17:41 / 27.08.2017
6 321

Карьерани роботлар ишғолидан ҳимоя қилишнинг 8 усули

Яхши янгиликдан бошлайми ё ёмониданми? Ёмони шундаки, тез орада роботлар биздан ишимизни тортиб олади ва монтаж линиясидаги ишчиларнигина эмас (у ерда шундоқ ҳам роботлар устунлик қилади), ҳаммани маошсиз қолдиришади. Ўтган йили Англия банки бошқарувчиси Марк Карни янги технологиялар анъанага кўра, ўрта тоифага кирувчи ишчи ўринларини "шафқатсизларча йўқ қилиши"ни айтиб огоҳлантирганди.

Экспертларнинг аксарияти унинг фикрига қўшилишади, шу жумладан Ҳиллари Клинтоннинг собиқ ёрдамчиси Алек Росс ҳам. Бугунги кунда у корпорациялар, инвесторлар ва ҳукуматларга технологиялар ҳамда инновациялар масалаларида тавсиялар беради, дейилади "Лайфхакер"да. Яқинда Росс танқидчилар томонидан юқори баҳоланган «Келажак саноатлари» китобини нашрдан чиқарди. Унда ажойиб янгилик бор:

«Таслим бўлишга ҳали эрта деб ўйлайман. Илм-фан ва техника ривожи нафақат таҳдид уйғотади, балки ёрқин истиқболларни ҳам очади».

Бироқ ҳамма ўзгаришига тўғри келади.

«Келгусида ишчи ўринларида ё биз машинага нима қилишни айтиб турамиз, ёки у бизга», - дейди Росс.

У ишни роботларга топшириш ниятидан йироқ бўлганлар учун бир неча тавсия беради:

1. Ўрганишдан тўхтаманг
Карьерани роботлар ишғолидан ҳимоя қилишнинг 8 усули
Росснинг фикрича, бу энг муҳим ўзгариш. Университет дипломини олган кунингиз ўқиш ва ўрганиш тўхтайди, деб ўйласангиз - адашасиз. Илгари ОТМларда олинган билим 30 йилга етарди. Ҳозир эса вазият бошқача. Технологияларнинг ривожланиш суръати шу қадар юқорики, ақл салоҳиятингизни мунтазам равишда чархлаб туришингизга тўғри келади.

2. Дастурлашни ўрганинг

Гап касб ҳақида эмас - гап келажак асосларини тушунишда. Бугун электрон жадваллар ва дастурий таъминот билан ишлашни билиш мутлақо нормал ҳолат, зеро бу компьютер саводхонлигининг асосий шакли.

3. Саёҳат қилинг

Университетдан кейин, карьерангизнинг бошида имкон қадар кўпроқ мамлакатларга саёҳат қилинг. Росс ривожланаётган минтақаларга кўпроқ эътибор қаратишни тавсия қилади, зеро иш жойи касб каби муҳимдир. Келгусида баъзи мамлакатлар иқтисодиёти анча ўсади ва сиз бу жараённинг бир қисмига айланишингиз мумкин.

4. Турли соҳалардаги билимингизни сайқаллаштиринг

Технологиялар ва илм-фанни тушуниш жуда муҳим. Бироқ келажакда муваффақиятга эришиш учун билимларни ижтимоий кўникмалар билан уйғунлаштириш керак, мулоқот қилишни билишдан бошлаб то психология ҳамда иқтисодиётни тушунишгача. Росс бунга мисол сифатида Марк Цукербергни келтиради: «Facebook — ажойиб дастурчининг маҳсулоти ҳисобланади, бироқ ижтимоий тармоқ муайян даражада унинг хатти-ҳаракатлар психологиясини тушунишига асосланган».

5. Янги соҳаларни кашф қилинг

Росс ўзининг китобида яқин 20 йилдаги истиқболли соҳалар ҳақида сўз юритади: бу робототехника, сунъий интеллект, геномика тижоратлашуви, катта ҳажмдаги маълумотларни сақлаш ва қайта ишлаш, киберхавфсизлик, пул ва ишонч кодификацияси. Кутилмаган соҳаларда ҳам жадал тараққиёт эҳтимоли бор. Росс шундай ёзади:

«Ҳозир психология ва психиатрия билан шуғулланишнинг айни вақти. Бугунги кунда инсоний фазилатлар ўрнини компьютер кодлари эгалламоқда. Ўйлашимча, ичимизда нимадир бу жараёнга қарши бош кўтармоқда. Ўзгаришларни англаб етиш учун кўпчиликка ёрдам керак бўлади, шу боис психолог ва психиатрларга бўлган талаб уларнинг фойдалилигини тушуниш билан бирга ошиб боради. Бироқ мен психологлар ролида гуманоид-роботларни тасаввур қила олмайман. Сенга ташхис қўйишга уринаётган робот билан суҳбатлашиш кимга ҳам ёқарди?».

6. Янги тил ўрганинг

10-15 йилдан кейин айтилган гапларни 100 хил тилга таржима қила олувчи қулоқчинлар пайдо бўлади. Бу вақт ичида чегара бозорлари бўйлаб ҳаракатланишга қодир кишилар катта пул ишлаб олишади. Росс таржима ва мулоқот ўртасидаги фарқ катта эканини таъкидлайди.

«Мен ажойиб таржимонлар иштирокидаги дипломатик ва ишчи учрашувларда қатнашиш бахтига муяссар бўлганман. Хорижий тилни билиш реал натижага эришишга ёрдам беради. Мулоқот келгусида ҳам ўз аҳамиятини йўқотмайди, бироқ таржимонларга бўлган эҳтиёж вақт ўтгач пасаяди».

7. Алгоритмлар қулига айланманг

Компьютерлар оламида инсоний фазилатлар тобора муҳим аҳамият касб этиб бормоқда - келажакнинг кўплаб қарама-қаршиликларидан бири шунда. Машиналарнинг ҳаётимизнинг барча жабҳаларига кириб келишини инобатга олганда, индивидуаллик катта аҳамиятга эга бўлиб бормоқда. Келгуси даврнинг етакчиларидан бири - компьютерлар босимига қаршилик қилишга қодир кишилар бўлади. Ижодий салоҳият ҳам улкан аҳамият касб этмоқда:

«Дунёни ноль ва бирлар қамраб борган сари, рассомлар, артистлар ва мусиқачиларнинг истеъдодларига бўлган талаб ошиб бормоқда».

8. Ваҳима қилманг

«Менинг технологиялар ва келажакка бўлган қарашларим утопик эмас, оптимистик, - дея фикрлайди Росс. - Келажак "Тентак Макс" ёки "Юлдузли йўл"дагидек бўлармикан? Ҳойнаҳой, ундай бўлмайди. Реаллик одатда ўртада бўлади».

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Карьерани роботлар ишғолидан ҳимоя қилишнинг 8 усули