07:44 / 22.11.2016
12 805

Тақдир ўйини ёки автоҳалокатдан топилган бахт

Тақдир ўйини ёки автоҳалокатдан топилган бахт

Кўчадан эшитилган машина овозидан ҳаммамиз чўчиб тушдик.

— Уканг қани, кўчадами? – онам жонҳолатда кўчага югураркан, ҳозир гап эшитишимни билиб, дамим ичимга тушиб кетди. Ойимнинг ортидан мен ҳам кўчага чиқдим. Ҳайдовчи укамни кўтариб олган, ойим эса, буткул ўзини йўқотиб қўйганди.

— Синглим, қўрқманглар, ҳозир шифохонага олиб бораман, – йигирма беш ёшлардаги йигитни кўриб жаҳлим чиқиб кетди.

— Нима қилиб қўйдингиз? Олиб борасиз-да, боланинг бошига етганингиздан кейин.

— Сен қараганингда, шу бола кўчага чиқмасди, – деди ойим заҳрини менга сочиб. — Бор, уйдан ҳамёнимни тез олиб чиқ.

— Ҳеч нарса керакмас, тезроқ юрсангизчи, — бу сафар йигит қатъийроқ гапирганди, ойим ҳам унга эргашди.

Бир соатлардан кейин уй телефони жиринглади. Кўтарсам, эркак киши экан.

— Зулфия, укангиз ўзига келди. Ҳаммаси яхши экан. Хавотир олманг, — бу ўша укамни уриб юборган йигитнинг овози эди. Унинг кетидан ойим гўшакни олиб давом эттирди.

— Даданг келса, ваҳима қилмасдан секин тушунтир, марказий касалхонага келсин. Овқат тайёрлаб, ҳамма ёқни йиғиштириб ўтиргин.

Ойимга хўп дедим-у, ҳар доимги ишларимни қилишни бошладим. Дадам келганида, укамни кўргани ҳаммамиз шифохонага бордик.

Олти ёшдаги шўхгина укамни шифокорлар “енгилгина бош чайқалиши” деган ташхис билан олиб қолишди. Энг қизиғи, укамни уриб юборган йигит ҳали ҳам шу ерда экан.

— Ука, инсофли одам экансиз, энди кетаверсангиз ҳам бўлади, буёғига ўзим қарайман, — ойим ҳайдовчини уйига жўнатиб юбормоқчи бўлди.

— Майли, опа, унда мен эртага яна хабар оларман, мана буни дори-дармонига ишлатиб турарсиз, – деб у икки боғлам пулни ойимнинг қўлига тутқазди.

— Раҳмат, ўргилай, илоҳим, тан-жонингиз соғ бўлсин, — ойим астойдил миннатдорчилик билдираркан, менинг ғашим келди.

— Намунча, ойи, шундоқ ҳам устидан ёзиб бермаганингизга шукр қилсин. Болани уриб юборгандан кейин харажатини ҳам қилсин-да, – йигит биздан узоқлашмасданоқ гапириб олганимдан хурсанд эдим.

— Жим бўл, кўп гапирма, – ойим мени жеркиб берди.

Укам касалхонада уч кун ётган бўлса, ҳайдовчи йигит шу кунлар мобайнида ундан ҳар куни хабар олди, касалхона харажатларини, дори-дармоннинг пулини ҳам ўзи тўлади.

Унга сари онажоним бу йигитдан миннатдор бўлар, айланиб-ўргилишини қўймасди. Мен эса, сариқдан келган, бўйи ҳам унча баланд бўлмаган ҳайдовчига “амаки” деб лақаб қўйишга улгургандим. “Амаки”дан укам уйга келганидан кейин ҳам қутулмадик. Бир ҳафтада икки марта майда-чуйда кўтариб кириб келадиган “амаки”ни уйимиздагилар ҳам илиқ кутиб олишарди-ю, фақатгина мен бу серқатнов ғамхўрдан зериккандим.

Орада бир ҳафта “амаки” келмади. Хайрият, қутулибмиз, шекилли, деб ўйлагандим, чучварани хом санаган эканман. Кундузи уй телефони жиринглади. Кўтарсам, яна ўша “амаки”.

