20:18 / 22.04.2024
493

АҚШ Украинага 61 миллиард долларлик ёрдам бермоқчи. Бу рақамлар аслида нимани англатади?

АҚШ Украинага 61 миллиард долларлик ёрдам бермоқчи. Бу рақамлар аслида нимани англатади?
Фото: Serhii Mykhalchuk / Global Images Ukraine / Getty Images
АҚШ конгрессининг республикачилар кўпчиликни ташкил этадиган Вакиллар палатаси томонидан Украинага зудлик билан ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги қонунда Киев учун Россия билан курашишга расман 61 миллиард доллар ажратилиши маълум қилинган. Аммо амалда Украина оладиган ёрдам миқдори 2023 йилдагидан ва сўраётганидан камроқ бўлади. «Медуза» Вашингтоннинг Киевга бу ёрдами нимадан иборат бўлиши, Украина қуролли кучлари янги қонун доирасида нималардан умид қилиши ҳамда Доналд Трамп президентликка сайланиши келгусида таъминотга қандай таъсир кўрсатиши мумкинлигини кўриб чиқди.

Америкадан Украинага қурол-яроғ етказилиши нега тўхтаб қолганди?

Жо Байден маъмуриятида 2023 йил охирига келиб пул тугаб қолганди — аммо умуман Киевга ёрдам беришга эмас, балки Украинага қурол етказиб беришда фойдаланиладиган каналларни молиялаштиришга.

Асосий канал АҚШ армияси омборларида сақланадиган қурол ва ўқ-дориларни ҳисобдан чиқаришга асосланган. Қуролларни иттифоқчилар фойдасига «ҳисобдан чиқариш» (President Drawdown Authority, ёки PDA) ҳуқуқи президентга 1961 йилги ташқи ёрдам тўғрисидаги қонун билан тақдим этилган. Ҳужжатда бир йил учун 100 миллион долларлик техника ва ўқ-дориларни «ҳисобдан чиқариш» мумкинлиги кўрсатилган, аммо конгресс бу суммани истаганича ошира олади.

2022 йилда, Россия босқинига тайёргарлик кўрилаётган маҳалда, қонунчилар Байденнинг таклифи билан PDA лимитини 11 миллиард долларга, 2023 йилда, Украина қарши ҳужум режалаштираётганида — 14,5 миллиард долларгача кўпайтирганди.

PDA каналининг асосий устунлиги — етказиб бериш тезлиги ва мослашувчанлиги. Юклаш жараёни президент техника ва ўқ-дорилар етказиш тўғрисида қарор қабул қилганидан кейинги бир кун ичида бошланади, Украинага эса бир ҳафта ёки кўпи билан — бир ойда етиб боради. Хусусан, Украина қуролли кучларининг 2023 йилги қарши ҳужуми учун деярли барча қуролларга беш миллиард доллардан ортиқ маблағ январ ойида тўлаб берилган, май ойига келиб улар Запорижжя ва Донецк областларидаги олдинги позицияларда турганди.

АҚШ мудофаа вазирлигининг Украинага навбатдаги ёрдам пакети ажратиш тўғрисидаги хабарларида мунтазам равишда айнан PDA траншлари тилга олинади. Украина Россияга қарши айнан шу қуроллар билан курашиб келмоқда. Ўтган вақт ичида жами 55 та ёрдам пакети ажратилган.

2023 йилда (катта эҳтимол билан, Украина қуролли кучлари муваффақиятига умид қилган ҳолда) 14,5 миллиард долларлик PDA лимити август ойидаёқ ишлатиб бўлинганди. Аммо муаммони бухгалтерия усулларида ҳал қилишнинг имкони бўлади: Пентагон икки йил давомида етказиб берилган қуролларни бошқача нархларда ҳисоблаб чиқади ва шу тариқа яна олти ярим миллиард доллар «топилади». Бу орқали декабр ойига қадар ёрдам пакетлари ажратишда давом этилади.

2023 йил кузида Байден маъмурияти PDA линияси орқали етказиб бериш учун лимит бюджет йили охирида (октябрда якунланади) якунланмаслигини маълум қилди, бу эса президент ушбу лимит доирасида «ҳисобдан чиқариш»ни 2024 бюджет йилида ҳам давом эттиришини англатарди.

