Оналик — фақатгина бир инсоннинг дунёга келишига сабаб бўлиш эмас. Оталик — фақат бола соҳиби бўлиш эмас. Оналикка эришган аёл ортиқ ўзи учун яшамайди. Оталикка етишиб эркак энди ўзи учун ишламайди. Фарзандларининг келажаги ва тақдири учун яшайди ота-она. Фарзандли бўлиш — бир инсон тақдирига масъулликни зиммасига олиш демакдир. Агар болаларингиз икки, уч нафар бўлса, масъулиятингиз ҳам шу қадар ошиб бораверади. Фарзандларингиз улғайгани сари муаммолар ҳам, масъулиятлар ҳам ортиб бораверади. Болангиз ўз оёғида тик туриб, ўз бошига ёққан қорни ўзи курай оладиган бўлгунича давом этади бу. Кейин-чи, кейин тугайдими? Йўқ, албатта! Чунки инсон ҳар қандай ёшда ота-она меҳрига муҳтож бўлади. Ота –она учун эса бола ҳар доим БОЛАлигича қолаверади.
Қобил, солиҳ ва хайрли фарзанд етиштирган инсон умрини ҳурмат ва эҳтиромда, саодатмандликда яшайди. Ноқобил бола етиштирган ота-она эса икки дунёда- роҳат фароғат кўрмай ўтиб кетади. Фарзандли бўлиш — ҳаётнинг буткул бошқа бир саҳифасига ўтиш демакдир.
Болангизнинг ҳар ёшида ҳар хил муаммоларга дуч келасиз. Боғча ёшининг ўзига хос, бошланғич синф ўқувчилигининг ўзига хос, ўсмирлик йилларининг эса ўзига хос муаммолари бўлади. Аслида бу ширин ташвишларни муаммо дейиш жоизмикан, деб ўйланади киши. Чунки ҳақиқий она фарзанди учун уйқусиз тунлардан шикоят қилишга ҳақли эмас! Ота ўз фарзанди учун қанча кўп меҳнат қилиб, фарзандининг соғлом, билимли, зиёли бўлиши учун топган –тутганини сарф этишдан тортинмайди.
Дунёга бола нигоҳи билан қараш
Қанийди, ҳар доим бола бўлиб қолса эди инсон. Қанийди ҳар доим бола нигоҳлари билан қарасайдик дунёга. “Болалар туғилганларидаги масъумлик билан улғайганларида инсонлик учун курашишнинг кераги бўлмасди!” деган сўзлари билан Ганди асл ҳақиқатнинг тасвирини чизган эди. Болаларнинг юзида муҳташам масъумлик, самимият ва беғуборлик бор. Бола кулганидам, йиғлаганида бутун вужуди билан кулиб, кўз ёш тўкади. Ер тепиб, ўзини ерга отиб йиғлаган ё кулаётган болакай иккиюзламачилик нималигини билмайди. Катта бўлгани сари иккиюзлмачиликни, ёлғонни ўрганадилар.
Дастлабки олти йилда бола ва ота-она орасида ортиқча муаммолар келиб чиқмайди. Гўдак ёшидаги болалар билан боғлиқ ҳолатлар — тагини ҳўл қилиб қўйиши, тирноғини чайнаши, чақалоқ укасини қизғониши, ҳар нарсага қўл теккизиши, ҳаракатчан ва серсавол бўлиши.
Боланинг тинимсиз саволлар бериши табиий. Муҳими, ота-она боланинг саволларига ёши ва қарашларини инобатга олиб, муносиб жавоб бера олишидир. Болалар қизиқувчан бўлашади. Қизиқиш — ўрганишнинг асосидир. Бола гўдаклигида қанчалик қизиқувчан бўлса, улғайганида катта-катта масофаларни мўлжаллайдиган, мақсадни улкан оладиган бўлади. “Даҳо” ва “лидер” деганимиз инсонлардаги муштарак хусусиятлардан бири — қизиқувчанликдир.
