Туя гўшти еган «Брексит» (1-мақола)

  • 13 сентябрь 2019, 08:43
  • 893
  • Дунё
  • Туя гўшти еган «Брексит» (1-мақола)
    Фото: «kommersant.ru». Брекситга қарши намойиш.
    «Туманли Альбион»нинг Европа Иттифоқидан ажралиш жараёнини узоқ вақтдан буён бутун дунё диққат билан кузатиб турибди. Аммо у уч йилдан ортиқ давр мобайнида чўзилгандан чўзилиб, боши берк кўчага кириб қолди.
    Бир пайтлар дунёнинг ярмини идора қилган энг қудратли давлат эндиликда халқаро аҳамиятга боғлиқ битта муҳим қарорни ҳам қабул қилиб-қилолмай ўтирибди.

    Дэвид Кэмерон. Фото: «inosmi.ru»
    Собиқ бош вазир Дэвид Кэмерон ўйлаб топган бу иш унинг ўзини ҳам, сиёсий меросхўри Тереза Мэй хонимни ҳам истеъфога равона қилди. Хоним уч бора ЕИдан чиқиш лойиҳасини парламентда тасдиқлата олмади ва ортга чекинди. Ўзи Лондон шу йилнинг 29 мартига қадар Иттифоқдан чиқиб кетиш керак эди. Бу муддатда вазифа уддаланмади. Кейин эса якуний фурсат 31 октябрь қилиб белгиланди. Ҳозир бу ҳам амалга ошмайдиган кўринади.

    Тереза Мэй. Фото: «inosmi.ru»
    Чунки 24 июлда ҳокимиятга келган Борис Жонсон э йўқ, бе йўқ, Европа Иттифоқи таркибидан ҳеч қандай шартномасиз – «Қаттиқ Брексит» орқали ва октябрь ойи охирига қадар тезлаштирилган шаклда чиқиб кетишини айтиб, янги муросасиз йўлни танлади.

    Гап шундаки, ЕИдан чиқиш ташаббуси ўшанда ўтган референдумда аҳолининг икки фоиз устунлиги билан қабул қилиб юборилган эди. Ҳозирда халқ ҳам, сиёсий элита ҳам бу қарор хато бўлганини ва чиқиш максимал оғриқсиз ва асоратсиз кечиши кераклигини таъкидламоқда.

    Мухолиф Лейбористлар партиясини 4 йилдан буён бошқариб келаётган етакчи Жереми Корбин эса мамлакат тақдирини Европа билан чамбарчас боғлиқлигини айтиб, Брексит бўйича қайта референдум ўтказиш тарафдори бўлмоқда.

    Биринчи зарба белларигача....
    Биринчи зарба – Борис Жонсоннинг парламентга навбатдан ташқари сайловларни ўтказиш режаси рад этилгани бўлди. Агар Умумий палата сайловларга розилик билдирганида эди Жонсон ЕИнинг 17-18 октябрдаги ҳал қилувчи саммитида устун позицияга эҳтимол ўтиб олишга улгурган бўларди.

    Бош вазир Борис Жонсон Иттифоқдан чиқиш бўйича бундай шошилинч ва ҳеч бир хат-ҳужжатсиз янги режасини парламент маъқулламади. Унинг қуйи палатада ҳукумат кўпчилигини шакллантира олмагани бунинг бош сабаби бўлди.

    Шу сабабли у парламентга 15 октябрда муддатидан аввал янги сайловлар ўтказилса, консерваторлар партияси кўпчилик ўринларни эгаллайди, деб ҳисоблади ва бу таклифни киритди. Аммо бу режасига ҳам қонунчилар маъқулламади.

    Янги сайловларни ўтказишни белгилаш учун Умумий палата аъзоларининг учдан икки қисми парламентни тарқатиб юбориш учун овоз бериши керак. Гарчи илгари мухолиф лейбористлар етакчилари янги сайловларни истаб келган бўлса-да, аммо ҳозир улар бунга тайёр эмаслигини билишиб, ўз режасидан воз кечиб турибди.

    Консерваторларга парламент кўпчилигини шакллантириш учун 326 та ўрин олиш етарли бўларди. Агар парламентда ана боринг-ки, 311 та ўринни эгаллашса, мафкурафий ҳаммаслаклари – «Брексит партияси» кўпроқ овоз олиш эҳтимоли туфайли улар билан коалиция тузишлари мумкин бўларди. Ҳозир эса консерваторлар қуйи палатадаги 650 жойдан 316 ўринни банд этиб, оддий кўпчиликни ҳам ташкил эта олмаяпти.

    Овозларда устунликка эга бўлмаган бош вазирлар Британия сиёсий тизими анъаналарига кўра, ишончсизлик вотуми орқали ҳукуматдан четлаштирилади. Жонсон у ҳолатда икки қўлини кўтариб, истеъфога кетишига тўғри келади. Агар мухолифат буни уддалай олмаса, Жонсон ўзини ҳайдаб юборишга урунишларидан дахлсизликка – олти ойлик иммунитетни қўлга киритади.

