date
views 2 134

Шавкат Мирзиёев Каъбани тозалади

Шавкат Мирзиёев Каъбани тозалади
Кеча Тошкент шаҳридаги “Ҳазрати Имом” жоме масжидида жума намозига муфтий хазратлари Нуриддин Холиқназаров ташриф буюрди.

Куни кеча давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев умра зиёратини амалга ошириб, ватанимизга қайтдилар. Зиёрат давомида ҳамрохлик қилган муфтий ҳазратлари бугунги жума намозида Умра зиёрати таассуротлари ҳақида мавиза қилдилар. Халқимиз бу тарихий воқеада Президент илк бора зиёрат амалларини қандай бажарганини ижтимоий тармоқларда кузатиб турди. Уларнинг ҳиссиётларини, дуоларини муфтий хазратлари гўзал тарзда масжидга йиғилганларга етказдилар.

– Бу минбар Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи ва салламдан мерос ҳисобланади. Бу ерда дунё гапи гапирилмайди, бу ерда оят, ҳадис, тақвога оид гаплар гапирилади. Бирор жойга бориб, сафаримизни айтиб беришлик жума хутбасига тўғри келмайди. Лекин мен хутбанинг одоб-ахлоқига тўғри келса, таассуротларимни мавиза тартибида айтсамда.

Мусулмон одамнинг сафари бир неча хил бўлади. Тижорат сафарлари, амалий сафарлар, хизмат сафарлари. Шунингдек, гуноҳ қилинган сафарлар бор ва бу сафарлардан қайтарилган. Ибодат сафари Каъбатуллоҳга Ҳаж ва Умрага бориш ҳисобланади. Пайғамбаримиз саллолоҳу аллайҳи ва саллам мана шу сафар бобида айтар эканлар фақат 3 та масжид учун ният қилинади: “Масжидун Набавий”, “Масжид-ул Ақсо” ва “Масжид-ул ҳаром”. Ҳар бир мўмин шу сафар орзусида бўлади, бир марта бўлсада сафар қилишликни Аллоҳдан сўрайди. Қилинган зиёратлар, сафарлар ичида мана шу ўзгача бўлди, десам янглишмайман.

Аслида бу Саудия Арабистонининг подшоҳи таклифи билан бўлган давлат ташрифи ҳисобланади. Ва, албатта, Президентимиз шу ташриф асносида зиёратни ҳам ният қилдилар. Режага кўра, дастлаб Жидда шаҳрига бориш керак эди. Бироқ юртбошимиз “Биринчи Мадинага тушамиз, Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи ва салламни зиёрат қилиб, кейин бошқа ишни қиламиз”, дедилар.

Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи ва саллам айтадиларки, “Бирон бир масжидда намоз ўқишни фазли бўлмайди, Масжидун Набавийда намоз ўқилганда битта намозга мингта намознинг фазли ёзилади”. Мана шу ҳуддудни белгилаб буёғи қанча кенгайса ҳам ҳарам бўлади, дейилади. Кўпчилик равза билан қабрни аралаштириб юборади. Мурод равзада биринчи кириб намоз ўқиш, равза бу боғ дегани. Пайғамбаримиз алайҳисалом “Менинг уйим билан минбарим ораса равза, яъни, жаннат боғидан бир боғ”, деганлар. Шунинг учун бу жой ердаги жаннат боғи, дейилади.

Зиёратга борганлар билишади, аввал равзада намоз ўқиб кейин пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи ва саллам қабрларини зиёрат қилинади. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи ва саллам ётган жойлари Ойиша онамиз билан яшаган ҳужра ҳисобланади. Маълумотларга кўра, ўша даврда Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи ва салламга қабр кавлашда саҳобаларда ихтилоф бўлиб қолган. Қабр лаҳад ёки ёрма шаклида бўлиши мунозарали масала бўлиб қолган. Шундай вазиятда саҳобалар “Эшикдан биринчи бўлиб қайси гўрков келса шунинг гапини оламиз”, дедилар. Ва ўша жойга лаҳатлик кириб келди ва Ойиша онамизнинг уйларига қабр кавланиб, шу жойга дафн қилиндилар.

Пайғамбарларнинг жасадларини ҳеч қачон ер емайди – ҳеч қачон чиримайди. Ҳамма Пайғамбарлар қиёматгача шундай туради. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар “Ким мени зиёрат қилиб, менга салом айтса, менинг руҳим қайтади ва унинг саломига алик оламан”, деганлар. Шунинг учун равзада намоз ўқигандан кейин Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи ва салламга салом берадилар. Пайғамбаримиз ёнларида буюк саҳоба Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу дафн қилинган.

