Қозоғистон Россия билан Беларус иттифоқига қўшилиши шарт эмас. Бу ҳақда мамлакат президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев баёнот берди ва Қозоғистонни Иттифоққа қўшилишга чақирган Александр Лукашенко сўзларини «ҳазил» деб атади.
«Мен унинг ҳазилини қадрлайман. Ўйлайманки, бунга ҳожат йўқ, чунки бошқа интеграцион бирлашмалар, биринчи навбатда, Евроосиё иқтисодий иттифоқи бор», деди Тўқаев Шимолий Қозоғистон вилоятига ташрифи чоғида.
Қозоғистон президенти, шунингдек, мамлакат ядровий қуролга муҳтож эмаслигини, чунки ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги халқаро шартномага қўшилганини таъкидлади.
24 май куни Евроосиё иқтисодий форуми йиғилишида сўзга чиққан Тўқаев ЕОИИ доирасидаги интеграциянинг турли даражаларига, жумладан, ҳозирда «ҳатто умумий ядро қуролига эга бўлган Россия ва Беларус иттифоқи «феномени»га» эътибор қаратган эди.
28 май куни Россия пропаганда дастурининг бошловчиси Павел Зарубин Беларус президенти Лукашенконинг Тўқаев баёнотига изоҳини келтирди.
«Агар Қозоғистон ёки бошқа мамлакатлар Беларус ва Россия каби жуда яқин алоқаларга эга бўлишни истаса, бу жуда осон. Беларус ва Россия иттифоқига қўшилиш керак, шунда ҳамма умумий ядро қуролига эга бўлади», деди Лукашенко.
Кремль Тўқаевнинг форумдаги баёнотини изоҳлар экан, Иттифоқ давлати «ЕОИИ ташкилотига қараганда анча ривожланган интеграция даражаси» эканини қайд қилди.
«Бу дунёдаги ноёб ҳолат ва буни эътиборга олиш олиш керак», деди Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков.
- Россия ва Беларус иттифоқи давлати 2000 йил январидан бери мавжуд. Иттифоқ аъзолари умумий парламент, конституция, ягона валюта яратиш масаласини муҳокама қилишган, бироқ ҳозирча бундай келишувни қабул қилишмаган. 2021 йилда Москва ва Минск мамлакатлар интеграциясига қаратилган 28 та иттифоқ дастурини келишиб олди.
- 2023 йил март ойида Россия президенти Владимир Путин Беларусда тактик ядро қуролини жойлаштиришга ваъда берган эди. 25 май куни икки давлат мудофаа вазирлари Сергей Шойгу ва Виктор Хренин тегишли ҳужжатларни имзолади. Кўп ўтмай, Александр Лукашенко Беларусга ядро қуролини топшириш «аллақачон бошланганини» эълон қилди.