Страва ИПО олдидан сунъий интеллект скреперларига қарши кураш бошлади

Сунъий интеллект (AI) компаниялари ўз моделларини ўқитиш учун улкан маълумотлар тўпламига эҳтиёж сезмоқда. Ушбу эҳтиёжни қондириш мақсадида кўплаб стартаплар интернет қоидаларини, жумладан, robots.txt файлларини четлаб ўтиб, маълумотларни агрессив тарзда скрепинг қилмоқда. Фитнесс ва ижтимоий югуриш платформаси Страва ушбу муаммога қарши кескин чоралар кўришини эълон қилди. Бу ҳақда Techcrunch.com хабар беради.
Компания ўз веб-сайти хавфсизлигини ошириб, эндиликда оммавий профиллар ва клублар рўйхати каби маълумотларни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар кўра олишини жорий қилди. Илгари ушбу маълумотлар очиқ эди, бироқ рухсатсиз AI скрепингидан ҳимояланиш учун улар аутентификация ортига яширилди. Шунингдек, Страва дастурчилар учун API киришини пуллик қилиб, ойига 11.99 доллар миқдорида тўлов белгилади.
Страва бош директори Майкл Мартин TechCrunch нашрига берган интервюсида назоратсиз AI скрепинги очиқ интернетнинг таназзулига сабаб бўлиши мумкинлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, AI компаниялари маълумотлар тўплаш йўлида сайт унумдорлигини пасайтирмоқда ва ҳатто API шартларини бузган ҳолда тизимга киришга уринмоқда. Мартин, айниқса, Perplexity стартапини тақиқларга қарамай, турли хизматлар орқали маълумотларни яширинча йиғишда айблади.
Компания баъзи API нуқталарини ёпишни ва Модел Контехт Proтокол (МКП) стандартини жорий этишни режалаштирмоқда. Бу Стравага қайси маълумотлар қандай улашилишини яхшироқ назорат қилиш имконини беради. Гарчи бу ўзгаришлар учинчи томон иловалари яратувчилари томонидан норозилик билан кутиб олинган бўлса-да, компания фойдаланувчи маълумотларини ҳимоя қилиш ва ИПО олдидан ўз ресурсларини тартибга солишни устувор вазифа деб ҳисобламоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!