13:38 / 28.08.2018
5 347

15 йиллик муҳаббатнинг олови

15 йиллик муҳаббатнинг олови
Кеча кўрган ёмон тушим кўнглимга ғулғула солиб қўйди. Туш кўрмай мен ўлай!

Қоронғи бир ҳужрада энам тинмай йиғлаб ўтирганмиш… «Ҳа, эна, нега йиғлайсиз? Бирор ерингиз оғрияптими?» десам, «Жоним оғрияпти, болам, жигарим оғрияпти. Дилингни оғритган кишидан оғриняпман!» дермиш. Тавба, ким ҳам менинг дилимни оғритарди? Қаёқдаги нарсалар киради-я, тушга?!

Аёл кишининг туши тескари келади, дейишади-ку! Илоҳим, шундай бўлсин-да. Тушимнинг таъбири билан бўлиб, доимгидан кечроқ уйғондим. Хўжайинимнинг қовоғидан қор ёғяпти. Бир бало бўлганга ўхшайди. Гапиргиси ҳам йўқ. Нонушта ҳам қилмади. Дарвозани шарақлатиб ёпгани юзимга бир тарсаки туширгандек бўлди. Беш дақиқалик уйқуни афзал билганим учун ўзимни-ўзим койидим.

Турмуш ўртоғим билан яхши кўришиб турмуш қурганмиз. Шу пайтгача орамиздан ола мушук ўтмаган, сен-менга бормаганмиз. Бугунги зардалари нимадан эканини билолмай, хунобим ошди. Сўрай десам, авзойидан от ҳуркади, сўрамай десам, ичим қизиб кетяпти…

Ахийри бир жиноят қилишга қарор қилдим. Ёзув столидаги кундаликни олиб, ошхона томонга чиқдим. Иккимиз ҳам кундалик тутамиз. Бир-биримизга айтолмайдиган гапларни ҳам шу кундаликка ёзамиз. Олиб ўқишимни билган, шекилли, беркитмасдан кетибди.

Охирги ёзганларини очдим…
16 август 1969 йил

«Кеча ёзишга қўлим бормади. Ишонган инсонимнинг ўтмиши ҳақида эшитиб, бутун ҳаётим чилпарчин бўлди! Ҳатто фарзандларим ҳам кўзимга кўринмаяпти. Биров тутган билакларни бегона кўздан қизғанганмидим ҳали? Мунг тўла кўзларингга ишонганмидим ҳали? Бугун ҳаммаси тамом бўлди! Ундан бу ҳақда сўраш тугул, нобакор қиёфасинида кўришга тоқатим йўқ… Эҳ, Санам, шунча томошалар кўрсатиб, мени қандай тузоғингга туширдинг? Бекорга умрингни саломатликка бағишлабсан. Сендан ажойиб морбоз чиқар экан!

Кеча қишлоқдошинг Абдусаматни кўргандим. Ўтган-кетган воқеалардан гурунг бераётиб, сен ҳақингда шунақа бир гап айтдики… Тўппончам бўлсаю пешонамга қўрғошин жойлаб қўйсам. Ўқишга келмасингдан олдин бошқа билан турмуш қурганинг, тўй куни қочиб кетганинг, қариндошларингнинг сендан юз ўгиргани ҳақида нега мен ҳаммадан кейин билишим керак? Бу кирдикорларингнинг тагида нима бор? Мени аросатда қолдирдинг, Санам! Уйдан кетдим. Қачон ўзимга келсам, қайтарман! Излама!..»

Тушимда энамнинг йиғлагани бежизга эмас экан-да. Аёл кишининг туши тескари келади, деб ким айтган бўлса ҳам бекорларнинг ўн бештасини айтибди. Оҳимдан оловим чиқиб, нима қиларимни билмай қолдим. Кундаликнинг ўша бетларини йиртиб ташлагим келди. Нега энди менга эмас, аллақаёқдаги бир кимсага ишонгани алам қилиб кетди.