    Борис Жонсон. Фото: «russian.rt.com»
    Агар ишончсизлик вотуми маъқулланса, Жонсон тарихда энг қисқа бош вазир бўлган сиёсатчи сифатида шарманда бўлиши мумкин. Тўғри, унга қадар 1834 йилда таниқли саркарда, герцог Артур Веллингтон 23 кун бош вазир бўлган. Вотумдан кейин 14 кун ичида янги бош вазирни топиш керак бўлади ва бирор сиёсатчини тасдиқлаш учун депутатларнинг кўпчилик овози зарурдир.

    Консерваторлар палатада кўпчилик овозга эга эмас экан, унда лейбористлар, либерал-демократлар, Шотландия миллий партияси, валлийлар партияси, яшиллар бирлаша олса назарий жиҳатдан улар янги умумий етакчини тайинлашлари ва вақтинчалик коалицион ҳукуматни тузишлари мумкин бўлади. Лекин уларнинг барчаси боши бир жойга қовушиши ҳали тарихда бўлган эмас.

    Эҳтимолий вотумдан сўнг айни пайтда ҳукумат учун энг мақбул номзод, бир неча йиллар вазир бўлиб ишлаган Кен Кларкдир. Бироқ энг йирик мухолиф партия етакчиси сифатида Корбин бу ғояга қарши бўлмоқда ва ҳукуматни айнан унинг ўзи бошқариши кераклигини айтмоқда. Лейборист Корбин «Шотландия миллий партияси», «Уэльс партияси», мустақил депутатлар, айрим мўътадил консерваторлар, «Ўзгаришлари мустақил гуруҳи» билан келишиб олди.

    Бахтга қарши, Борис Жонсоннинг рақиблари якдил ва қудратли эмас. Шу сабабли биринчи зарба ҳали ҳалокатли эмас, уни ўйлаб кўриш учун қўшимча вақти борлигини кўрсатмоқда.
    Боз устига, янги сайловлар ўтган тақдирда ҳам консерваторлар умумий кўпчиликни ташкил қила олишига кафолат йўқ эди...

    Иккинчи зарбада елкаларигачами?
    Жонсон ўз режасини амалга ошириш учун аниқ ечим ва тўғри йўлни кўрмагач, сиёсий ўйинлар орқали «Қаттиқ Брексит»ни амалга оширишга киришди. У парламентни четлаб ўтишга, 31 октябрга қадар қонунчилик ҳокимияти аралашувисиз ЕИдан чиқиб кетишга қарор қилди.

    28 августда бош вазир қироличадан парламент ишини 5 ҳафтага тўхтатиб қўйишни илтимос қилди ва монарх уни қўллаб-қувватлади. Парламент ишида 9 сентябрдан 14 октябргача танаффус эълон қилинди. Одатда бу каби дам олишлар икки ҳафтадан ортиқ бўлмас эди. Парламентнинг 5 ҳафталик «мажбурий таътили» сўнгги ярим асрда илк бора рўй бермоқда.

    Лейбористлар уни ўз режаларини амалга ошириш учун бир ой давомида депутатлар назоратисиз ҳокимиятни эгаллаб туришда айбламоқда. Жонсонни машҳур диктатор Пиночетга, фашист Гитлерга қиёслашмоқда. Мухолифат ва фуқаролик фаоллари бу сиёсий манёврни «давлат тўнтариши ва демократия»га суиқасд деб қарамоқда.

    Жереми Корбин. Фото: «dw.com»
    Лейборист Корбин айтишича, ЕИдан ҳеч қандай келишувсиз чиқиб кетилса, бу мамлакат учун оғир оқибатларга олиб келади ва буни консерваторлар етакчиси ҳаммадан яширмоқда.

    Британияда депутатлар биздагидек анойи эмас экан. Улар ҳам ўйинга қарши жавоб чорасини зудлик билан қўллаб юборишди. Таътилга жўнашдан олдин Борис Жонсоннинг Иттифоқдан битимсиз чиқиб кетиш бўйича қатъий режасини таъқиқлаш ҳақидаги қонунни уч ўқишда маъқуллаб қўйишди. 327 нафар депутат уни унга овоз берди, 299 нафари қарши чиқди. Жонсон 434 та овоз олсагина эркин ҳаракатланиш бўйича режасига эришар эди. Қонун лойиҳаси Юқори, яъни Лордлар палатасида ҳам маъқулланди, Қиролича ҳам бош вазирнинг ёнини олиб ўтиргани йўқ.

    Агар тўсиқлар бўлмаганида Британия Европа Иттифоқини ҳар қандай ҳолатда ҳам 31 октябрда автоматик тарзда тарк этар эди. Энди қабул қилинган қонунга кўра, бош вазир 19 октябрга қадар парламентга Брексит бўйича янги режасини қайта тақдим этиши керак.

