date
views 206

Президент ва Америкадаги ўзбеклар учрашувида нималар гапирилди?

Президент ва Америкадаги ўзбеклар учрашувида нималар гапирилди?

Фото: Kun.uz

Президент 17-20 сентябр кунлари АҚШга амалий ташриф билан борди. Давлат раҳбари ташриф доирасида Қўшма Штатларда яшаётган ва ишлаётган бир гуруҳ ватандошлар ҳамда ушбу мамлакатнинг етакчи олий таълим даргоҳларида таҳсил олаётган “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиатлари билан учрашди. Учрашув тафсилотлари ҳақида Kun.uz’га журналист Отабек Маҳкамов гапириб берди.

 – Отабек ака, сиз учрашувда бевосита иштирок этдингиз ва уни фаол ёритдингиз. Учрашувда қандай гаплар бўлди, нима масалалар кўтарилди, гапириб бера оласизми?

– Президент ватандошлар билан кўришган пайтда залга кириб келиши билан саломлашгач, “ҳеч қанақа олдиндан тайёрланган савол, мулоҳазаларнинг менга кераги йўқ, агар сизларга кимдир шуни ўргатган бўлса, эсингиздн чиқаринг” деди. Суҳбат очиқча, самимий ва қизиқарли бўлди. Учрашув 1 соатга белгиланган эди, лекин 6 соатга чўзилди. Таклиф қилинганлар жуда ҳурматга сазовор – Ҳарвард, Стенфорд университетларида, Tesla каби Американинг энг йирик компанияларида ишлайдиган ватандошлар эди. Фикрлар шунга яраша бўлди. Таклиф беринглар дейилган пайтда иқтисодиёт, тиббиёт бўйича жуда конструктив таклифлар берилди. Президент деталлаштирилган аниқ саволлар бердики, нима учун Ўзбекистонга шундай таклифлар кераклиги ҳақида аниқ маълумотлар олдик.

– Блогингизда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларни очиқчасига берди ва президент уларга фактлар ва аргументларга бой жавоб берди, деб ёздингиз. Шу очиқча саволлар ва жавоблардан айрим мисоллар келтира оласизми?

– Ҳарвард университетида тиббиёт йўналишида профессор бўлиб ишлайдиган Мадина исмли ватандошимиз бор. У Бухорода қурилган янги клиникалар ҳақида сўз очди. Менга ёққан томони, у биздаги шифохоналар ЖССТ стандартларига асосланган ҳолда махсус аккредитациядан ўтиши кераклигини айтди. Баъзилари ўтган экан, аммо баъзилари ўтмаган.

Яна бир қизиқ суҳбат бўлди. Мадина ўзи яқинда Ўзбекистонга боргани, Президент мактабларида бўлиб, у ерда ким, қандай дарс бераётганини кўргани ҳақида айтди. “Фарзандим, қизим катта бўляпти, агар самолётингизда жой бўлса, уни олиб кетишингиз мумкин, Президент мактабига фарзандимни юборишга тайёрман”, деди. Президент ҳам “эртага фарзандингизни олиб келинг, қайси бири кетади? Каттасими кичигими?” деди.

Яна бир қизиқтирган масала таълим бўйича кўтарилди. Ўзбекистон таълими менинг энг оғриқли нуқтам десам ҳам бўлади, чунки ҳар бир давлатда тиббиёт ва таълим бўлмаса, у давлатнинг келажаги йўқ деб ҳисоблайман. Президент, “афсуски, мустақилликка эришганимиздан сўнг муаллимдек олий ва ниҳоятда ҳурматга сазовор касб вакилларини йўқотдик, уларга бўлган ҳурматни йўқотдик. Биз муаллимга ҳурматни қайтариш устида ишлаяпмиз”, деди.

Иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов билан суҳбатда президент ундан “сиз ўқиган вақтингизда мактабда шароит қандай эди?” сўради. Беҳзод “мен ўқиган пайтда тузукроқ эди, чунки мен Тошкент шаҳрида ўқиганман, бошқа вилоятдаги мактабларни кўрганмисиз? Андижонга борганимда, мактабда пол йўқ эди” деди. Президент шундай қаради-да, “мен ўқиган мактабда муаллим йўқ эди” деди. Тушуняпсизми, қанчалик суҳбат очиқ бўлганини?!