Мен ҳам бор аламимни ёзувдан олдим.
17 август 1969 йил

«Бизнинг қишлоқда ўқиган қизларни «ёмон қиз»га чиқаришарди. Қанча институтга топширишга ҳаракат қилмай, ота-онам, қариндошларимнинг қаршилигига учрардим. Тақиқлар қанча кўпайса, иштиёқим шунча ортарди. Уйимдагилардан беркитиб, почта орқали Бухоро тиббиёт институтига ҳужжат топширдим. Имтиҳонга чақириқ хати келди. Бундан хабар топган ота-онам мени зудлик билан қишлоғимиздаги бир йигитга унаштириб қўйишди. Унинг исмини билардим, холос. Ҳатто қандай йигитлигини ҳам билмасдим. Мақсадларим йўлида ғов бўлган бундай инсон билан тақдиримни боғлашга икки дунёда ҳам рози бўлмайман, дедим. Ўша кунлари кўчага чиқишимни ҳам тақиқлаб қўйишди. Ягона чора — уйдан қочиш. Бир тунда бисотимдаги ҳамма китобларни жомадонимга жойлаб, яёв йўлга тушдим. На итдан қўрқибман, на шарпадан! Фикру ёдим фақат шу қишлоқдан кетиш эди. Тонг отиб бораверди, мен кетиб боравердим. Бухорогача узоқ юрдим. Тақдиримдан қочдимми, тақдир мендан қочдими, хуллас, ҳаммасига кўз юмиб шаҳарга келдим. Бу орада имтиҳонларни аълога тошириб, Бухоро тиббиёт институтининг болалар жарроҳлиги йўналишига қабул қилиндим. У даврлар бир ажойиб эди-да, ётоқхонадаги талабалар билан ака-ука, опа-сингилдек бўлиб яшардик.

Сизни ўша ётоқхонада учратганман. Ота-онасидан ўқишни деб кечиб келган кўнгли нимта бир қизнинг туйғулари сизни қизиқтирмагандир, эҳтимол. Лекин мен бахтнинг калити битта эмаслигини тушунгандим. Намунали ўқишингиз билан бошқа талабалар ичида ажралиб турардингиз. Иккинчи курсда пахта йиғим-теримига борганимиз сира ёдимдан кўтарилмайди. Турмуш қуришимизни пахта эгатларида айтгансиз… Нимагадир тўйиб-тўйиб йиғлаганман. Ота-онамнинг оқ фотиҳасини олмай қандай бахтли бўлиш ҳақида ўйлаган бўлсам керак. «Сиз ҳақингизда ҳаммасини биламан. Ҳали яхши кунларимиз кўп бўлади», деганингизда бошимдаги савдолардан хабарингиз бор экан, деб ўйлаганман. Мард бўлиб қишлоғимга олиб боргандингиз. Отам отдан йиқилиб ҳалок бўлган экан. Онам бечора бир бурда бўлиб қолибди. Кўриб тутдек тўкилдим. Фикримдан қайтмоқчи ҳам бўлдим, лекин сиз ва онам бунга рози бўлмадингизлар. Вақт отам олдидаги фарзандлик бурчимни бажаришдек дарднинг давосини топди ва мен ўзимда янгидан куч топдим…

Тўйимиз ўтгач, онамни ҳам олиб кетишингизни айтганингизда сизни танлаб адашмаганлигимни янада яхшироқ англаганман. Бундан яхши инсон бўлиши мумкин эмас дунёда, деганман. Сўзингизда турдингиз. Кейинчалик онам биз билан яшади. Тўғри, бу орада сизнинг оилангиз билан ҳам бироз кўнгилсизликлар бўлди, бироқ сиз ҳаммасига чора топдингиз, менинг учун оиламиз бахти учун курашдингиз. Бирин-кетин фарзандларимиз туғилди. Ҳаётимдан ҳеч нолимадим. Бўлиб ўтган аламли кунларим тарихга айланди, деб ўйлагандим. Қорлар ёғди, излар босилди, деб ўйлагандим. Шуни пок виждоним билан айта оламанки, тақдирим ҳам, тан маҳрамим ҳам фақат сизсиз!

Йиллар менга бўлган ишончингизни тобламабди-да! Фитнанинг уруғи ҳеч қуримас экан-да! Ўша мен унаштирилган калтабиннинг исми Абдусамат эди. Ҳойнаҳой, қисмат уни менга эмас, сизга дучор қилганга ўхшайди. Аслида, сиз эмас, мен хафа бўлишим керак. Хавотир олманг, сизни изламайман! Сизга қуйиб қўйгандек ўхшайдиган тўрт ўғлимизни яхши тарбиялайман. Соғинсам, улар билан суҳбатлашаман, куйинсам, улар билан дардлашаман. Лекин шуни аниқ биламанки, бугун уйга қайтасиз…»

Кундаликни ёзиб тугатмасимдан дарвоза шарақлаб очилди.

— Санам-м-м!!! Қанисан? Болалар қани? Бугун тўйимиз бўлганига ўн беш йил бўлибди. Бир байрам қилайлик! Дастурхон туза…

— Худога шукр! Охири ҳамиша хайрли бўлсин!
Юлдуз ИСОҚОВА

Манба: Hordiq.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » 15 йиллик муҳаббатнинг олови