date
views 225

Шаҳарсоз: “Германияда автомобилга муҳаббат ўзбекларникидан кучли, аммо у инсон ҳаётидан устун эмас”

Шаҳарсоз: “Германияда автомобилга муҳаббат ўзбекларникидан кучли, аммо у инсон ҳаётидан устун эмас”

Шаҳарларни барпо қилишдаги энг асосий приоритет инсон бўлиши лозим. Унинг автомобиллар учун барпо қилиниши одамларнинг саломатлиги, хавфсизлигидан ташқари, социализациясига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Шаҳарсоз Ҳусан Муқимов бу жараёнда биргина инфратузилмани яхшилаш билан мақсадга эришиб бўлмайди деб ҳисоблайди.

Тошкент автомобиллар шаҳрига айланмоқда. Буни рақамларда ҳам кўриш мумкин. Ўзбекистон бўйича жисмоний шахсларга тегишли автомобиллар сони 3 млндан ошган, пойтахтда эса ярим миллиондан кўпроқ. Урбанизация ҳисобига бошкент кўчаларида кунлик ҳаракатланувчи машиналар 800-900 мингтани ташкил қилади. Бу йўлларда тирбандлик юзага келиши учун етадиган рақамдир.

Шаҳарларда нима учун автомобиллар жозибадорлигини камайтириш, асосий устуворлик жамоат транспорти, пиёдаларга берилиши керак? Жамият учун автомобилсизлаштириш жараёни қанчалик аҳамиятли? Бу борада пулли “парковка”лар ечим бўла оладими? Kun.uz мухбири мавзуни таҳлил қилиш учун ҳозирда магистратурани Германияда тамомлаётган ўзбекистонлик шаҳарсоз Ҳусан Муқимов билан суҳбатлашди.

Шаҳарларда автомобилларни камайтириш муҳим, чунки...

Энг катта принцип, қонун-қоида бу – шаҳарларнинг автомобиллар учун эмас, одамлар учун бўлишидир. Шаҳар одамларнинг фаолияти, умуман аҳоли учун хизмат қилиши керак. Бу жамоат жойи, ҳар хил кўнгилочар жой бўладими, транспорт инфратузилмаси бўладими – ҳаммаси аҳоли учун хизмат қилиши лозим. Автомобилсизлаштиришнинг жамият учун асосий фойдаси биринчи навбатда соғлиққа бўлади. Шаҳар шароитида ҳаво ифлосланишининг энг катта улуши автомобиллардан чиқаётган заҳарли газлар ҳиссасига тўғри келади.

Шунингдек, қурилиш майдонларидан чиқадиган чангларнинг автомобиллар ғилдираклари сабаб кўчаларга чиқиши ҳам бунга мисол бўла олади. Ўзбекистоннинг чанглари бошқа мамлакатлардаги чанглардан фарқли равишда кўринадиган даражада ҳақиқий чанг дейиш мумкин-да. Шунинг учун чангнинг кўчага чиққанидан сўнг, автомобиллар сабаб ҳавога кўтарилиши яна бир ифлосланишга сабаб бўлади. Бу биринчидан.

Иккинчидан, жамиятга соғлом турмуш-тарзини тарғиб қилишда асосий факторлардан биттаси бу – автомобилсизлаштириш, велосипедда, пиёда юриш ҳисобланади. Жамоат транспортига чиқиб, тушгандан сўнг ҳам 5-10 дақиқа юришга ҳам тўғри келади.

Бундан ташқари, айни вақт Ўзбекистонда жуда пасайиб кетаётган нарса бу – ижтимоийлашувдир. Кези келганда қўшнимизни ҳам танимай қоляпмиз-да, “подъезд”дан чиқамиз, шахсий автомобилга ўтириб, манзилимизга қараб кетамиз. Агар сиз ташқарига чиқиб, пиёда қаергадир борсангиз, яёв борсангиз, велосипедда юрсангиз қўшнингизни кўрасиз, одамлар билан мулоқот қиласиз, гаплашасиз. Бугунги кунда социализация жуда муҳим омиллардан бири саналади.