— Зулфия, кечқурунга нима овқат еймиз? Яна кичик отинбибининг қўлларидан чучвара ичамизми? — “Амаки” менга хушомад қилаяптими, деб жоним ҳиқилдоғимга келди.

— Мен қаердан биламан нима ейишингизни? Демак, оч қолганингиздан бизникига келаркансиз-да, тавба.

— Ҳа, очман, айниқса, меҳрга ташна бечораман.

— Ўзи ғалатироқлигингиз сезилиб турганди. Ўшанда ҳам азбаройи очлигингиздан йўлдаги укамни кўрмай қолган экансизда-а?

— Укангизни уриб юборганимнинг ўзи катта бахт бўлган эди, мен сизга айтсам.

— Сиз соғмассиз, ўзингизни бир шифокорга кўрсатиб юборинг.

— Шифокорлар ишққа даво йўқ, уйланмасанг, тузалмайсан, дейишяпти.

“Амаки” билан тортишувимизга ойимнинг чақиргани нуқта қўйди. Энди у киши кунда-кунора қўнғироқ қиладиган, яна гўшакни ойим кўтариб қолса ҳам, ҳеч тортинмай, уйдагиларнинг аҳволини билишга қилгандим, дейдиган бўлиб қолди. Мен ўзим билиб-билмаган ҳолда, у кишининг қўнғироғини кутадиган бўлиб қолдим. Қизиқ, у қўнғироқ қилганида, жеркиб гапираман-у, қўнғироқ қилмаса, бир нарсасини йўқотган одамдек довдираб қоламан. Яхшиям, қўл телефоним йўқлиги, бўлмаса, ўзим қўнғироқ қилиб қўйишим мумкин эди. Тортишувлар, телефондаги баҳслар бизни бир-биримизга анча яқинлаштириб қўйганди. Бир ҳафта кутдим. У қўнғироқ қилмади. Ўзимни қўйгани жой тополмайман. Асабийлашаман, ўз-ўзидан телефон олдида айланавераман. Ниҳоят, телефон менинг юрагимга ўт ташлаб жиринглади.

— Кичик отинбиби телефонни қўриқлаб ўтирибдими дейман, – гўшакдан ўша мени ҳаяжонлантирадиган овоз эшитилди.

— Ҳечам-да, шунчаки шу уй ёнидан ўтиб кетаётгандим.

— Сира хижолат бўлмай, ростини айтаверинг, мен сизнинг устингиздан кулмайман.

— Боринг-ей, ўзингизни ким деб ўйлаяпсиз?

— Мен, масалан, ўзимни амаки деб, сизни эса, амакининг қари, жаврайвериб, одамларни бездириб юборадиган, юзлари ажин, ўзи семиз хотини, деб ўйлаяпман.

Унинг бу гапидан довдираб, юзим қизиб кетганини сездим. Демак, бу одам мен уни амаки дейишимни ҳам биларкан-да. Лекин шунда ҳам, сир бой бергим келмади.

— Амаки, ўзингизни бехато топибсиз, лекин сиз таърифлаган опоқи мен эмасман, бўлмайман ҳам.

— Опоқи, асабийлашманг, буни ҳали вақт кўрсатади. Хуллас, бугун кундузи ухламасдан ҳаммаёқни тозаланг. Ҳовлиларни супуринг, сув сепинг. Кечқурун амакингиз ойиси билан сизларникига меҳмонга боради.

— Нимага? – гапим оғзимда қолди. Унинг нима учун келишини билардим. Дарров ҳаммаёқни тозалашга тушдим. Ойим, инсоф берсин-ей, деб кесатиб қўйди.

Кечқурун келган совчиларни кўриб, укам устимдан кулди.

— Опа, энди поччани амаки деймизми ёки амакилигича қолаверадими?

— Э, бор-ей, — дедим-у ўйлаб қолдим. Энди амаки десам бўлармикин ёки?


З. БОБОХЎЖАЕВА

Манба: Diydoraziz.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Тақдир ўйини ёки автоҳалокатдан топилган бахт