2023 йилги лимит доирасидаги сўнгги пакет (300 миллион долларлик)ни Байден 2024 йил мартида тақдим этди. Аммо шундан кейин ҳам унда яна 4,1 миллиард долларлик қуролларни «ҳисобдан чиқариш» имконияти қолганди. Бу сумма яна бир неча ойга кичик миқдордаги пакетлар юбориб туришга имкон берган бўларди. Аммо Пентагон кейин ўз захираларидан қурол юбормай қўйди.

Гап бошқа харажатлар ҳам PDA билан (юридик эмас, аммо амалда) узвий боғлиқлигида эди: АҚШ мудофаа вазирлигига «ҳисобдан чиқарилган»лари ўрнига янги қуроллар (табиийки, замонавий ва қимматроқ) сотиб олиши учун пул керак эди. Пентагон конгрессга 2023 йил учун ажратилган пуллар декабрдаёқ тугаганини маълум қилган.

Шу тариқа, PDA канали орқали Украина қуролли кучларига тақдим этиш мумкин бўлган 4,1 миллиард доллар музлатилади.

Байден маъмурияти фаол фойдаланадиган яна бир канал амал қилиши давом этади. Гап «Украина хавфсизлигига кўмаклашиш ташаббуси» (Ukraine Security Assistance Initiative, USAI) дастури ҳақида кетмоқда. У АҚШ заводларида Украина учун қуролларга буюртмалар пулини тўлаш имконини беради. Бу дастур бўйича 2022 йилда 6,3 миллиард долларо, 2023 йилда эса 12,1 миллиард сарфланган.

Бу каналдаги муаммо — ёрдам келиб тушиш тезлиги пастлиги: буюртма учун тўлов қилинганидан етказиб беришгача ойлар ва ҳатто йиллар ўтиши мумкин. Аммо у барибир Украина учун муҳим: шундай қилиб, АҚШда артиллерия снарядлари ишлаб чиқаришни оширишга USAI маблағлари ҳисобидан ҳам тўлов қилинмоқда. Бу дастур бўйича HIMARS баравар ўт очиш реактив тизимидан учириш мумкин бўлган кичик диаметрда ҳаракатланувчи бомбаларни ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.

«Украинага ёрдам»нинг жами қиймати бошқа харажатларни ҳам ўз ичига олади — АҚШнинг Шарқий Европадаги қўшинларини сақлаб туриш, Американинг Европадаги бошқа иттифоқчиларига қуроллар етказиб бериш ва ҳоказолар. Бундан ташқари, АҚШ бюджети қурол етказиб бериш билан бевосита боғлиқ бўлмаган Киевга ёрдам ҳақидаги моддаларни ҳам ўз ичига олади. Буларнинг ҳисобига ёрдамнинг қиймати Америка учун 100 миллиард долларга айланади.

Украина янги қонун бўйича амалда нималар олади?

Жо Байден маъмурияти ўтган йил кузидан буён Украинага ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги қонун лойиҳасининг бир неча вариантларини конгрессдан ўтказишга уринди. Охиргиси — сенат томонидан тасдиқлангани — 2024 йил учун PDA лимитини 7,8 миллиард доллар миқдорида белгилашни таклиф этарди. АҚШ ишлаб чиқариш саноатидан Украина учун узоқ муддатда қуроллар сотиб олиш бўйича USAI дастурига эса қарийб 13,8 миллиард доллар ажратиш таклиф қилинган. Бу рақамлар эндиликда Вакиллар палатаси томонидан қабул қилинган қонунга ҳам киритилган.

Пентагон «ҳисобдан чиқарилган» қуролларни сотиб олиш учун пул олади (қонуннинг турли моддаларига кўра 20 миллиард доллардан ортиқ). Бу шуни англатадики, PDA канали бўйича 2023 йилда ишлатилмай қолган ва вақтинча музлатилган 4,1 миллиард долларни ишлатса бўлади. Шу тариқа, Киев қуйидагиларни олиши мумкин:
  • АҚШ мудофаа вазирлиги омборларидан қарийб 12 миллиард долларлик «тезкор» етказмалар (амалда — камроқ бўлиши мумкин, бу ҳақда қуйида келтирилади);
  • Америка заводларидан кейинги бир неча йил ичида етказиб бериладиган қуроллар учун қарийб 14 миллиард доллар. PDA канали бўйича Киев назарий жиҳатдан 2023 йилда қанча олган бўлса, шунча қурол олиши мумкин (ўшанда 12,1 миллиард доллар атрофида маблағ ажратилганди). Аммо PDA лимити фақат Украинагамас, балки АҚШнинг бошқа иттифоқчилари — биринчи навбдатда Исроил ва Тайванга ҳам тааллуқли. Тайван 2023 йилда ушбу канал бўйича 345 миллион долларлик қурол олган.

2025 йил бошида Украинага PDA бўйича етказмалар бутунлай бекор қилиниши ҳам мумкин. Доналд Трамп агар яна АҚШ президентлигига сайланадиган бўлса, айнан шундай қилишини айтган.

Тўғри, шу билан бирга, ёрдам кўрсатиш тўхтаб қолмаслиги ҳам мумкин — фақат уни кўрсатиш методикаси ўзгаради. Бунинг учун республикачилар томонидан тузилган ҳозирги қонунда «қарзга етказиб бериш» ҳақидаги модда киритилган. Унга кўра, Украина қарзга саккиз миллиард долларлик қурол олиши мумкин бўлади. Шу билан бирга, қарздан кечиб юборилиши мумкин (50 фоизидан кечишга президент, қолган ярмидан кечишга — конгресс ҳақли).

Байденнинг маъмурияти қарз схемасидан фойдаланмаган: хусусан, 2022 йилда конгресс республикачилар ташаббуси билан Украинага «ленд-лиз» бўйича қурол бериш тўғрисидаги қонунни қабул қилганди (урушда йўқотилган қуроллар учун қарзни кечиб юбориш кўзда тутилган), аммо Оқ уй бу қонун бўйича бир цент ҳам сарфламаган.

Украинага янги ёрдам пакети нималарга етади?

АҚШ Киевга янада қимматроқ қуроллар беради.

Конгресс томонидан қабул қилинган қонун Байденга Украинага HIMARS баравар ўт очиш реактив тизимлари учун узоқ масофага ҳаракатланувчи ATACMS ракеталарини бериш мажбуриятини юклайди.

Евроиттифоқ мамлакатлари Киевга F-16 самолётларини бергач, АҚШ ушбу техникаларни қимматбаҳо ўқ-дори ва эҳтиёт қисмлари билан таъминлаши керак бўлади.

Катта эҳтимол билан, яқин ойларда Украинанинг танклар ва жанговар пиёдалар машиналари бўйича йўқотишларини айнан Америка тўлдиришига тўғри келади.

Шунингдек, Украина қуролли кучлари узоқ масофадаги нишонлар билан ишловчи ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини жиддий кучайтириши талаб этилади — ўнлаб километрлардан узоқ масофага ҳаракатланувчи авиабомбалар қўллаётган Россия авиациясига қарши туриш учун. Ғарбда бу вазифани ҳал қилиш учун ягона вариант — Американинг Patriot комплексларини етказиб беришдир.

Шу тариқа, 2023 йилдаги каби маблағлар эвазига Киев 2024 йилда камроқ қурол олишига тўғри келади (лекин сифат жиҳатдан яхшироқ). Бу шуни англатадики, Украина қуролли кучлари яқин вақтлар ичида кучли ҳужумкор гуруҳ ташкил эта олмайди (шу билан бирга, эслаш мумкинки, 2023 йил ёзига қадар тузилган, 15–18 та бригададан иборат катта гуруҳ ҳам Россия мудофаасини ёриб ўтиш учун етарли бўлмаганди).

Ёрдам ҳажмини ошириш учун жисмоний чекловлар ҳам мавжуд: хусусан, Украина қуролли кучларининг ёзги юриши кўп жиҳатдан Жанубий Кореядан (АҚШ пуллари эвазига) харид қилинган артиллерия снарядлари билан таъминланганди. Американинг ўзида ҳам снарядларни ишлаб чиқариш ҳажми режа бўйича оширилмоқда — аммо секин. 2024 йилда АҚШ ва Европа Иттифоқидаги заводлар Украина талабларини қондира олмайди.

Аммо етарли бўлмаган ёрдам ҳам ёрдам умуман бўлмаслигидан яхшироқ. Украина (сенат қонунни тасдиқласа) яқин вақт ичида ўз мудофаасини кучайтириш ва фронтни қулашдан сақлаб қолиш имконини берувчи воситаларга эга бўлади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » АҚШ Украинага 61 миллиард долларлик ёрдам бермоқчи. Бу рақамлар аслида нимани англатади?