Ялинишдан фойда йўқлигини билгач, қиз бақиришга тушди. “Шундай қилсам, мени қўйиб юборишар”, дея умидланарди у. Лекин акси бўлди.
— Ўчир овозингни! — бақирди ҳайдовчининг ёнида келаётган йигит ортига ўгирилиб.
Наргиза “дод-вой”ни авжига чиқарди. Ёнида ўтирган йигитлардан бири унинг юзига тарсаки тортиб юборди. Қизнинг кўзидан олов чиқиб кетди, уни ўчди-ю, энди ичида машинанинг ҳалокатга учрашини илтижо қила бошлади, бироқ тилаги ижобат бўлмади. Машина катта тезликда шаҳардан ташқарига чиқиб кетди.
Улар дала ҳовлига етиб келгач, тўртала йигитнинг учтаси галма-гал билакларини резина тасма билан тортиб ўраб, томирларига укол қилишди. Шундагина Наргиза гиёҳвандлар қўлига тушиб қолганини, энди соғ чиқиб кетолмаслигини билди. У чиқмаган жондан умид қабилида шерикларининг “иш”ига қўшилмай, қўлидан ушлаб уни тепага тортқилаётган йигитга ҳозир “бетоб” пайти эканини, бундай пайтда “юк” кўтариб қўйса, бир умр ногирон бўлиб қолишини айтиб ёлворди. Бироқ йигитнинг кўзида шафқат ўрнига, шаҳват ўти гуркирарди.
— Бунақасини ҳали кўрмаганман. Бир синарканмиз-да, даҳшат! — деди у қийқириб ва қизни иккинчи қаватга судраб кетди.
Йигит ётоқ эшигини очганида, Наргиза ўзини тақдир измига топшириб қўйганди. Укаси касалхонада ўлим билан олишиб ётмаганида бошқача йўл тутар, ўзини ўлдирарди. Мабодо қизлик шаъни булғангудек бўлса, барибир Бобур соғайгач шундай қилади. У шундоғам турмуш ташвишлари эговлаб ташлаган онасини ўйлади: Бобур оёққа туриб кетган тақдирда ҳам қизининг ўз жонига қасд қилишига чидаёлмайди, омонатини ажалнинг қўлига топширади-қўяди. Наргиза иккиланар, тақдирига, ўзининг шундай истарали, гўзал бўлиб яралганига ўкинарди.
Ётоқда лўлисифат қизни кўриб, унинг юзи ёришиб кетди. Карахт аҳволдалигиданми, йигит билан лўли қизнинг гаплари қулоғига кирмади. Фақат рўпарасидаги қизнинг:
— Сан бунга ким? Қизимий? — деган сўровини эшитди, холос.
Наргиза уйқудан энди тургандай бир муддат каловланиб қолди.
— Ўйнаш бўлсайнг, саний нега судраб келдий?
— Опажон, — деди у нажоткорини топгандай жовдираб, — булар наркоманлар экан, йўлда мени машиналарига босиб бу ёққа олиб келишди. Пастда яна учтаси бор, мени қутқармасангиз ҳолимиз хароб, улар сизниям зўрлашади!
Лоланинг эгнидаги, Лазокат айтмоқчи, “дурандулет” кийим унинг ёшини Наргизадан каттароқ қилиб кўрсатар, Наргизанинг лўли қизни “опа” дегани боиси шунда эди.
— Ибий, шундайчамий, ман саний…
У гапларини тугатолмади. Пастки қаватга тушиб кетган йигит кўзлари қисилиб кетаётган шеригини эргаштириб чиқди.
— Башара, мунга қара, яна биттаси ўз оёғи билан келибди, битта каравотда иккаламиз иккови билан маишат қиламиз, “дода” чиқади! — деди у гандираклаб турган ўртоғига.
— Қани биттаси? — сўради кўзлари юмилиб кетаётган йигит.
Унинг афт-ангори “башара” деса дегулик, юзига тушган ҳуснбузарни сиқаверганиданми, башараси шудгорланган ердай ўнқир-чўнқир бўлиб қолганди.
— Келгандан игна санчмаларинг девдим-ку! — тўнғиллади йигитларнинг тетикроғи шеригига. — Лўлисиям бўловрадими?
Башара “фарқи йўқ” дегандек қўлини силтади.
— Ҳай, хумкалла, — бақириб берди шу пайтгача тоқат қилиб турган Лола портлагудай бўлиб, — оғзимний чаккасийни кўрдингмий?! — у лабини бармоқлари билан буриб кўрсатди. — Биттасий бийлан муштлашдийм. Қонийга бўядийм, ҳозир санингам каллангний қатиғиний чиқараман.
