 ноябр куни жоржиялик республикачи ҳамда трампчи бўлган конгрессвумен Маржори Тэйлор Грин украинлар республикачилар таъсирида бўладиган Конгрессдан «сариқ чақа» ҳам ололмаслигини айтди.

Унинг бу қарашлари Республикачилар партиясига бегона эмас: октябр ойида Вакиллар палатасида ҳозирча озчиликни ташкил этадиган республикачилар фракцияси етакчиси ва унинг эҳтимолий бўлажак спикери Кевин Маккарти Конгресс маъмурияти бундан буён Украинага ёрдамни чеклашини айтди.

«Менимча, одамлар таназзулга юз тутмоқда ва улар Украинага карт-бланш бермоқчи эмас. <…> [Байден маъмурияти] мамлакат ичида қилмайдиган ишлар бор. <...> Украина муҳим, лекин шу билан бирга, бу биз қиладиган ягона иш бўлмаслиги лозим ва бунга карт-бланш берилмаслиги керак», деди у бир неча кун олдин.

Дональд Трамп, унинг ўғиллари ёки Fox News телебошловчиси Такер Карлсон каби нуфузли республикачилар ҳам Украинани қўллаб-қувватлаш истиқболларига скептик ёндашади.

АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трамп сайлов арафасидаги сўнгги митингидан фойдаланиб, 2024 йилги президентлик сайловига номзодини қўйиш ниятини билдирди.

Жо Байден ҳам бир неча бор иккинчи муддатга сайланиш нияти ҳақида гапирган. Унга барча ҳам ишонмайди; кўплар 2024 йилга бориб, сайловлардан кейин у 82 ёшда бўлишига эътибор қаратишади. Агар ҳозирги сайловлар натижалари демократлар учун муваффақиятсиз бўлса ва кейинги ойларда Байденнинг рейтинги ўзига келмаса, у партия ичида ҳам кучли босим остида қолади ва нисбатан истиқболли бўлган номзодларга йўл бўшатиб беришига тўғри келади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » АҚШдаги сайловлар: Конгресс ва асосий қарорлар устидан назорат кимда бўлади?