10:53 / 26.01.2019
7 019

«Виждонингиз қийналмадими, йигитча?»

«Виждонингиз қийналмадими, йигитча?»
Ўзаро ҳурмат-иззат, оқибат ҳақида гап кетганда ёши улуғ танишларимиздан бири “Ҳурмат ундирилмайди, қозонилади. Инсон ҳурматга муносиб кўрилмадими демак бунга унинг ўзи айбдор” дедилар. Бу фикр ҳам қайсидир маънода тўғридир. Аммо бизнинг мулоҳазамиз анча фарқли. Инсоннинг афтрофдагиларга муносабати, таниш-бегоналарни нечоғли ҳурмат қилиш-қилмаслиги унинг тарбиясини намоён қилиш билан бирга, ўзини ва яқинларини қай даражада иззатлашини ҳам кўрсатади. Умуман олганда, ўзини ҳурмат қилган инсонгина ўзгаларни ҳам ҳурмат қила олади.

Кўча-куй, жамоат транспортлари, овқатланиш муассасалари, бозорларда айримларнинг овозини баралла қўйиб, бепарда гапларни гапиришдан ҳаё қилмайдиганлар, айниқса улар орасидаги қиз-аёлларни кўрганда худди ўшаларнинг ўрнида ўзингиз бўлгандек уялиб кетасиз. Афсуски, одамлар орасида ўзини қандай тутишни билмайдиган, ўзини ҳурмат қилмайдиганлар бу рафторларидан ҳаё қилмайдилар. Жамоат транспортларидаги салбий ҳолатлар, ёшларнинг ўзини тутиши, атрофдагиларга беписанд туриши кўпчиликнинг ғашига тегиши аниқ. Бир куни 101-йўналиш автобусида эдим, эрталабки тиғиз пайт, автобус салонидаги тиқилинчлик йўловчиларнинг ғашига тегяпти. Эрталабдан кўпчиликнинг кайфияти тажанг, асаблари таранг. Орқа ўриндиқларнинг бирини дугонаси билан банд қилиб, гўёки, қиз мажлисда ўтиргандек, бемалол ўзини эркин қўйиб гап сотиб бораётган қиз кўпчилик қаторида менинг ҳам ғашимга тегаётганди. Автобус ҳар бекатда тўхтаганида ёши улуғ йўловчилар чиқяпти. Аксарияти, ўриндиқлар банд бўлгани учун тик туриб қолишяпти. “Қиз мажлис” да ўтирган қиз эса лаби-лабига тегмай, чала-чулпа нафас олганча нималарнидир вайсаб кетяпти.

Бир пайт бошининг устида тик турганча кетаётган аёл чидай олмади:
– Бунча кўп гапирасиз?! Радиога ишга кирсангиз бўларкан-а? Бошимни оғритиб юбордингиз. Сизни бемаъни гапларингизни эшитиб мени бошимга оғриқ кирди, сизнинг оғзингиз эса чарчамади! – деб жеркиб ташлаганди, ҳартугул қизнинг овози чиқмади. Аммо ўша автобусда, бунинг устига ўриндиқда ястаниб ўтирганча қандай манзилига етиб олди, ҳайронман...
– Баъзида уйдан эртароқ чиқсам, ишга автобусда кета қоламан, – дейди психолог Дилдором Саъдуллаева. – Бир куни бекатдан чиқсам орқа ўриндиқда уч йигитча ўтирган экан. Менимча улар бирор олий ўқув юртига ҳужжат топшириш учун кетишаётганди. Чунки икки йигитнинг қўлида ҳужжатлар солинадиган жилд бор эди. Ўртадаги йигит менга жой бериш тараддудида бир қараб қўйди. Сўнг икки томонида хотиржам ўтириб, нималарнидир муҳокама қилиб кетаётган ўртоқларига қараб у ҳам ўрнидан қўзғалмади. Лекин хижолат бўлиб ўтиргани хатти-ҳаракатларидан билиниб турарди. Менга қайта-қайта қараб қўяр, кўзим тушганида уялиб кўзларини олиб қочарди. “Мени ёш деб ўйлаяпти” деган ўй кўнглимдан кечиб, телефонимга келган хабарларни ўқиб кетавердим. Гарчи кўзим телефонда бўлса-да, психологлигим учун эътиборим уларда эди. Автобус кейинги бекатда тўхтаганди, олтмиш ёшлар атрофидаги онахон чиқдилар. Йигитлар онахонга ҳам жой беришмади. Олдинроқда ўтирган аёл ўрнидан туриб, ёши улуғ аёлни жойига ўтирғизди. Кейинги бекатда йигитлар тушадиган экан, ўринларидан қўзғалиб тушиш ҳаракатини қилишаётган эди ўша ўртада ўтирган йигитга паст товушда “Виждонингиз қийналди-а?” деб сўрадим.Йигит кўзларини ҳайрат билан очиб “Буни қаердан билдингиз? – деди. – Жуда қийналдим, хижолат чекдим..” дея узр сўради.“Ўқишга топшираётган экансиз а? – дедим йигитга. Тасдиқ ишорасини берди. – Сиз тутган йўл мақсадларимизга эришишда тўсиқ бўлади. Ҳеч бир яхшилик изсиз кетмайди. Сизнинг менга ёки бояги онахонга жой беришингиз ҳам кичкина садақа эди. Бу билан сиз йўлингиздаги тўсиқ-ғовларни олиб ташлардингиз. Майли, виждонингиз қийналганининг ўзи ҳам сизга яхши сабоқ бўлибди. Бошқа бундай қилманг, сизга омад ёр бўлсин!..”

У менга миннатдорчилик билдириб бекатида тушиб қолди, пушаймонлик ва хижолатчилик акс этган нигоҳлари маъюс эди...

Кимнидир ҳурмат қилиш ёки қилмаслик – инсоннинг шахсий иши. Ҳар ким ўзини ҳурмат қилсин аввало. Негаки, кишининг хатти- ҳаракати, атрофдагиларга муносабати унинг тарбия қай даражада эканини билдиради. Одамлар болаларини кўриб ота-онасини ҳурмат қиладилар. Инсоннинг атрофдагиларга беписанд муомаласи, бетакаллуфлиги ўзига нисбатан беҳурматлигидан дарак беради. Ўзини ҳурмат қилган, ўз қадрини билган ва тарбияли инсон ҳеч қачон бировни беҳурмат қилмайди. Ахир айтишадику, осмонга тупурсанг, бетинга ёпишади, деб...
Умида АДИЗОВА

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » «Виждонингиз қийналмадими, йигитча?»