Йигит бошини орқага ташлаб хохолади ва аста Лолага яқинлаша бошлади.
— Манга тегийнма, манийм одамийм бор! — бақирди қиз ортга тисарилиб.
Йигитнинг қулоғига гап кирмасди.
— Мансур, — деди ортда турган Башара, — сеники энди менгами?
— Билганингни қил! — деди Лоланинг устига бостириб келаётган Мансур ўртоғининг гапига эътибор бермай.
— Манга тегийнсанг, етти пуштийнг куядий! Отанг бийлан онанг ўладий! — деди титраб Лола.
Шу маҳал қарсиллаган товуш чиқди ва Башара “Ваҳ!” деб юборди. Мансур шарт ортига ўгирилди, Башара ерга қапишиб, икки қўли билан бошини чангаллаб қолган, бармоқлари орасидан қон сизарди. Наргиза Мансурга тикилиб қотиб турар, аъзойи бадани “қалт-қалт” титраганидан қўлидаги ваза тушиб кетгудай эди. У ўзига ташланган Башаранинг бошига Мансурнинг отаси Туркиядан олиб келган осори-атиқа — қадимги қимматбаҳо ваза билан туширганди.
— Нима қилдинг, ифлос! — Мансурнинг кўзи олайиб кетди. — Қўлингдаги матоҳ сендан қанча қиммат туришини биласанми?!
— Агар қўйиб юбормасанглар, ҳозир чил-чил бўлади! — лаблари титраб бақирди Наргиза. Унинг пўписаси ялинишга ўхшаб кетарди.
— Онанг…
Мансурнинг сўкиши бўғзида қолди, Лола унинг ўгирилганидан фойдаланиб, бўйнига чанг солди. Кутилмаган ҳужумдан Мансур довдираб қолди.
— Ҳай, қийз, — қичқирди Лола, — бошийга ур!
Мансур энди олдидан ташланган қизнинг ҳамласига чап бермоқчи бўлиб типирчиларди. Лола унинг бўйнидан чайир қўлларини ўтказиб олиб, бор кучи билан бўғишга тушди. Мансур уни устидан ошириб ташламоқчи бўлиб қўлидан тутган эди, Наргиза унинг пешонасига қўлидаги ваза билан туширди. Мансур “Ваҳ!” деганча қулаб тушди.
— Вой! Ўлдириб қўйдим! — қўрқиб кетиб, дағ-дағ қалтирай бошлади Наргиза. — Шўрим қурсин, энди нима қиламан?!
Шу пайт унинг қўлидаги ваза полга “қарс” этиб тушди-да, чил-чил бўлиб кетди.
— Баттар бўсийн, қочамийз! — деди Лола ва Наргизанинг қўлидан ушлаб эшик томонга тортди.
Пешонаси ёрилиб, юз-кўзи қонига беланган Мансур қизларнинг эшикдан қочиб чиқиб кетишаётганини ғира-шира илғади. Сўкмоқчи бўлиб оғзини жуфтлади, овози чиқмади. У ҳушидан кетаётганди.
Қўрқув ғолиб келиб, қизлар пастки қаватга югуриб тушиб қолишганини сезишмади. Бу пайтда Мансурнинг ҳамтовоқлари нашанинг кайфидан, ўзлари айтмоқчи, “жаннатда кезиб юришарди”.
Қизлар уларнинг ёнидан ўтаётиб бир зум тўхташди. Наргиза хавотирланиб Лолага қаради.
— Ўлийб қолийшган, — деди Лола қўлини силтаб ва эшик томон илдам юриб кетди. Кетидан Наргиза эргашди. Наргизанинг юраги ҳаприқар, гўё лўли қиздан бир қадам ортда қолса, нашавандлар етиб келиб, уни ушлаб қоладигандай туйиларди.
Лола дарвоза табақаларини оча бошлади.
— Нима қилаяпсиз? — ҳайрон бўлди Наргиза. — Анавилар келиб қолишади-ку!
— Сан мошийн ҳайдайсанмий? — деди Лола унинг гапини жавобсиз қолдириб.
— Адам ёшлигимда озроқ ўргатганди, — деди Наргиза энди унинг нима қилмоқчилигини фаҳмлаб, — лекин тез ҳайдолмайман.
— Секи-н ҳайдасаям бўладий.