    У яна тасдиқланмаса, чиқиш муддатини яна уч ойга 2020 йил 31 январга қадар узайтиришни сўраб Брюсселга илтимоснома юборишига тўғри келади. Бюрссель рози бўлиши учун эса «Қаттиқ Брексит»ни юмшатиш ва ён бериш, қўшимча музокаралар раундларини олиб бориш талаб этилади. Бу эса Жонсоннинг сайлов олдидаги асосий ваъдаси муваффақиятсизликка учраганини, сиёсий суицидни англатади...

    «Палаталар ўз сўзини айтди. Энди бош вазир қонунни бажаришини ва битимсиз Европа Иттифоқидан чиқиб кетишнинг олдини олишини кутамиз», дейди депутат Хилари Бенн.

    Жонсон эса катта битим бўлмаслигини, балки ҳар бир соҳалар ёки мамлакатлар билан кичик-кичик келишувлар бўлишига шаъма қилмоқда. Ҳатто Францияда бўлиб ўтган G7 саммитида у аввал келишилган ва 2020 йил охирига қадар Европа Иттифоқига контрибуция сифатида 39 миллиард евро тўламаслигини ошкор қилган эди. Парламент эса бош вазирнинг бу сўзларини йўққа чиқаргач, расмий Брюссел энди унинг имкониятларига ишонмай қўйди.

    Фото: «ANADOLU AGENCY»
    Консерваторлар пароканда бўлмоқда
    Жонсоннинг ҳеч қандай битимсиз ЕИдан чиқиб кетиш ғояси консерваторлар ўртасида зиддиятни пайдо қилиб, маслакдошларнинг бўлинишига олиб келмоқда.
    Улар орасида Жонсон доимо ҳавас ва тақлид қилиб келадиган, афсонавий собиқ бош вазир Уинстон Черчиллнинг набираси Николас Соумс ҳам бор.

    Аммо тақлиднинг беўхшовлиги шунчаки, иккинчи жаҳон урушидан кейин айнан Черчилль Европа Қўшма Штатларини тузиш ғоясини билдирган, фақат қитъа мамлакатлари бирлашуви янги вайронкор урушдан асраб қолиши ҳақида фикр билдирган эди. Замонавий сиёсатчи эса бунинг тескарисини қилмоқда.

    Жами 21 нафар консерватор депутат партия паттасини топширди. Бундан ташқари, собиқ молия вазирлари Кеннет Кларк ва Филип Хэммонд, собиқ адлия вазири Дэвид Гок, собиқ адлия вазири ўринбосари Филипп Ли, собиқ ташқи ишлар вазири ўринбосари Алистер Берт каби таниқли арбоблар ҳам бу сафдан кетишди.

    Фото: «eadaily.com»
    Улар Жонсоннинг партияни ва ҳукуматни бошқариш услубидан, умуман унинг қобилиятсизлигидан норози бўлишяпти. Энг қизиғи, консерваторларнинг айрим етакчилари ҳам Европа Иттифоқидан чиқишни истамаяпти ёки интеграциянинг у ёки бу шаклини барибир сақлаб қолиш тарафдори бўлишяпти. Улар, содда қилиб айтганда, Европа бозорини кўзлаган Британия бизнеси манфаатларини ҳимоя қилишмоқда.

    Масалан, консерватор Кен Кларк Брекситдан кейин Европа Иттифоқи божхона иттифоқи таркибида Британиянинг сақланиб қолишини таклиф этмоқда.

    Британияликлар қонунлар ва парламентни четлаб ўтувчи сиёсатчиларга нисбатан жуда жиддий ва салбий ёндашади. Салкам ўн йил Лондон шаҳри мэри ва икки йил ташқи ишлар вазири бўлган Жонсоннинг, афсуски, сиёсат майдонидаги обрўси тушмоқда.

    Мухолифат эса Брексит бўйича мавжуд қарама-қаршиликдан фойдаланиб, Жонсон ҳукуматини камситмоқда ва сиёсий реванш оляпти.

    Ҳатто университетлар ва илм-фан вазири Жо Жонсон ҳам ўз акаси сиёсатига қарши бўлиб, оилага садоқати ва миллий манфаатлар ўрасидаги қарма-қаршилик туфайли истеъфога кетганини билдирди.

    Собиқ ташқи ишлар вазири, мўътадил консерватор, партия ичида етакчилик учун асосий Жонсонга асосий рақиб Жереми Хант ЕИ билан келишув шартларини ўзгартириш бўйича музокараларни давом эттиришни истамоқда. Унинг муросасозлиги натижасида келгусида консерваторлар ичидан бош вазир бўлиш имконияти ошмоқда.

    Либерал-демократик партия собиқ етакчиси Винс Кэбл эса агар Британиянинг Жаҳон савдо ташкилотига иштироки «Қаттиқ Брексит» оқибатларини енгиллаштира олсагина ЕИ таркибига қайтиш бўйича референдум ўтказиш ғоясидан воз кечишини билдирди.
    (Давоми бор)
    А.Ҳасан ўғли
    халқаро шарҳловчи

    Манба: Xabar.uz

    Facebook орқали авторизация
    Маълумот

    Посетители, находящиеся в группе Гости, не могут оставлять комментарии к данной публикации.
    » » Туя гўшти еган «Брексит» (1-мақола)