10:00 / 02.08.2020
2 490

Япония коронавирус туфайли «ақлли дафн» амалиётига ўтди

Япония коронавирус туфайли «ақлли дафн» амалиётига ўтди
Коронавирус эпидемияси нафақат инсонлар ҳаётига, балки уларнинг дафн маросимларига ҳам таъсир ўтказмоқда. Масалан, дафн маросимлари ўзгариб бораётган Япониядаги «ақлли дафн маросимлари»ни бунга мисол сифатида келтириш мумкин.

Японияда дафн маросими жуда аҳамиятли маросим ҳисобланади. Одатда, вафот этган киши сўнгги кечада ўз уйида қолади ва эртаси куни эрталаб дафн маросими ўтказиладиган жойга, сўнг эса крематорийга олиб борилади.

Бироқ коронавирус тарқалиши туфайли Япониядаги кўплаб дафн маросими уйлари мазкур жараёнга жиддий ўзгартиришлар киритишга мажбур бўлмоқда.

Чекловлар туфайли маросимга жисмонан қатнаша олмайдиган одамларнинг илтимосларига биноан Zoom орқали кузатилиб борилаётган дафн маросимлари эндиликда янги бир тижорий ишга айланди.

Токиодаги Life Ending Technologies компанияси бугунги кунга қадар 50дан ортиқ «ақлли дафн маросимлари»ни ўтказиб берди. Компаниянинг таъкидлашича, 2 апрель куни эълон қилинган фавқулодда вазият туфайли давлатлараро саёҳат тақиқланиши ортидан аксарият одамлар ўз қариндошларининг дафн маросимларида қатнаша олишмаган.

Энди бу каби одамлар компьютер орқали маросимни томоша қилишлари ва марҳумнинг руҳига тутатқи тутатишлари мумкин.

Нагоядаги дафн маросимини олиб борувчи ходим Юки Нишида чет элда яшаган ва эпидемия сабабли Японияга қайтиб кела олмаган мижози ҳақида шундай дейди: «Дафн маросимида марҳум ҳақида унинг дўстлари ва қариндошлари қандай фикрда экани баён этилгани боис бу ишни виртуал муҳитда ҳам амалга ошириш мумкин».

Шунингдек, Осакадаги Hotel Relation меҳмонхонаси эндиликда мижоз сифатида тирик инсонларни эмас, вафот этганларни қабул қилмоқда. Ушбу «дафн меҳмонхонаси»да ўтказиладиган жаноза маросимларида марҳумнинг қариндошлар тобут ёнида қисқа вақт давомида хавфсиз мотам тутиш имконига эга бўлишлари мумкин.

Мутахассисларнинг фикрига кўра, дафн маросими қариндошларга бир-бирлари билан ҳасратлашиш ва шу орқали қайғуларини енгиллаштиришга ёрдам беради.

«Дафн маросимида иштирок этувчилар сони камайиб, марҳумнинг ёнида етарлича бўлинмаётгани ва у билан хайрлашиш имконияти йўқолгани боис марҳумнинг яқинлари янада кучли қайғуни бошдан кечиришлари мумкин», дейди жаноза ходими Чисато Сава.

Бошқа бир мисолда, Япониянинг Ҳоккайдо оролида коронавирусдан вафот этган 80 ёшли аёлнинг дафн маросимини ўтказиб берган жаноза уйи ходимлари марҳумнинг карантин туфайли уйдан чиқа олмаган ўғлига маросимини экран орқали намойиш этиб беришди ва онасининг кулини унга олиб келиб топширишди.

Японияда дафн маросимидан 49 кун кейин марҳумнинг яқин қариндошлари ҳамда дўстлари иштирок этадиган маросим ўтказилади. Одатда, ушбу маросимда руҳонийлар Буддист ибодатлари (сутра)ни ўқишади.

Аммо эпидемия хавфи туфайли бу одат йўқ бўлиб кетишини истамаганлар эпидемия бошланишидан аввал яратилган Япониянинг илк робот-руҳонийси Буддист Пеппер ва биринчи андроид-руҳоний Миндарни «ишга солишмоқда». Шунингдек, Японияда WhatsApp’га ўхшаш бепул дастур – Линеда ваъз қилувчи ва дуо ўқувчи руҳонийлар ҳам мавжуд.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Япония коронавирус туфайли «ақлли дафн» амалиётига ўтди