22:18 / 13.07.2023
480

Кучайган рейдлар, қадрсизланаётган рубл ва мигрантларсиз Россия

Кучайган рейдлар, қадрсизланаётган рубл ва мигрантларсиз Россия

Охирги бир неча ҳафта ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ва уларнинг яқинлари учун Россияда мигрантларга қарши ўтказилаётган қатор полиция рейдлари билан хавотирли бўлиб турибди.

Жумладан, бундан бир неча кун аввал ҳам тармоқларда Москва яқинидаги мигрантлар кўп яшайдиган Котелники шаҳридаги масжидда полиция томонидан ана шундай рейд ўтказилгани ҳақида видеолар пайдо бўлди. 

Kun.uz мухбири меҳнат мигрантларига қарши ўтказилаётган ана шу рейдлар ва умуман, Россиядаги ватандошларни қизиқтирган бошқа қатор саволлар юзасидан миграция масалалари бўйича эксперт Ботиржон Шермуҳаммад билан интервью ўтказди.

— Хўш, муҳожирларга қарши бу рейдлардан мақсад нима, мутахассис сифатида сиз бу воқеаларни қандай тушуняпсиз? 

Тўғри, биз бунга қадар ҳам шундай рейдларни эшитиб турардик, лекин рус полициясини нима бунчалик жазавага туширдики, рейдлар бунчалик  намойишкорона, кенг миқёсда тус олди?

— Россияда ҳар 3 ойда бундай рейдлар ўтказилади. Бу сафарги рейдда 7 мингдан ортиқ чет эл фуқароси депортация қилингани, 45 мингдан ортиқ мигрант топилгани айтиляпти. Май ойида Котелники шаҳри фуқаролари мигрантлар кўпайиб кетгани, ноқулайлик туғдираётгани ҳақида Youtube платформаси орқали мурожаат йўллаган эди Путинга. Шундан кейин 2 ҳафта давомида намойишкорона ва қўпол тарзда рейд ўтказилди. Ҳужжати бўлганларни ҳам ушлаб кетишди.

Охирги чиққан видеолар жамоатчиликни жунбишга келтирди. Жума куни масжиддаги одамларни текшириб, ёш оқизувчи газлар сепилганини кўриш мумкин. Эътибор бериш керакки, маҳаллий аҳоли буни қўллаб-қувватлаяпти, кўпроқ текшириш кераклигини таъкидлаяпти. Ҳатто маҳаллий полиция органларига жиноий иш қўзғатилган, яъни фуқаролар мурожаат қилганда мигрантларни текширмагани учун.

— Баъзилар бундан рейдларни Марказий Осиё давлатларининг “Путиннинг йўриғига юрмаётгани учун” жавоб сифатида ҳам талқин қилмоқда. Бу фикрларга қандай қарайсиз?

— Май ойининг охири, июнь ойининг бошларида Россия бўйлаб Тожикистон фуқароларига нисбатан рейдлар бўлди. Бунинг ортида Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги, бош прокурори муносабат билдирди. Лекин ҳозирги кунда тожикистонликларга нисбатан бундай рейдлар ҳақида гап йўқ. 18-25 июнь кунлари бутун Россияда ўтказилган рейдлар ва охирги Котелники шаҳридаги намойишкорона текширувлар ҳақида гап кетяпти. Биринчи босқич тугади деган хабар чиққан бўлса ҳам, ҳозир бошқа шаҳарларда текширув давом этяпти.

Тушунишим бўйича Россия уруш бошлангач, кўплаб муаммоларга дуч келди иқтисодиётда. Ва маҳаллий сиёсатчилар, миллатчилар томонидан муаммолар сабабчиси қилиб муҳожирларни кўрсатишга ҳаракат қилинади. Асосий масалалардан чалғитиб, халқ учун ишлаётгандай кўрсатишади ўзларини.

Меҳнат қонунчилигига зид ҳолатларни аниқлашдан ташқари урушга одам жалб қилиш бўлиши мумкин, деган фикрлар бўляпти бу борада.

— Ўзи умуман, Россияда мигрантлар билан боғлиқ сиёсатга тушуниш қийин. Бу борадаги об-ҳаво, курс жуда тез ўзгариб туради. Бир қарасанг, мигрантларга енгиллик берилувчи фармонлар чиқади, бир қарасанг, бундай рейдлар.

Россияда мигрантларга енгиллик берадиган шундай тартиблардан бири май ойида ўрганилганди. Унга кўра, майда безорилик билан депортация қилинган ўзбек ватандошларига Россияга қайтиш имкони берилди. Мана шу «амнистия» ва унинг натижаларини таҳлил қилиб кўрдингизми? Бу «меҳрибончилик»дан мақсад нима эди ва қандай натижа берди?

— Бу нарса фақат Ўзбекистон фуқаролари учун бўлди. Апрел ойида бошланганди ўзи. Россия Ички ишлар вазирининг ўринбосари махсус буйруқ чиқарди ва буни биттагина Россия каналида эълон қилинди. Унга кўра, жорий йилнинг 15 июнигача ноқонуний юрган Ўзбекистон фуқароларига ўз ҳужжатларини тўғрилашга имкон берилди. Яъни 15 июнгача қўлга тушган Ўзбекистон фуқароларига депортация қўлланмайди. Бу нарсани Ўзбекистондаги референдум билан боғлашди. Кейинчалик май ойида Ўзбекистон фуқаролари учун Россияга киришдаги айрим тақиқлар олингани эса президент сайлови билан боғланди. Лекин бу бўйича расмий хабар чиққани йўқ икки томондан ҳам.

Ростдан ҳам Россиянинг мигрантлар бўйича сиёсатига тушуниб бўлмайди. Ҳукуматнинг кайфиятига, оғзаки келишувлар, ички сиёсий вазиятларга боғлиқ. Охирги 3-4 йилда Россия фуқаролигини олиш, вақтинча яшаш рухсатномасини олиш тобора енгиллашиб боряпти. Уруш бошлангач, урушда қатнашганларга ҳам, уларнинг оила аъзоларига ҳам Россия фуқаролигини бериш белгиланди. Бир томондан енгиллик бўлса, бир томондан мана бундай рейдлар, ҳар хил тадбирлар, қийинчиликлар бўляпти.

Илёс Сафаров суҳбатлашди


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Кучайган рейдлар, қадрсизланаётган рубл ва мигрантларсиз Россия
ePN