Фото: «РИА Новости»
Куба лидери Фидель Кастро уни тик туриб олқишлаган, мураббийи Муҳаммад Али эса катта иқтидор эгаси эканини тан олганди. Бу Собиқ Иттифоқнинг энг яхши боксчиларидан бири Олег Коротаев эди. У 196 та жанг олиб борган бўлса, шулардан тўққизтасинигина бой бериб, 160 та ғалабасини накаут билан якунлаган. АҚШда унга миллион долларлик контракт таклиф этишганида у ватанини ташлаб кетолмаслигини айтган. Эҳтимол, шунинг учун ҳам ёш боксчи жуда қисқа яшагандир. Унинг фаолияти мураббийлик билан эмас, панжара ортида тугади. Боксчи барибир хорижга кетди. Фақат сирли ўлим топди. Олег Коротаевнинг ёрқин ва қоронғи ҳаёти ҳақида «Лента» хотирлайди.
«Рус танки»
1970 йил, Куба. Рикардо Кордова Кардин номли халқаро турнир финали. Боксчи Олег Коротаев маҳаллий спортчи Луис Бальерни нокаутга учратди. Томошабинлар қаторида Фидель Кастро ҳам бор эди. У Коротаевни тик турган ҳолда олқишлади, жангдан сўнг эса уни шахсий автомобилида меҳмонхонага кузатиб қўйиш таклифини билдирди. Куба лидери спортчига мачете — қимматбаҳо сувенир ҳадя этди. Боксчи уни ватанига олиб кетиб, уйидаги қадрли совғалар сафига қўшиб қўйди.
1971 йил. Боксчилар делегацияси бош қаҳрамон — Коротаев (матбуотда уни «Рус танки» деб аташарди) билан бирга Лас-Вегас аэропортига қўнишди. Икки йилдирки, АҚШ ва Собиқ Иттифоқ спортчилари ўртасида мусобақалар ўтказилаётганди, аммо бу делегациянинг Штатга биринчи ташрифи эди.
Коротаев юзлаб америкаликлар кўз ўнгида Марвин Жонсон (у 1972 йил Олимпия ўйинларининг бронза соҳиби бўлган)ни, кейин — Уильям Ратлиффни, АҚШ чемпиони ва Муҳаммад Алининг спарринг-партнёрини нокаутга учратди. Бу кутилмаган онлар эди — зал бир неча сонияга сукутга чўмди. Сўнгра арена мисоли портлади – Коротаевнинг қўллари юқорига кўтарилди. Триумф ортида спортчини Алининг менежери Анжело Данди кузатиб турарди. Мусобақадан кейин у делегация аъзолари билан учрашди ва кутилмаган таклифни билдирди: профессионалларнинг Штатга кўчиб ўтиши учун миллион долларлик контракт.
Олегга қатъий рад жавобини бериш тавсия этилди. У матбуот анжуманида сокинлик билан 250 миллион ватандошини миллион долларга алмашиб бўлмаслигини, боксда узоқ қолмаслигини, ўзини фанга бағишламоқчи эканини айтди. Шунда Данди боксчига хотира ва ҳурмат рамзи сифатида – жавоҳир ҳамда сапфир кўзли узук совға қилди.
— Яратган ҳар бир одамга бахт учун имконият беради, — деб ёзади кўп йиллар ўтгач Коротаев ўз кундалигида. — Фақат уни қўлдан бой бермаслик ва тақдир белгиси сифатида қабул қилиш керак. Мен юртим олдида, яқинларим олдида, ўзим олдимда виждонимни сақлаб қолдим. Ҳа, мен ўзимдан фахрландим. Бироқ вақт ҳаммани синовдан ўтказар экан.
Эҳтимол, Анжело Данди томонидан берилган таклиф айнан ўша белгидир.