Ойиша онамиз “Пайғамбаримиз саллолоҳу аллайҳи ва саллам ёнларига отам Абу Бакр Сиддиқ дафн қилинган мен уларнинг олдиларига кириб, қабрларини тез-тез зиёрат қилиб турар эдим. Ҳазрати Умар дафн қилинганида, у ерга кирганимда ўзимнинг ҳаё, ибо билан рўмолимни ўраб кирадиган бўлдим” дедилар. Аслида Ойиша онамиз ўзлари учун у ерни сақлаб турардилар. Хазрати Умар разиаллоҳу анҳу шаҳид бўлганларида, ўлими олдидан Ойиша онамизнинг олдига фарзандларини юбориб, Пайғамбаримиз ёнларидан жой қилсалар бўлармикан, деб сўратганлар.

Фарзандалар Ойиша онамизнинг олдига келиб, Умар ибн Ҳаттоб олдингизга юбордилар, деди. Ойиша онамиз йиғлаб, “Нега амир ал-мўминин демаяпсиз?” дедилар. Фарзандлари “Ҳазрати Умар разияллоҳу анҳу жон бериш ҳолатда бўлганлари учун бизга амир-ал мўминин деб мурожаат қилишни тақиқладилар”, деб жавоб беришди. Ойиша онамиз “Ўзи ўша ерда бир кишилик жой бор эди. Ўзим учун ушлаб тургандим, лекин у ерда ётишликка Хазрати Умар ҳақлироқ, деб биламан”, дедилар.

Президентимиз билан масжидга келганимизда машина масжиднинг ташқарисида келиб тўхтади. Ичкарига жуда узоқ юрилиши ва жуда иссиқ бўлгани учун ўша ердаги масжид хизматчилари, мутассадилар махсус электромобил олиб келиб қўйишди. Шунда Президентимиз “Расулуллоҳ олдиларига уловда бораманми? Пиёда бораман, ахир бу беодоблик бўлмайдими”, дедилар. Пиёда бордик. Жиброил деган дарвозадан кирилади, кейин суффаа бор. Пайғамбаримиз даврларида камбағал, муҳтож бўлган, лекин динини маҳкам тутган, сўфий бўлиб кетган Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳуга ўхшаганлар ўша суффада яшарди. Уларни Аҳли суффа деб аташарди.

Ҳозир ҳам ўша суффа турибди. Беихтиёр ўтаётганимда ўша жойда Абу Хурайра разияллоҳу анҳу ўтирганликлари, аҳли суффа овқатсиз, ўша ерда ўтириб, сабр қилиб турганликлари, уйлари бор саҳобалар буларга қараб, ибрат олганликларини эсладим. Шундай бўлсада Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ҳадис ривоят қилиш бўйича биринчи ўринда турадилар. Бу илмни, маърифатни фақатгина бойлик билан олмасликнинг нишонасидир. Равзада намоз ўқидик. Бу ерда бошқача бўлиб кетасиз, жаннатнинг бир боғида тургандай. Бунақа жойда ҳар қандай одам ўзи билан ўзи бўлишни бошлайди.

Президентимиздан илтимос қилдимки, бу ер дуо қабул бўладиган жой, шу ерда дуо қилиш керак, дуо қилинг дедиим. Қўлларини дуога очдиларда биринчи дуолари “Ё Раббий, дуо қабул бўладиган жойда сендан ёлвориб сўрайман, менинг халқимни тинч қилгин”, дедилар. Фақат халқни сўраб дуо қилдилар. Иккинчи марта яна айтдим, ўзингиз учун ҳам дуо қилинг. Яна қўлини дуога очдилар-да “Юртимни ёшларини илмли қилгин, саодатли қилгин бахтли қилгин. Юртимда ҳеч нотинчлик бўлмасин”, деди. Учинчи мартда яна айтдим, “Ўзингиз учун дуо қилинг”. Яна халқни дуо қилдилар-да. Мен йиғладим. Бу ерда ҳеч кимда хўжакўрсинлик бўлмайди.

Ҳақиқатдан юракдан тўкиладиган жойлар. Мен кейин Президентимиз ҳақларига дуо қилдим. Уларга Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи ва саллам яшаган, дафн қилинган жойни очиб бердилар. Аввал Фотима онамизни уйларига кириб, кейин дарчадан пайғамбаримиз уйларига ўтилар экан. Шу ерга дафн қилинган, ўша ер мато билан ўраб қўйилибди. Расуллуллоҳ олдида туришликни тасаввур қилинг? У ердаги муҳит ёзиб ёки айтиб тушинтириладиган нарса эмас.