Ҳар қандай фактга реал қараш керак. Ҳамма ишингизни ташлаб Ўзбекистонга қайтиб келинглар дейиш… бу қийин масала. Президентдан яхши фикр чиқди. “Қаерда яшашингизни ўзингиз ҳал қиласиз, бу сизнинг ҳақ-ҳуқуқингиз, Лекин сизлардан илтимос. Ўз билимингизни биз билан бўлишинг. Онлайнми, бир йилда бир-икки марта борганингиздами”, деди президент. “Фақат шу нарсани унутманглар, сизларда дунёқараш, таълим тажриба катта. Тез кўчиб Ўзбекистонга кетинглар демайман, имкониятингиз бўлганда билимингизни биз билан бўлишинглар, дейман” деб реал гап гапирилди.

Иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов Ўзбекистон иқтисодиёти бўйича бир нечта таклифлар берди. Ўзбекистон иқтисодиёти ривожланган давлатлар қаторида бўлиши учун 5та йўналиш бор экан деб ҳар бирини санаб чиқди. Президент, уларнинг қайси бири Ўзбекистонда йўқ, деб сўради. Беҳзоднинг жавобига қараганда ҳаммаси Ўзбекистонда бор экан, бу жараён бошланиб қандай кетаётган бўлса, шундай давом этсак, яхши бўларди, деди. У 2016 йилгача иқтисодиётимиз қандай ўсгани, ундан пандемия давригача қанча ўсгани ҳақида гапирди. Беҳзодга кўра, 2016 йилдан пандемиягача 3 йиллик даврдаги ўсиш 91 йилдан то ҳозиргача бўлганда, энг ривожланган давлатлар қаторида турган бўлардик.

Хуллас, савол-жавоблар эркин муҳитда ўтди. Ҳазиллар ҳам, жиддий гаплар ҳам, ачинарли гаплар ҳам бўлди.

– Гапингиз аввалида, президент тайёрланган савол ва мулоҳазаларни унутинг деб айтди, дедингиз. Аслида савол ва мулоҳазаларга олдиндан тайёрланган эдингизми?

– Шахсан ўзим учун жавоб бера оламан, менга кимдир тайёрланинглар демаган. Мен сўзга чиққанда, “Юксаклик сари тасодиф бўлмаган 100 та учрашув” китобим ҳақида гапирдим. Чунки мана шу китобнинг сабабчиси президент бўлган. Биз Мирзиёев билан 2018 йилда АҚШда кўришганимиздан кейин бу китобни ёзишга мотивация олганман. Охирги 18 йил давомида дунёнинг 52та давлатида тарихий шахслар билан кўришдим ва улардан ҳаёт сабоқларини олдим. Унда 100 қаҳрамон бўладиган бўлса, бу китоб ёзилишига ким мотивация берган қаҳрамонни мен биринчи ўринга қўйдим ва бу қаҳрамон – президент.

– Адашмасам, Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга аввалги ташрифи доирасидаги тадбирларда ҳам қатнашиб, кўришгансиз. Аввалги ва бу ташрифлар ўртасида қандай фарқларни сездингиз? Умуман АҚШ ҳукумати ва халқаро ҳамжамиятнинг муносабатларида бу қандай сезилди?

– У пайтда ҳам, ҳозир ҳам муносабат позитив бўлди. Аввалги президент Доналд Трамп ва ҳозиргиси Жо Байден иккаласи икки хил одам, иккаласи ҳар хил партиядан. Биласиз, Трамп республикачилардан ва у кўпроқ ички муаммолар билан шуғулланади, демократлар эса ташқи сиёсат билан. Ҳар икки сафарда ҳам мен ҳеч қанақа негатив кўрмадим. БМТга йўл олганимда Ўзбекистон ёшлари президетни қўллаб-қувватлаб чиққанини кўрдим. Чунки давлат раҳбари 140 давлат раҳбари олдида нутқ сўзлаши керак эди. Ичкарида ҳам бошқа учрашувлар жараёнида ҳам илиқлик кўрдим.

Ўтган сафарги билан таққослайдиган бўлсак, бу сафарги дастур жуда катта. Энг асосийси, ўтган сафаргидан кўра ҳозирги масалада БМТда нуқт сўзлашга имкон бўлгани. Президентнинг АҚШга ташрифи 3-марта бўлди: биринчиси БМТга, иккинчиси Трамп билан кўришишга, учинчиси эса яқиндаги ташриф ва у ҳар икки мақсадни бирлаштирган ҳолда супер унумли ташриф бўлди.

Мадина Очилова суҳбатлашди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Президент ва Америкадаги ўзбеклар учрашувида нималар гапирилди?