Наргиза қўрқа-писа машинани ўт олдирди, калитни қаттиқ бураб юборди, шекилли, оппоқ “Нексия”нинг мотори бир зўриқди. Қиз шошиб қўлини калитдан олганди, моторнинг товуши текис нафас олаётган одамдай, меъёрига тушди. Бироз хотиржам тортган қиз машинани секин жойидан қўзғатди.
Катта йўлга чиқиб олганидан кейин ҳам у тезликни оширмади, “Нексия” тошбақадай имиллаб кетаверди. Лола аввалига йўлга қараганча жим кетди, бироқ анча йўл босишгач зерикди чоғи, рулга ёпишиб олган Наргизага қараб-қараб қўйди-да, сабри чидамай:
— Ҳай, шафёр опа, ийлдам-ийлдам ҳайданг, тошвоқаям бийздан тез кетадий, — деди кулимсираб.
Унинг гапидан Наргиза завқланди, мийиғида жилмайиб, лўли қизга бир қараб олди.
— Эссийз, — деди Лола ҳам унинг қилиғидан кулиб, — ман шафёрга ўқимаган-да, бўйлмаса самалётний қолдирайдим.
— Уйга етиб олайлик, ўргатиб қўяман.
— Шундайча ҳайдашгамий? Керакмас. Укамни аравасий бор. Ҳангий эшшагийга тақадий. Шуний мийнаман. Бийр чангимда қолдийрай саний, бийр қолдийрай, ҳамма тамошо қилсийн.
Наргиза ҳанги эшакни чоптириб аравада кетаётган Лолани кўз олдига келтириб кулиб юборди. Бир зум кўрган азоблари унут бўлди, чуқур нафас олиб тағин лўли қизга қараб қўйди-да, газни қаттиқроқ босди. Машина ўкириб, тезлиги ошди.
— Шундайча хиллани босиб тур бунга. Тез чопадий, — деди Лола.
— Каттароқ тезликка олишга қўрқяпман. Бошқаролмай қоламан… Айтганча, ҳали танишмадигам, исмийз нимайди?
— Лола.
— Меники Наргиза… Лекин-чи, сизни учратганим зўр бўлди-да. Энди шарманда бўлдим, деб ўйлагандим.
— Нийма, санга йигийт киший мошинага чиқ деса, мийниб кетаверасанмий?
— Эй, опа, — деди Наргиза хўрсиниб ва бўлиб ўтган воқеаларни бирма-бир гапириб берди.
Лўли қиз унинг гапларини бўлмай диққат билан эшитди. Кейин афсусланиб, худди қари лўлилардай бошини сарак-сарак қилди:
— Мандан оз қийналибсан, барибийр. Маний ташвишийм кўп. Саний ёшинг неччига? — деб сўради.
— Ўн тўққизга кираяпман.
— Ибий, манга опайкансан-ку. Ман ўн еттийгаман!
Наргиза бироз хижолат чекди-ю, бироқ буни сездирмаслик учун йўлга қаттиқ тикилди.
Орадан ўн дақиқалар ўтиб, лўли қиз яна тилга кирди:
— Маний уйга борсам ўлдиришадий. Бизга “закон” ямон. Сийзга яхший, уришадий, тамом, — деди у ўйчан.
— Нима айб қилиб қўйгансиз? — ҳайрон бўлди Наргиза.
— Эй-й, опачам, сийз сўраманг, ман айтмай! Айтсам ерга қўшилиб осмон ёниб кетадий, кейинроқ би-йр айтаман. Бугунча манга ётоқ берсангийз, шуни сийзга илтимос қилмоқчийдим.
Наргиза Лоланинг илтимосига дарҳол рози бўлди-ю, кейин ўйланиб қолди: “Ўзи лўли қиз бўлса. Ким билади, миясида нима ўйи бор? Уйимизда қўлга илингулик бирон нима йўғ-у, барибир… Айтмоқчи, у ёқларда бу қиз нима қилиб юрган экан? Ўзи, унинг олдида қарздорман-у, яна нималарни хаёл сураяпман, мен аҳмоқ?! Агар бу қиз уйимизни кўтариб кетсаям ҳақи бор. У мени қутқарди-ку!” Наргизанинг лўли қизга меҳри жўш урди. Беихтиёр Лолага ўгирилиб:
— Раҳмат, — деб қўйди майин оҳангда.
Унинг “раҳмат”ини ўзича тушунган Лола бошини силкиб жилмайди.
Нуриддин ИСМОИЛОВ
(Кейинги қисмларни яқин соатларда ўқийсиз)
Манба: hordiq.uz “Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Россия армияси Купянскка киргани айтилмоқда
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
НАТО бош котиби Украинанинг фронтдаги аҳволи ёмонлашганини тан олди
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи