07:54 / 11.01.2022
1 583

Пластик чиқиндиларни «ейдиган» микроорганизмлар инсониятга ёрдамга келмоқда

Пластик чиқиндиларни «ейдиган» микроорганизмлар инсониятга ёрдамга келмоқда
Фото: chaiyapruek/Depositphotos
Сайёрамиз биздан ёрдам кутишдан чарчади чоғи, ўзини ўзи даволашни бошлаяпти. Ер юзини тобора қоплаб бораётган пластик чиқиндилар одамзодга қўрқинчли келажакни ваъда қилаётгандек. Бироқ инсоният ҳозирча бу муаммога етарли эътибор қаратмаяпти. Океанларда пластик чиқиндилардан иборат катта-катта ороллар вужудга келиб, кун сайин кенгайиб боряпти. Вазият таҳликали тус олаётганини кўпчилик ҳис қилмаяпти. Шунинг учун ҳам она табиат ўз ҳимояси учун курашни бошлаб юборган.

Олимлар 5 йил аввал Япониядаги пластик чиқиндиларни қайта ишлаш заводи ҳудудидаги тупроқдан олинган намуналарда микробларнинг янги турини кашф қилишди – улар пластик билан озиқланар экан. Ҳозирда бундай микроорганизмларнинг яшаш макони тобора кенгайиб боряпти.

Микроблар ўзидан чиқарадиган ферментлар ёрдамида пластикни чиритишга қодир. Олимлар океанлар, денгизлар ва қуруқликдаги бундай микроблар ДНКсини ферментлар хоссасини ўрганиш учун тадқиқ қилдилар. Ўрганишлар натижасида 10 турдаги пластикни емира оладиган 30 мингга яқин ана шундай ферментлар борлиги аниқланди.

Олинган намуналар бундай ферментлар мавжудлиги, зичлиги ва миқдори қуруқлик ёки сув ҳавзасининг қанчалик зарарланганлигига боғлиқ эканлигини кўрсатди. Ўрта ер денгизи ва Тинч океанининг жанубий соҳилларида бундай ферментлар кўплиги аниқланган, чунки айнан шу ҳудудларда пластик чиқиндилар кўлами жуда катта.

«Тадқиқотларимиз моделлари натижасида ҳудуднинг зарарланганлик даражасига кўра унга қарши турадиган микробнинг камроқ ёки кўпроқ эканлигига ишонч ҳосил қилдик. Ҳудудда пластик қанча кўп бўлса, уни ейдиган биоматериал ҳам кўплигини кўриш мумкин. Шу тариқа табиат инсоният унга нисбатан ўтказаётган босимни енгиллаштиришга интиляпти», — дейди тадқиқот муаллифи Алексей Железняк.

Бироқ олимлар фақатгина биоорганизмларга таяниб қолмаслик зарурлигини таъкидлашмоқда. 2018 йилда америкалик тадқиқотчилар пластмассани 20 фоизга кўпроқ ва тезроқ чиритиб юборадиган сунъий ферментни ихтиро қилишганди. Орадан икки йил ўтиб, улар ферментни янада кучайтира олишди – эндиликда бу сунъий организмларнинг фойдалилик коэффициенти 6 бараварга кўпроқ, яъни улар пластик чиқиндиларни аввалгидан тезроқ «еб қўйишади». Алалхусус, бундай ферментларни амалда қўллаш учун кўпроқ ўрганишлар ва тадқиқотлар талаб этилади, дейилади 4pda.to сайтида чоп этилган мақолада.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Пластик чиқиндиларни «ейдиган» микроорганизмлар инсониятга ёрдамга келмоқда