Энди биз кўпроқ хавфсизлик нуқтайи назаридан қараймиз. Аслида бу ҳам энг катта муҳим жиҳатлардан бири. Ҳозирги кунда Ўзбекистон шароитида автоҳалокатлар сонининг ўта баландлиги сабаб ҳам автомобилсизлаштириш муҳим масаладир. Юқорида айтганимдек, автомобилларни камайтириш – ижтимоий, хавфсизлик жиҳатдан ҳам, қолаверса, саломатлик учун ҳам фойдали саналади.

Инфратузилманинг яхшиланиши автомобилдан воз кечишга ёрдам бермайди

Биринчи ўринда ҳаммамиз инфратузилмани яхшилаш ҳақида гапиряпмиз. Аслида бу тўғри ҳам. Яъни жамоат транспорти жозибадорлигини ошириш, велосипедлар учун велойўлакларни ташкил қилиш каби ишлар билан одамларни автомобилдан воз кечишга олиб келиб бўлмайди.

Энг катта ва муҳим иш бу – тарғибот, тўғри маънодаги тарғиботдир. Тарғиботни қандай қилиш керак? Аввало одамларга бу жараённи мисол тариқасида кўрсатиш зарур. Масалан, Германияни оладиган бўлсак, бу ерда йўлнинг маълум қисмини олиб, ўша йўл учун чиройли, муҳим ва “ақлли” лойиҳа қилинади, шу лойиҳа одамларга кўрсатилгач, улар шаҳарда ҳаракатланиши учун 2 хил вариант борлигини билишади. Чиройли ва кенг кўчаларни қисқартириб, велойўлакларни қилиб, ландшафтли жамоат жойларини қилиб, аҳолига кўрсатсак, одамлар ўша ерда сайр қилишни бошлайди ва уларда [автомобилли йўллар билан ҳозиргисига нисбатан] солиштирув пайдо бўлади. Бунинг ортидан эса автомобилдан воз кечиш учун позитив кайфият юзага келади. Бу муҳим омиллардан ҳисобланади.

Сербиянинг пойтахти Белградда бир неча километрлик велойўлаклар қурилган, лекин уларнинг ҳаммаси бўш қолган. Чунки одамларни велойўлак қуриш билан велосипедга ўтирғизиб бўлмайди. Бу – жуда катта нотўғри фикр. Шунинг учун қурмаслик керакми? – деган савол ҳам туғилиши мумкин, йўқ, аксинча қуриш лозим. Лекин тарғиботни ҳам қилиш керак. Бусиз бўлмайди.

Тарғибот жараёни ҳам 2 нафар блогер ва 2 та интернет сайти билан эмас, юқори даражада ўтказилиши лозим. Қизиғи, тарғибот деганда қўпол ва нотўғри пропагандани тушуниш керак эмас, тарғибот тўғри бўлиши керак. Яхши мисолларни кўрсатишимиз керак, яхши лойиҳаларни қилишимиз ва уни асослаб беришимиз керак. Европада шаҳарларни режалаштиришнинг асосий принципи ҳам бу – қилинаётган лойиҳанинг асослаб берилишидир.

Агар ўша лойиҳани асослаб беролмасангиз, йўлни ёпиб, велойўлак ташкил қиламиз десангиз, бирданига савол берилади, яъни одамларнинг бу жойлардан фойдаланишига қандай асос бор, бу қандай кафолатланади деган. Шунинг учун мана шундай факторларни ҳам инобатга олиш лозим. Ҳаммасини параллел равишда амалга ошириш лозим. Биринчи тарғибот қилиб, кейин йўл қуриб, кейин жамоат транспортини ривожлантирамиз десак, бу – қийин масала.