«Аблаҳга бўйин эголмадим»
Профессионалликка ўтиш тақиқи Олег ҳаётида туб бурилиш ясашини боксчи хаёлига ҳам келтирмаганди. Устига-устак, у ҳаваскорлик даражасида кўпроқ ютуқларга эришишдан умидвор эди – Олимпиадани орзу қиларди. Ахир у ҳали 22 ёшда, тез ўсишини, ўзига бўлган ишончни ҳис этарди. Бежизга уни энг яхши янги авлод боксчиси ҳисоблашмаган. Аммо унинг орзулари рўёбга чиқмади. Бунга Коротаевга жиддий қарши бўлиб қолган одам сабабчи, барини ўша ҳал қиларди: терма жамоа бош мураббийи Анатолий Степанов.
У Олег билан аввалдан келишмаган. Бундан ташқари, Степанов боксчининг шахсий мураббийи Георгий Жероян билан гаплашишдан ҳам бош тортади. Шундай гап-сўзлар ҳам юрардики, Степанов халқаро мусобақаларда қатнашиш учун спортчилардан пора олган. Коротаев ва Жероян буни бир неча бор ошкора айтишган ҳам, аммо бошқалар буни тасдиқлашмаган.
— Бу одам менинг бутун умидларимни пучга чиқарди. Аммо мен бу аблаҳга бўйин эголмадим, — деб эслайди Коротаев.
— Степанов мураббий бўлган пайтлари терма жамоага одамларни спортга доир сифатларига қараб эмас, балки уларнинг ўзларини тутиши ва итоаткорлигига қараб танларди, — дея изоҳ беради боксчи ва мураббий Евгений Калмиков «Олег Коротаевнинг эрксиз қулаши» ҳужжатли фильмида.
Хуллас, Коротаев 1970 йил ўзининг Европа чемпионати дебютида заҳирада қолади. Рингга унинг ўрнига Владимир Метелев чиқади ва ютқазади. Ўшанда Степанов спортчиларни танлашда хатога йўл қўймаганини исботлашига тўғри келади. Бунда унга турнирдан қайтган Коротаевнинг машғулотлардан бирида жароҳат олиши – оёқ бойламининг узилиши жуда қўл келади. Операция, ҳассага таяниб қолиш, карьерани тугатиш бўйича маслаҳатлар, буларнинг бари Олегга кучли зарба эди.
— У доим нимагадир қарши курашарди: гоҳ жароҳатлар, гоҳ мураббийнинг тушунмаслиги... Хуллас, унинг ҳаётда омади чопмади, — дейди Коротаевнинг термадаги дўстларидан бири Вячеслав Николаев.
Олегнинг жамоада қолиш-қолмаслиги Ленинградда бўлиб ўтадиган назорат турниридан сўнг маълум бўлиши керак эди. У мусобақада ўша Метелев деганларини нокаутга учратади. Шундан сўнг Степановга саволлар ёғилади ва у мансабидан айрилишига сал қолади. Степанов бир амаллаб ўз ўрнида қолади — спортчиларни Мюнхендаги олимпиадага тайёрлаш бошланади.
Таркиб бўйича асосий хулосага Собиқ Иттифоқ чемпионатидан кейин келиш керак эди. Коротаевни жароҳатлари ҳали ҳам қийнашига қарамай, у иккита жангда ғолиб келади. Финалда эса Николай Анфимов — унга ноқулай рақобатчига тўғри келиб қолади. Бу 5 та нокдаунли жуда оғир жанг бўлади. Иккитаси Анфимовга, учтаси — Коротаевга «насиб этади». Ниҳоят, Степановни қувонтирадиган лаҳзалар ҳам яқинлашади, жанг тўхтатилди ва Анфимов ғолиб деб топилди.
Энди мураббий соғлом рақобатчиларни кўрсатиб, Коротаевни ўйинларга олмаса ҳам бўлади. Камига Олег ҳам тартибни бузади ва базага «отбой»дан ярим соат кечикиб келади. Степанов раҳбариятга Коротаевни умрбод дисквалификация қилиш ҳамда Жероянни барча нишонларидан маҳрум этиш талабномаси билан киради. Раҳбарият ҳам унга имзо чекади.
