17:32 / 06.12.2018
5 437

Бахтиёрлик (1-қисм)

Бахтиёрлик (1-қисм)
XX асрдаги араб адабиёти дарғаларидан бири бўлган суриялик машҳур адиб, фақиҳ, қози ва мутафаккир олим Али Тантовий (1909-1999 м.) ўзининг "Бахтиёрлик" номли мақоласида қуйидагича сўз юритади:

Дунёга машҳур олмон файласуфи Иммануэль Кантнинг таржимаи ҳолига кўз югуртираётгандим, қизиқ бир воқеага дуч келдим. Қўшнисининг бир хўрози бўлиб, уни айнан Кантнинг иш кабинети рўпарасидаги томга чиқариб, қўярди. Олим ҳар сафар ўз ишига киришай деб турганда хўроз қичқириб, безовта қилар ва фикрини сочиб юборарди. Айни ҳолат Худонинг берган куни такрорланарди.

Охири, бундан безор бўлиб кетгач, бир куни ўз хизматчисига пул бериб, қўшнининг ўша хўрозини неча пул бўлса ҳам сотиб олишни ва ўша куниёқ сўйиб, гўштидан пишириб беришни буюрди. Ва ўша куни бирга тушлик қилишга дўстларидан бирини уйга таклиф ҳам қилди.

Кант ва унинг меҳмони икковлон хўроз гўштидан тайёрланган биринчи ва иккинчидан иборат лаззатли тушликни кутиб, самимий суҳбат қуриб ўтирарканлар, олим дўстига мазкур хўроз унга қанчалар азоб ва безовталик етказгани ва ахийри, ундан қутулгач нақадар кучли роҳат ва хотиржамликка эришгани ҳақида тўлқинланиб сўзлаб берарди. Ортиқ, хўроз уни безовта қилмайди, чунки, у хизматкори томонидан сўйилиб, аллақачон қозонга солинган эди.

Шу аснода хизматчи таомни келтирди ва бироз кеч қолишининг сабабини очиқларкан, қўшни хўрозини сотишдан бош тортгач, тўғри бозорга бориб, бошқа бир хўроз олиб келгани ва уни сўйиб, пиширгунча ҳийла вақт ўтиб кетганлигини англатди.

Шу пайт Кант яна сергак тортди, қулоқлари тийраклашди. Қараса, хўроз ҳали ҳам қичқираётган экан...

Мазкур буюк файласуф билан содир бўлган ушбу воқеа хусусида бироз тафаккур юритгач, шунга амин бўлдимки, – дея сўзини давом эттиради адиб – у айнан мана шу хўроз учун бахтиқаро бўлибди, чунки, у қичқирарди. Айни дамда яна ўша хўроз туфайли бахтиёрлик ҳис қилган, ваҳоланки, у ҳали ҳам аввалгидек қичқириб турарди.

Воқеълик ўзгармади балки, фақатгина унинг руҳияти ва онги ўзгарди холос. Уни бахтиқаро қилган ҳам онгу тафаккури эди, асло хўроз эмас. Шунингдек, унга бахтиёрлик лаҳзаларини тоттирган ҳам ўша нафси эди.

Шундан сўнг ўзимга ўзим хитоб қилдим: модомики, саодат ўз қўлимизда экан нечун уни ўзгалардан қидирамиз?

Модомки, у бизга жуда яқин экан, нима сабабдан унга нотўғри йўлдан бориш ва бошқа эшикдан киришга ҳаракат қилиш орқали ўзимиздан узоқлаштирамиз?

Айтайми, бизнинг аҳволимиз қандай?! Биз ёқимсиз овозидан қутулиш учун "хўроз"ни сўйишга ҳарисмиз лекин, уни сўйган тақдиримизда ҳам, онида ўша ерда юзлаб хўроз пайдо бўлади. Чунки, Ер юзи "хўрозлар" билан тўла. Бироқ, "хўроз"ларни Замин юзидан йўқотишга қодир эмас эканмиз, лоақал уларни миямиздан чиқариб ташлашга қодирмиз-ку.

Тўғри, хўрозларнинг оғзини ўзимизга нисбатан буткул ёпиб қўя олмаймиз аммо, ўз қулоқларимизни уларнинг товушидан ёпишга имконимиз бор-ку.

Борлиқдаги барча нарсани ўз хоҳиш-истакларимизга мос қилиб қўя олмаётган эканмиз, нима учун хоҳишларимизни борлиқдаги нарсаларга мосламаслигимиз керак?!

Саодатга қовушмоқчимисиз, унда ўз онгингиздан "хўроз"ни чиқариб ташланг!..
Али Тантовий роҳимаҳуллоҳнинг
"Саодат" номли мақоласидан
Алишер СУЛТОНХЎЖАЕВ таржимаси

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Бахтиёрлик (1-қисм)