Болаларнинг бир-бирига рақиблиги ҳар оилада озми кўпми кузатиладиган ҳолат. Ахир инсониятнинг илк жинояти ҳам ака-уканинг рақиблиги оқибати рўй бермаганмиди? Авваллари оиланинг ягона қувончи, севинчи, эркатойи бўлган болакай ота-онасининг муҳаббати бўлинганини, уйга яна бир севимли келганини кўриб ғазабланади. Албатта, бу ғазабнинг энг биринчи “тепки”лари роҳатини бузган инсон, яъни ука ёки сингилга қаратилади. Болалар ўртасида рақиблик пайдо бўлмаслиги учун ота-она аввалдан, иккинчи фарзанд дунёга келмасдан аввал ҳаракат қилишлари керак. Яъни болакайга ака ёки опа бўлишини, катта бўлиш жуда яхши эканлигини, энди улар ота-оналари ёрдам бериб, эрта-индин уйларига келадиган жажжи чақалоқ туғишганларини катта қилишларини тушунтириш керак самарали. Чақалоқ учун хона тайёрланаётганда, ўйинчоқ, кийим-кечак харид қилганда тўнғични катта бола санаб фикри билан қизиқиш керак. Кичик чақалоқ уйга келган куни тўнғичга энг севимли, ўзи хоҳлаган буюм ёки ўйинчоқни совға қилиш — болалар ўртасида муҳаббат уйғотишнинг энг мақбул йўли. Укаси ё синглисининг ташрифи билан орзу қилган нарсасига эришиши бир кунда рўй бериши болани севинтиради.
Энг моҳир тақлидчилар
Бола — моҳир тақлидчи. Кўргани, эшитгани, тегингани, ҳидлагани зеҳнида қолади. Бир ҳафталик чақалоқ онасини ҳидидан танийди. Бировларнинг қучоғида инжиқланган чақалоқ, онаси қўлга олса пишиллаб ухлаб қолиши ҳам она ҳиди берадиган ҳаловат сабабидан.
Икки яшар болакайнинг хотираси атрофидаги воқеа-ҳодисаларни фотоаппарат каби тез ва осон муҳрлайди. Бу ёшдаги гўдаклар олдиларида гапирган ҳар гапингиз ва хатти-ҳаракатингизга тақлид қиладилар.
Тили чиқаётган бола жуда ширин бўлади. Айрим ота-оналар боласи тилга кира бошлаганида ҳар кимнинг олдида гапиртиришни яхши кўрадилар. Болани бошқалар олдида гапиртириш яхши, албатта. Фақат баъзи ота-оналар бегоналар олдида гўдак болага ҳақорат сўзлар ўргатиб гапиртиришдан завқ туядилар. Бу энди жуда хунук ва инсонни уятга қўядиган ҳолат. Бу билан ота-она атрофдагиларга ўзининг тарбияси ва фаросати не қадарлигини ҳам кўрсатади.
Бу воқеани менга ўрта мактабда ўқитганим бир ўқувчим гапириб берган эди. Уч яшар боласи бор эр-хотин овқатланаётганларида эшик қўнғироғи чалинади. Аёл эшикни очади ва меҳмонни меҳмонхонага чорлаб, ошхонага ўтади. Меҳмонни хушмалагани юз-кўзидан аён хотин эрига “Анави бетайин қўшнимиз келди!” дейди. Уч яшар болакай қўлидаги лумаси билан уёқдан буёққа ўйнаб юриб, меҳмонхонадаги аёлга кўзи тушаркан: “Бетайин хола, хуш келдингиз!” дейди.
Ота-она боласининг олдида тилига чиқараётган сўзга эътиборли бўлиши шарт! Болангиз ҳақорат сўзларни ишлатса, сўкинса бу кимнинг мағлубияти?!
Умида АДИЗОВА тайёрлади.
Манба: Azon.uz “Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Эрон Исроил билан кенг кўламли урушга тайёрлигини маълум қилди
Грецияда минглаб одамлар НАТОга қарши намойиш ўтказди
Энди «Доимий яшаш жойига рўйхатга қўйиш» қулайлашди (видео)
100 млн сўмгача бўлган кредитлар соддалаштирилган тартибда ажратилади
Германия разведкаси раҳбари: “Россия яқин йилларда НАТОга ҳужум қилиши мумкин”
Словакия бош вазири Путиннинг таклифини қабул қилди
Бош кийимсиз юришнинг организмга қандай таъсири бор?
Эрдўғон: “Туркия Ғазо можароси тугамагунча Фаластинни қўллаб-қувватлайди”