Бу оғир кунларда боксчининг ақлдан озмаслигига рафиқаси – Татьяна катта ёрдам беради. Улар эндигина турмуш қуришган эди.
«Менинг карьерам ўхшамади»
Бироқ 1972 йилдаги ўйинларда иккитагина медални қўлга киритган Собиқ Иттифоқ жамоаси парокандаликка юз тутади. Степанов четлаштирилиб, Коротаевнинг дисквалификацияси бекор қилинади. 1973 йилнинг июнида у Югославияга – Европа чемпионатига йўл олади. Яримфиналда у Мюнхен чемпиони Мате Парлов билан рингга чиқади. Кучлар деярли тенг бўлишига қарамай, боксчи ютқазади: Парлов Коротаевнинг қошини ёриб қўяди ва Олегни ўйиндан олишади. У Парловга 1974 йил Кубада бўлиб ўтган биринчи жаҳон чемпионатида ҳам устунликни қўлдан бой бериб қўяди – бунисида ҳам ўша ёрилиш.
Коротаевнинг боксдан қаттиқ кўнгли қолади, Жаҳон чемпионатида насиб этган кумуш медални ҳам мағлубият деб қабул қилади. «Менинг карьерам ўхшамади» деб ёзиб қолдиради у кундалигида. Ўша вақтларда у спортдан узоқ дўстлар орттиришга ҳам улгуради: шубҳали улфатлари билан барларда ўтирадиган одат чиқаради. «Сказка» номли ресторанлардан бирига бўлган навбатдаги ташриф барига нуқта қўяди.
Кўнгиочарлик уруш-тўполон билан якунланади: Коротаев Собиқ Иттифоқ ички ишлар вазири Игор Шелковнинг ўғлини бир неча марта «тушириб қолади». Боксчи устидан жиноят иши қўзғатилиб, уни қамашади. Буларнинг бари уч кун ичида содир бўлади. Олдинда эса Коротаев қатнашиши керак бўлган мамлакат чемпионати яқинлашиб келарди. Ишни вақтинча босди-босди қилиб туришга тўғри келади ва Олегни мусобақадан олдин қўйиб юборишади. У яримфиналда Анфимовга ютқазиб қўяди ва рингга бошқа қайтмайди.
Воқеалар хроникасида унинг исми тез-тез қайд этиладиган бўлиб қолди. «Варшава» меҳмонхонасида бир хорижликни уриб, ҳамёнини олиб қўйгач боксчи устидан аноним хат ёзилиб, КПСС нинг XXV съездига юборилди. Собиқ чемпионнинг квартираси тинтув қилинди, Кастро томонидан ҳадя этилган мачете – совуқ қурол сифатида қабул қилиниб, мусодара этилди. Яна тасдиқланмаган маълумотларга кўра, у ердан гиёҳвандлик моддаси ҳам топишган. Хулоса — колонияда 5 йил ўтириш.
Коротаев муддатни Ярославлда ўтади, колония бошлиғи эса бокснинг чинакам ишқибози эди. У Олегнинг шуғулланиши учун барча шароитларни яратиб берди, бироқ собиқ чемпионни энди спорт қизиқтирмай қўйганди. У борган сари жиноят оламига шўнғиб борарди, 1983 йилга келиб жуда кўп авторитетлар (катта жиноятчилар) уни «ўзиники» ҳисоблашарди.
Боксчи озодликка чиқар-чиқмас яна зонага қайтди. Бу гал ҳам унга навбатдаги ур-сур учун 5 йил беришди. У бошида Тагилда ўтирди, кейин Биробижанда жойлашган колонияга ўтказилди. 1988 йил собиқ спортчини муддатидан олдин қўйиб юборишди. Энди у бизнесга қўл урди — спорт кийимлари ишлаб чиқара бошлади. Пули ва қиммат машиналари пайдо бўлди, ҳаёти ҳам аста изга тушди.
Бари мужмал
Кейин яна ҳаммаси орқага қараб кетди. Коротаев дуч келаётган муаммолар айнан ўтмиш асорати бўлиб чиқарди. Унинг омадли бизнесини бахил, ичи қора, ҳасадчи кимсалар «кўролмаётганди».
1992 йил. Коротаевнинг ҳаёти хавф остида эканидан хабар топган собиқ боксчи Вячеслав Николаев бу пайтда орган ходими эди. У Олегни огоҳлантирди: «Сени ўлдиришга буюртма берилгани тўғрисида маълумот бор. Энди нима қиласан?» Николаевнинг бу саволига Коротаев шундай жавоб беради: «Ўзим ҳал қиламан». Шундан кейин у АҚШга, бизнес билан шуғулланишга кетади.
Хорижда қонуний яшаш учун собиқ чемпион Россиядаги хотини билан ажрашмай туриб, АҚШ фуқаросига уйланади. Бунга қандай эришгани эса номаълум. У Америкада янги хотини раҳбарлик қилган сайёҳлик компаниянинг вице-президенти бўлади. Шунга қарамай, собиқ боксчи Россиядаги оиласини ҳам унутмайди: доимий қўнғироқ қилиб хабар олади, моддий томондан қўллаб-қувватлаб туради. 1994 йилнинг февралида яқинларини бориб кўриб келишни ҳам режалаштириб қўяди.
Бироқ уни 12 январь куни Брайтон-Бичдаги рус ресторани эшиги олдида отиб кетишади, ўқ энса соҳасига теккан, Коротаев ўша ердаёқ жон берган. Буюртмачи ким, ким отди, нима мақсадда — Бруклин полицияси бунинг тагига етолмади.
— Бу ёлланган қотилнинг иши. Ўйлашимча, у Коротаевда шубҳа уйғотмаган. Эҳтимол, улар ресторанда бирга ўтиришгандир. Фақат у тунда кимсасиз кўчада қолганида қотил бамайлихотир тўппончасини чиқарган ва уни отган, — дейди Нью-Йорк штатининг уюшган жиноий ишларга қарши курашиш раҳбари Грег Сташук. Тахминлардан бири — қотиллик ортида рус мафияси турган.
Коротаевнинг танаси Россияга олиб келинди, у билан хайрлашиш учун Ваганьковский қабристонига юзлаб одамлар йиғилди. Охирги йиллардаги гап-сўзларга қарамай, у ҳаммасининг севимлиси бўлиб қолганди. Боксчи Константин Кобцев уни шундай хотирлайди:
— Олег оддий, кўнгилчан йигит эди. У дўсти учун охирги нарсасини беришга ҳам тайёр эди. Эҳтимол, бу баландпарвозликдир, лекин у шаффофдек пок инсон эди.
Орадан 25 йил ўтса-да, Коротаев ишига бирорта аниқлик киритилмади. Чемпион ҳаётида жуда кўп кутилмаган ва тушунарсиз, ғалати ҳодисалар содир бўлди. У неча марталаб тақдирини ҳал этувчи қарорлар қабул қилишга мажбур бўлди. Бироқ энг муҳим қарорни унинг устидан қабул қилишди: Коротаев «250 миллион ҳамюртини миллион долларга алмашмади», лекин ундан кўпроғини кечишга тўғри келди. “Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Организмда қайси турдаги витамин етишмаётганини қандай аниқлаш мумкин?
Бош кийимсиз юришнинг организмга қандай таъсири бор?
Ўзбекистонда онкологик касалликка чалинган аёллар бепул даволанади
Словакия бош вазири Путиннинг таклифини қабул қилди
Эрдўғон: “Туркия Ғазо можароси тугамагунча Фаластинни қўллаб-қувватлайди”
Грецияда минглаб одамлар НАТОга қарши намойиш ўтказди
Энди «Доимий яшаш жойига рўйхатга қўйиш» қулайлашди (видео)
Медведев Россия НАТО ҳарбий базаларига зарба йўллаши мумкинлигини истисно қилмади