1 665
Сиёсатшунослар Путин ва Сининг Самарқанддаги учрашуви ҳақида: “Россия ўзи кутган қўлловни ололмади”

Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов ва иқтисодчи Абдулла Абдуқодиров Россия ҳамда Хитой президентларининг Самарқандда ўтган икки томонлама учрашуви ҳақида ўз фикрларини билдирди-.
Таҳлилчиларга кўра, Путин Хитой раҳбаридан Украинадаги уруш бўйича кутилган қўлловни ололмаган.
Камолиддин Раббимов: Ўйлашимча, ҳақиқий фикр алмашишлар ёпиқ эшиклар ортида бўлди. Бунда Россия президенти ташаббусни қўлга олиб, вазиятни ўз манфаатига расмийлаштиришга ҳаракат қилди. Яъни Хитой раҳбарига Украина масаласидаги қўллаб-қувватлов учун миннатдорчилик билдирди. Аслида, Украина масаласида Хитой жуда ҳам эҳтиёткор.
Унинг Украина масаласида позицияси икки таркибий қисмдан иборат: глобал геосиёсат. Бу масалада Хитой Россия томонида. Чунки у НАТОнинг кенгайишини ва ғарб агрессив геосиёсатини ҳамиша танқид қилади. Лекин ШҲТнинг энг марказий қадрияти бу – давлатлар ҳудудий яхлитлиги. Бу масалада Хитой ҳеч қачон компромиссга бормайди. Чунки Хитой кўп таркибли миллатлар давлати ҳисобланади. Унинг ичида Тибет бор, уйғурлар бор. Яъни жуда кўп миллатлар, халқлар ва уларнинг ҳудудлари бор.
Хитой учун ШҲТни тузишдан стратегик мақсад ташқи дунёдан, жумладан, постсовет ҳудуди ва Марказий Осиёдаги сиёсий қарашларни назорат қилиш ва Хитой ичкарисидаги сепаратизм қўллаб-қувватловига йўл қўймасликдир. Украина масаласидаги Хитойнинг иккинчи позицияси бу – Украина яхлитлиги. Хитойда шундай зиддият бор. Бир томондан, геосиёсий масалада коллектив ғарбга қарши туриш, иккинчи томондан, Украина яхлитлигини қўллаб-қувватлаш.
Россия ва Хитой орасида ОАВ наздида бамисоли дўстлик бордек эди. Лекин Хитой ғарб томондан қўлланган санкцияларни қўллаб-қувватлаяпти ва тан оляпти, шунингдек, Россия сўраган тўлақонли ёрдамларни шу пайтгача бергани йўқ. Лекин санкцияларнинг ҳаммасини тўлақонли ишга ҳам солаётгани йўқ. Бу ерда Хитой позицияси зиддиятли ва ўта эҳтиёткор. Чунки Хитойнинг Россия билан савдо-иқтисодий алоқалари ғарб давлатлари билан бир неча 10 баробар катта. Улар ичида энг катта савдо айланмаси АҚШ билан амалга оширилиб келинади.
Хитой Россия мисолида кўрдики, масалаларни уруш билан ҳал қилиш тескари эффект беради. Қўшимча санкцияларга олиб келади. Давлатнинг геосиёсий мажруҳланишига сабабчи бўлиши мумкин. Шунинг учун ўйлайманки, расмий Пекиннинг Тайван борасидаги қарашлари бугун ўзгаряпти. У трансформацияга учраяпти. У кейинчалик яна куч билан қайтариб олишга ҳаракат қилиши мумкин. Лекин Россия Украина ўртасидаги уруш оқибатларини ўзида ҳис қилиб кўряпти деб ўйлайман.
Путин вазиятни ташқи дунё учун ўзига оғдиришга ҳаракат қилди. Яъни миннатдорчилик билдириши ортидан бамисоли Хитой Россияни қўллаб-қувватлаётгандек фон уйғотишга уринди. Лекин аслида вазият ундай эмас.
Абдулла Абдуқодиров: Биринчидан, ШҲТ йиғинига Хитой раҳбари Қозоғистон орқали учиб келди. У ерда Хитой Халқ Республикаси Қозоғистоннинг ички суверенитетини қўллаб-қувватлайди ва унга бўлган тажовузлардан ҳимоя қилишга тайёр деб айтилди. Иккинчидан, ўз навбатида президентимиз ҳам Хитойга расмий ташриф билан боришга таклиф этилди. Бу орқали “баъзи нарсаларни бугун келиша олмадик, лекин сиз билан гаплашадиган гаплар бор, Пекинга келинг, ўша ерда гаплашамиз”, дейилди, назаримда.
Учинчи томондан, Путин айтдики, Украина масаласида Хитой ўзининг аниқ позициясини айтган. Яъни Хитой раҳбари “уруш бизда хавотирни уйғотяпти” деган фикр билдирди. Демак, Хитой ўзининг аниқ позициясини кўрсатди. Биринчидан, уруш чўзилиб кетди, иккинчидан бу иқтисодиётга ҳам ўз соясини солади. Шунинг учун бу Си Жинпингга ёқмайди. Унга бу кўрсатиб қўйилдики, мабодо Тайванга уруш очилса, Украинадаги ҳол бу ҳали ҳолва. Бундан юз баробари Хитойнинг бошига келиши мумкин деган аниқ хабар бериб ўтилди. Қисқа учрашувда ана шу кузатувлар кўринди.
Лекин мени хурсанд қилган томони шу бўлдики, саммит давомида ташкилотга аъзо давлат раҳбарларнинг кечки айланишга чиқишлари ва ташкилотчиликка ҳамма тан берди. Ўзбекистондаги ўзгаришларни Самарқанд мисолида кўришди ва унга тан беришди. Ўйлайманки, “Самарқанд руҳи” деган тушунча ҳамманинг қалбида кетди. Яъни президент мақоласида айтгани каби Самарқанддан халқаро тинчлик масалалари бошқачароқ кўринади, яъни савдо ва тижорий алоқалар билан ривожланиш ҳаммамизга урушдан кўра кўпроқ наф беради деган фикрни айтди.
Саволингизга жавоб берсам, биринчидан, бу учрашувда Путин ўзи кутган қўллаб-қувватловни ололмади, иккинчидан, ШҲТ кун тартибини ғарбга қарши қаратилган деб ҳам кўрсатолмади.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар