20:44 / 23.10.2023
235

Адвокатлар эркинлигини чеклаш таклиф қилинмоқда

Фото: Адвокатлар палатаси
Адвокатларнинг касб этикаси қоидаларини янгилаш, унда “амалдорларни муҳокама қилмаслик ва фуқароларда ислоҳотларга ишончсизлик уйғотмаслик” талабини қўйиш кўзда тутилмоқда. Конституцияга зид талаб ноқонуний митингларнинг олдини олиш мақсади билан изоҳланди. Эътирозлардан кейин, ҳужжат лойиҳаси муаллифи – Адвокатлар палатасининг ўзи бу талабга қатъий қарши эканини айтиб чиқди.

Ўзбекистонда янги таҳрирдаги “Адвокатнинг касб этикаси қоидалари” лойиҳаси адвокатлар ва жамоатчиликнинг кескин норозилигига сабаб бўлди.

Лойиҳани Адвокатлар палатаси ишлаб чиққан бўлиб, уни ижтимоий тармоқларда ҳуқуқшунос Саидали Мухторалиев эълон қилди. Ҳужжат палатанинг сайтига ва НҲҲЛМП (regulation.gov.uz)га жойланмаган.

Таклиф этилаётган янги қоидаларнинг 55-моддасида шундай дейилади:

“Адвокат оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахсларини муҳокама қилмаслик, уларга нисбатан ахлоққа зид ибораларни ишлатмаслик, мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларга нисбатан одамларда ишончсизлик кайфиятини юзага келтириши мумкин бўлган материалларни жойлаштирмаслиги лозим”.

Лойиҳа муаллифлари буни қуйидагича изоҳлаган:

“Адвокатлар бугунги кунда ижтимоий тармоқларда фаол ва бу фаоллик аксарият ҳолларда ҳокимият вакилларининг қонуний хатти-ҳаракатларини танқидий муҳокама қилиш, фуқароларда давлатга ва амалга оширилаётган ислоҳотларга нисбатан ишончсизлик ҳолатини келтириб чиқариш ҳам учрамоқда. Мазкур вазиятлар кескинлашиб, халқнинг ноқонуний митинглар уюштириши, аҳоли тинчлиги бузилишига ҳам сабаб бўлмоқда. Шу боисдан, уларнинг ОАВ ва ижтимоий тармоқлардаги хулқ-атвор қоидаларини белгилаб бериш мақсадга мувофиқ”.

Палата бундай амалиёт Белорус ва Франция тажрибасида ҳам борлигини айтган.

Ҳуқуқшунос Саидали Мухторалиевга кўра, таклиф этилаётган янги қоидалар тасдиқланса, “қўпол қилиб айтганда, адвокатура ўлади”.

“Сабаби, бу янги лойиҳага киритилаётган баъзи мантиқсиз талабларни адвокат ўз касбий фаолиятини виждонан бажариш вақтида бузишга мажбур бўлади. Масалан, лойиҳанинг 55-бандига киритилаётган қоидани олайлик. Адвокат ўз мижозини ноҳақ қамаган адолатсиз суднинг ёки қайсидир фуқаронинг ҳуқуқини бир тийин қилган қонунбузар амалдорнинг хатосини ОАВда ёки ижтимоий тармоқда муҳокама қилса, тамом, у этика қоидасини бузган бўлади”,  дейди юрист.

Адвокатнинг ислоҳотларга нисбатан ишончсизлик кайфиятини юзага келтириши мумкин бўлган материалларни жойлаштирмаслиги лозим, деган қоида ҳам Конституциядаги сўз эркинлигига доир моддаларга зид, дейди юрист.

Шунингдек, 55-модданинг асослантирувчи қисмида “Мазкур вазиятлар кескинлашиб, халқнинг ноқонуний митинглар уюштириши, аҳоли тинчлиги бузилишига ҳам сабаб бўлмоқда”, деб кўрсатилгани эса адвокатларга нисбатан туҳмат бўлиб қолиши мумкин. Чунки Ўзбекистонда бирор марта адвокатларнинг постлари ортидан ноқонуний митинг бўлгани жамоатчиликка маълум эмас.

Адвокат Улуғбек Мусаев эса бу лойиҳа “адвокатлик фаолиятини паралич қилиш ва адвокатура институтини бир неча ўн йилларга орқага ирғитиб ташлаш мақсадида, буюртма асосида ишлаб чиқилган”, дейди. Шунингдек, у ушбу “касб этикаси” лойиҳаси бўлажак конференция муҳокамасидан бутунлай олиб ташланишни таклиф қилган.

Собиқ депутат ва жамоатчилик фаоли Расул Кушербаев эса ваколат муддати тугаётган Адвокатлар палатаси адвокатларни ҳимоя қилиш ўрнига уларни жарга итариш билан шуғулланаётганини айтди.

“Фикримча, лойиҳа буюртмачилари ва Адвокатлар палатаси таркиби ҳатто Конституцияни ҳам ўқишмаган. Ваҳоланки, Конституцияда “ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга”, “ҳар ким исталган ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқига эга” дея кафолатланган.

Бундан кўриниб турибдики, лойиҳа буюртмачилари Ўзбекистонда мустақил адвокатура институтини ўлдириб, фақат мансабдорларнинг буюртмасини бажарадиган, одамларни истаганча репрессия қилиш мумкин бўлган “одил судлов” режимини яратишмоқчи.

Албатта, биз бу ишларни Президент бошчилигида одил судловни таъминлаш, демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш йўлидаги ислоҳотларни ортга қайтаришга уриниш, деб баҳолаймиз”,  дейди Кушербаев.

Яна бир адвокат Абдумалик Абдуллаев эса лойиҳадаги бу банд ва унинг асослантириш қисми жуда ҳам заиф ва ишончсиз эканини ёзди.

“Асослантиришда “аксарият ҳолларда” деб, аслида бирор бир факт келтирилмаган ва бу, ёндашувга сиёсий тус беришгагина ҳаракат қилинганидан далолат беради, дейди. “Асослантирилган” бошқа бандлар ҳам умумий гаплардан иборат бўлиб, бирорта мисол келтирилмаган”, – дейди адвокат.

Эътирозлар ортидан Адвокатлар палатаси матбуот хизмати лойиҳадаги 55-бандга қарши эканини билдирди.

“Ижтимоий тармоқларда адвокатлар орасида муҳокама этилаётган Адвокатнинг касб этика қоидаларини янги 55-банд билан тўлдириш юзасидан таклиф этилган матн билан Адвокатлар палатаси раҳбарияти нафақат келишмаслигини, балки қатъий қарши эканини ва бундай бўлмаслигини билдиради.

Шу билан бирга, адвокатларимиздан Адвокатнинг касб этика қоидалари юзасидан ўз таклифларини ёзма равишда Адвокатлар палатасига етказишларини сўраб қоламиз”, – дейилади палата матбуот хизмати баёнотида.

Kun.uz билан гаплашган адвокатларнинг айтишича, бу янги таҳрирдаги касб этикаси қоидалари шу йил 18 ноябр куни бўлиб ўтадиган Адвокатлар палатасининг навбатдаги конференциясида муҳокама қилиниши керак. Агар у муҳокамада делегатлар томонидан маъқулланса, идоравий ҳужжат ўлароқ қабул қилинади. Унинг юридик кучи шундаки, агар адвокатлар белгиланган касб этикаси қоидалари амал қилмаса, лицензиясидан маҳрум бўлиши, натижада профессионал фаолият олиб боролмай қолиши мумкин.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият