17:17 / 26.09.2024
21

Тадқиқот: дунёда ҳар уч боладан бири узоқни кўра олмаслик муаммосидан қийналади

Тадқиқот: дунёда ҳар уч боладан бири узоқни кўра олмаслик муаммосидан қийналади
Фото: Getty Images
Бутун дунёда болаларнинг кўриш қобилияти мунтазам равишда ёмонлашиб бормоқда: ҳар уч боладан бири узоқни яхши кўра олмаслик муаммосидан азият чекади, деб хабар берди BBC глобал таҳлил натижаларига таяниб.

Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, COVID-19 сабабли киритилган карантин болаларнинг кўриш қобилиятига салбий таъсир кўрсатган, чунки улар кўп вақтини экран олдида ўтказиб, очиқ ҳавога камроқ чиқишган.

Тадқиқот узоқни кўрмаслик ёки миопия касаллиги Жаҳон соғлиқни сақлаш тизимининг тобора ёмонлашаётган муаммосига айланаётгани, 2050 йилга келиб бу яна миллионлаб болаларга таъсир кўрсатиши ҳақида огоҳлантирди.

Энг юқори кўрсаткичлар Осиёда кузатилмоқда: Японияда 85 фоиз, Жанубий Кореяда 73 фоиз болалар узоқни кўра олмасликдан азият чекади, Хитой ва Россияда эса бу 40 фоиздан ортиқни ташкил қилади.

Парагвай ва Угандада миопиянинг энг паст даражаси қайд этилган (тахминан 1 фоиз), Буюк Британия, Ирландия ва АҚШда 15 фоиз атрофида.

British Journal of Ophthalmology журналида чоп этилган тадқиқотда олти қитъанинг 50 мамлакатидан беш миллиондан ортиқ болалар ва ўсмирлар иштирок этди. Ҳисоб-китобларга кўра, 1990 йилдан 2023 йилгача узоқни кўра олмаслик даражаси уч баравар кўпайиб, 36 фоизга етган. Тадқиқотчиларнинг айтишича, бу ўсиш COVID-19 пандемиясидан сўнг “айниқса яққол” кўзга ташланган.

Миопия одатда бошланғич синф ёшида пайдо бўлиб, кўз ўсишдан тўхтагунга қадар, яъни тахминан 20 ёшгача зўрайиб бориш тенденциясига эга. Бу касалликка чалиниш эҳтимолини оширадиган қатор омиллардан бири — Шарқий Осиёда яшаш.

Бу генетикага ҳам боғлиқ — болалар касалликни ота-оналаридан мерос қилиб олади. Аммо бошқа омиллар ҳам мавжуд. Масалан, Сингапур ва Ҳонгконг каби жойларда болалар жуда эрта, яъни икки ёшидан бошлаб таълим ола бошлайди. Ёш болалар китоб ва экранларга қарашга кўп вақт сарфлайди. Бу эса кўз мушакларини зўриқтиради ва натижада узоқни кўрмаслик муаммосини келтириб чиқариши мумкин.

Мактаб таълими олти-саккиз ёшдан бошланадиган Африкада узоқни кўра олмаслик ҳолати Осиёга нисбатан етти баробар камроқ учрайди.

Ковид пандемияси сабабли миллионлаб одамлар узоқ вақт уйда қолишга мажбур бўлган вақтда болалар ва ўсмирларнинг кўриш қобилияти ёмонлашган.

Олинган маълумотлар пандемия ва ёшлар орасида кўриш қобилиятининг жадал ёмонлашуви ўртасида эҳтимолий боғлиқлик борлигини кўрсатмоқда”, — деб ёзади тадқиқотчилар.

Прогнозларга кўра, 2050 йилга келиб ушбу касаллик бутун дунё бўйлаб ўсмирларнинг ярмидан кўпроғини қамраб олиши мумкин.

Тадқиқотда айтилишича, қизлар ва ёш аёлларда кўрсаткичлар ўғил болаларга қараганда юқори бўлиши мумкин, чунки улар улғайган сари очиқ ҳавода камроқ вақт ўтказади.

Бундан ташқари қизларнинг ўсиши ва ривожланиши, жумладан жинсий балоғатга етиши эртароқ бошланади, шунинг учун уларда ёш пайтиданоқ узоқни кўролмаслик ривожланиши эҳтимоли баланд.

2050 йилга келиб Осиёда бошқа барча қитъалар билан таққослаганда миопиянинг энг юқори даражаси қайд этилиши (деярли 69 фоиз) кутилаётган бўлса-да, ривожланаётган мамлакатларда ҳам бу кўрсаткич 40 фоизга етиши мумкин, дейди тадқиқотчилар.

Боланинг кўриш қобилиятини қандай ҳимоя қилиш мумкин?

Британиялик офталмологларнинг сўзларига кўра, болаларда узоқни кўра олмаслик хавфини камайтириш учун, уларни, айниқса етти ёшдан тўққиз ёшгача пайти кунига камида икки соат очиқ ҳавога чиқариш керак.

Натижага айнан нима таъсир кўрсатиши аниқланмаган — бу табиий қуёш нури ҳам, очиқ ҳавода жисмоний машқлар бажариш ёки болаларнинг узоқдаги нарсаларга кўпроқ қараши ҳам бўлиши мумкин.

Очиқ ҳавода болаларга чиндан фойдали бўлган нимадир бор”, — дея таъкидлади Британия оптометристлар коллежининг клиник маслаҳатчиси Дэниел Ҳардиман-Маккартни.

У ота-оналарга етти ёшдан ўн ёшгача бўлган даврда болаларнинг кўриш қобилиятини қайта текширишни ҳам тавсия этди. Ота-оналар шуни ҳам эътиборга олиши лозим — узоқни кўрмаслик ирсий касаллик ҳисобланади. Агар сиз узоқни кўрмасликдан азият чексангиз, фарзандларингизда бу ҳолат учраши бошқаларга нисбатан уч баробар кўпроқ.

Миопияни даволаш имконсиз, аммо уни кўзойнак ёки контакт линзалар ёрдамида тўғрилаш мумкин.

Махсус линзалар кичкина болаларда узоқни кўриш қобилиятининг ёмонлашишини секинлаштириши ва кўзнинг яхшироқ ривожланишини рағбатлантириши мумкин, бироқ улар қиммат. Осиёда бундай махсус линзалар жуда оммалашган бўлиб, у ерда очиқ ҳавода таълим олишга тақлид қилувчи шиша деворли синфлардан ҳам фойдаланилади.

Хавотирли томони шундаки, миёпиянинг юқори даражаси кексалик пайтида кўплаб ғайриоддий кўз касалликларига олиб келиши мумкин.

Узоқни кўра олмаслик белгилари қандай?

· Узоқроқ масофадаги сўзларни ўқишда қийналиш, масалан, мактабда доскадаги ёзувларни ўқий олмаслик;
· Телевизор ёки компютерга яқин ўтириш ёхуд мобил телефон ва планшетни юзга жуда яқин тутиш;
· Бош оғриши;
· Кўзларни тез-тез ишқалаш.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Тадқиқот: дунёда ҳар уч боладан бири узоқни кўра олмаслик муаммосидан қийналади