Германиялик бир курсдошим билан суҳбатимизда нима учун Германияда ҳайдовчи пиёдани ҳурмат қилиши ҳақида савол ташланди ва бунга жавоб берилди. Яъни ҳурмат қилади, чунки Германияда автомобил ҳайдовчиси ўзи ҳам кўп вақтда велосипедчи ёки пиёдага айланади. Шунинг ҳисобига бир-бирини ҳурмат қилади. Германияда автомобилни жуда яхши кўришади, ҳатто уларнинг муҳаббати бизникидан (ўзбекларникидан) ҳам кучли. Айни вақт мен Бавариядаман, биламизки, бу ерда ўша машҳур БМW автомобиллари чиқарилади. Баъзи танишларим автомобилни жуда қаттиқ “севишади”. Лекин бу инсон ҳаётидан устун дегани эмас. Асосийси шу, мана шу принципни инобатга олишимиз лозим. Инсоннинг ҳаёти, велосипедчи ва пиёданинг хавфсизлиги муҳим.

Германияда кўпинча катта бозорлик қилишга ёки шаҳардан ташқарига чиқиш учун енгил автомобилдан фойдаланишади, одамлар асосан жамоат транспорти, велосипеддан фойдаланишади. Кузатувларимда кўрганман, одамлар иш кунлари асосан велосипеддан фойдаланишади, шанба куни бозорлик қилиш ва якшанба дам олиш учун бирор ерга бориш мақсадида шахсий автомобилларини ҳайдашади. Шаҳар ичида иложи борича автомобилдан фойдаланмасликка ҳаракат қилишади.

Одамлар пулли “парковка”дан фойдаланишга тайёр

Ўзим ҳам 5 йил автомобил ҳайдаганман, қолган вақт жамоат транспортидан фойдаланганман. Яъни мен бу жараёнда пиёдани ҳам, ҳайдовчини ҳам тушунаман.

Йўл бўйи пулли парковкалар қилишдан олдин бу жараёнда биз йўл четидаги инфратузилмани ҳам тўғрилашимиз зарур. Йўл бўйи пулли автотураргоҳлар қилингач, унга паркоматлар қўйилиши лозим. Бунинг устига бутун йўл бўйлаб “парковка” қилинмайди, чунки чорраҳалар ўтган бўлса, маҳаллий кўчалардан чиқадиган автомобиллар бўлса, қайрилаётган вақтда автотураргоҳдаги машиналар халал қилмаслиги лозим. Яъни пухта лойиҳалаш жараёни бўлиши керак. Биринчи ўринда кенг турган кўчамизни пулли “парковка”га мослаб лойиҳалашимиз зарур. Бундан ташқари, техник масалалар ҳам бор. Яъни автомобил қўйилгандан кейин унга нақд пул, пластик карта ёки танга билан тўланадими – бутун бошли жараён учун ҳам тизим яратилиши керак.

Одамларнинг пулли “парковка”га қарши бўлиши турган гап. Чунки уларнинг пул тўлагиси келмайди. Автомобил олдим, шаҳар менга текин автотураргоҳ қилиб бериши керак деган тушунча энг катта нотўғри тушунчадир. Ўзбекистон шароитида ҳар минг кишига 85 та автомобил тўғри келаётган бўлса, бу қолган 900-800 нафар одам автомобилсиз юради дегани. Қолган пиёдалар ҳисобидан, солиғидан, уларнинг ҳаракатланишга ҳаққи бўлган жамоат жойлари, истироҳат боғлари ҳисобидан автомобилларни “парковка” қилиш керак эмас. Автомобилсиз юрадиган одамнинг қайсидир миқдордаги харажатлари “парковка”ни таъминлашга кетади.

Дилшода Шомирзаева суҳбатлашди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Шаҳарсоз: “Германияда автомобилга муҳаббат ўзбекларникидан кучли, аммо у инсон ҳаётидан устун эмас”