Давлатимиз раҳбари “Ассалому аллайкум ё расулуллоҳ. Мен сизга сизнинг умматингиз бўлган Ўзбекистон халқи мўмин, мусулмонларини саломини олиб келдим қабул қилинг”, дедилар. Кейин ҳаммамиз жўр бўлиб саловат айтдик. Кейин қибла томонга қараб, қайта ва қайта халқимизни дуо қилдилар. Ажиб бир роҳат билан чиқдик. У ердан қайтиб Жидда шаҳрига борилди ва эртасига Умра амалини бажаришга киришдик.

Бизнинг юртимизга эътиборни кўриб, беихтиёр кўзингизга ёш келади. Биринчи Президентимиз бундан 30 йил аввал борган эди. Демакки, 30 йил деганда Президентимиз ташрифи. Жида, Макка, Мадинада байроқларимизни кўриб тўлқинланар экансиз. Саудия Арабистонининг шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон шахсан ўзлари кутиб олди. Вазирлар, тадбиркорлар, Ислом тараққиёт банки билан учрашувларни гўзал тартибда ўтказдилар. Гўёки Пайғамбаримизни зиёрат қилиб, улардан ижозат сўраб кейин бу ёққа келяптилар. Одоб билан аввал у зотга салом айтиб, ҳурмат кўрсатиб, умматларининг саломини етказяпти. Яъни зиёрат билан бошланган ташриф бошқа сиёсий жараёнларни ўтказиб, ибодат билан тугади.

Шундан сўнг Каъбатуллоҳга бордик. Каъбатуллоҳ калитини Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи ва саллам Абу Толҳанинг ўғилларига бериб Абу Толҳанинг авлоди бу калитга ҳақли, то қиёматгача бу калит сизларда туради фақат золим бўлсагина сизлардан тортиб олади, бошқа ҳеч ким олмайди, деб топширган эканлар. Ҳозиргача мана шу оиланинг авлодида калит сақланиб келинар экан. Ўша юртининг подшоси бўлса ҳам шу оилага илтимос қилиб, эшикни кейин очар экан. Бизга ҳам оила вакили келиб эшикни очди. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи ва саллам намоз ўқиган жойлари ажратиб қўйилаган, шу жойда Президентимиз намоз ўқидилар.

Пайғамбаримиз боши теккан жойга бошини қўйиб, сажда қилиб “Халқимни ўзинг асра, камбағаллар камайсин, иқтисодимизни кўтар роббим”, деб дуо қилдилар. 11500 та хатми қуръон қилдик, имомларимизга, мударрисларга раҳмат, ёрдам беришди. Ўша ерда ўқиб, мен бахшида қилдим. Ўзбекистондан ўтиб кетган ким бўлса, ўзинг рахматингга ол деб дуо қилдик. Бу жойда вақт чегараланган. Бироқ яна озгина ўтиришни истайди киши. Масъул келдида елкамга уриб “Деворнинг бу тарафига қараб ўқинглар”, деди. Тўрт томонга қараб намоз ўқидик.

Сўнгра кутилмаган воқеа бўлди. Бирдан қўлимизга муаттар латта беришди. Каъба деворини артишга муяссар бўлдик. Президентимиз бутун Каъба деворини артар эканлар, йиғлаб дуо қилди. Ўзи аслида бу юмушни шу юрт подшоҳи қилишга ҳақли. Бундан қандай манфаат бор, деб ўйлашингиз мумкин. Биринчидан, бу шукрона ҳисси бўлади. Кейин юртимиз раҳбари юрт номидан дуо қилиб, Каъбага қараб намоз ўқиши мўмин одамни қувонтиради. Бунинг учун биз Аллоҳга шукур қилишимиз керак, – дедилар Нуриддин домла Ҳолиқназаров.

Муфтий ҳазратлари мавизалари сўнгида давлатимиз раҳбари ва мусулмонларнинг ҳаққига дуо қилдилар. Зиёрат қалбларни титратадиган таассуротларга бой бўлганлиги айтилиб, ҳар бир мусулмонга мана шундай зиёрат насиб этилиши сўралди.

Камола Адашбоева тайёрлади
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Шавкат Мирзиёев Каъбани тозалади