Кимё бўйича бу йилги Нобел мукофоти Сусуму Китагава, Ричард Робсон ва Омар Ягҳига топширилди. Улар глобал муаммоларни ечишга катта салоҳиятга эга бўлган янги авлод материаллари — металлорганик каркаслар (MOF)ни яратиб, фан ва ҳаёт ўртасидаги масофани янада қисқартиришди.
MOF — бу металл ионлари ва органик боғламлардан тикланган улкан «панжара» тузилмалар бўлиб, ичи ғоят кўп бўшлиққа эга. Оддий қилиб айтганда, бу молекуляр даражадаги улкан «губка»: газлар ёки бошқа кимёвий заррачалар шу тешикчалардан бемалол ўтиши, танланиб ёпишиши ёхуд сақланиши мумкин.
Нимага керак дейсизми? Қўлланиш соҳалари жуда реал ва долзарб:
Чўл-шўраларда ҳаводан нам йиғиш — ичимлик суви манбаи.
Атмосферадаги карбонат ангидридни тутиб қолиш — иқлимни асрашга хизмат.
Заҳарли газларни хавфсиз сақлаш — саноат ва хавфсизлик учун қўл келади.
Кимёвий реакцияларни тезлатиш — арзонроқ, тоза ва самарали технологиялар сари қадам.
Бу учлик MOF’ларнинг ғоваклиги ва «ақлли» танлаш қобилиятини намоён қиладиган тузилмаларни илмий асосда қурди, уларни амалиётга яқинлаштирди. Шу туфайли MOF концепцияси лабораториядан чиқиб, сув таъминоти, экология, саноат хавфсизлиги ва яшил кимёга хизмат қила бошлади.
Қисқаси, Китагава–Робсон–Яғҳи илмий иши фақат назария эмас, балки эртанги куннинг ишончли ускунасига айланиб бораётган технологиядир. Инсоният эса бу «молекуляр губка»лар орқали ҳаводан сув олиш, CO₂ни камайтириш ва хатарли моддаларни назорат қилишда янги босқичга чиқиши мумкин.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!