15:55 / 24.10.2024
16

Табиатга зарар келтирувчиларга нисбатан жазо чоралари кучайтирилади

Табиатга зарар келтирувчиларга нисбатан жазо чоралари кучайтирилади
Фото: Senat.uz
Сенат ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ҳайвонот ва ўсимлик дунёсининг муҳофазасини кучайтиришга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.

Маълум қилинишича, бугунги кунда ноқонуний ов қилиш, браконерлик туфайли ҳайвонот ва наботот турлари сони тобора камайиб бормоқда. Қурилиш ва бошқа ишларни амалга оширишда кимёвий, биологик ва бактериологик воситалардан фойдаланган ҳолда қасддан дарахтларни қуритиш ҳолатлари учраяпти. Оқибатда экологик вазият кескинлашиб, жамоатчиликнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.

Шунингдек, сув ҳавзаларида турли ноқонуний усуллар ёрдамида, хусусан, электр токи, портловчи ва кимёвий моддалар ҳамда биологик препаратларни қўллаган ҳолда балиқ овлаш ортиб боряпти. Бу балиқ захиралари қирилиб кетишига, турларининг йўқ бўлиб кетишига олиб келмоқда. Амалдаги қонунчиликда бундай қилмишлар учун жазо чораларининг енгиллиги эса браконерларга жуда қўл келяпти.

Бундан ташқари, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш органлари давлат инспекторининг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилганлик, кўрсатмаларини бажармаслик учун белгиланган санкция мазкур йўналишдаги ҳуқуқбузарликлар профилактикаси самарадорлигини таъминлаш имконини бермаяпти.

Қонун билан амалдаги 2 та кодекс ва 2 та қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда.

Жумладан, Жиноят кодексига ҳайвонот ёки ўсимлик дунёсидан фойдаланиш тартибини бузганлик учун жавобгарликни кучайтиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Хусусан, электр токини, портловчи, кимёвий моддаларни ёки биологик препаратларни қўллаган ҳолда ов қилиш ёхуд балиқ овлаш учун БҲМнинг 400 бараваридан 600 бараваригача жарима белгиланмоқда ёки муайян ҳуқуқдан маҳрум қилинмоқда, 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланмоқда. Оғирлаштирувчи ҳолатларда қўшимча жазо сифатида муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш жазоси ҳам киритилмоқда.

Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда ов қилиш ва балиқ овлаш қоидаларини, шунингдек, ҳайвонот дунёсидан фойдаланишнинг бошқа турларини амалга ошириш қоидаларини бузганлик учун кўзда тутилган жарималар миқдори икки бараварга оширилмоқда.

Кимёвий, биологик ва бактериологик воситалардан фойдаланган ҳолда, шунингдек, бинолар, иншоотлар ёки бошқа объектларни қуриш, қайта қуриш, реконструкция қилиш ёхуд ўз ҳудудида қўшимча бино ва иншоотларни қуриш ҳамда капитал таъмирлаш вақтида дарахтларга, буталарга ёки бошқа ўсимликларга қасддан шикаст етказиш, пайҳон ва нобуд қилиш ҳуқуқбузарликлари учун жавобгарлик белгиланяпти. Бундай қилмиш учун фуқароларга БҲМнинг 35 бараваридан 50 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 60 бараваридан 75 бараваригача жарима назарда тутилмоқда.

Ов қилиш ва балиқ овлаш қоидаларини бузганлик, шунингдек, ҳайвонот дунёсидан фойдаланишнинг бошқа турларини амалга ошириш қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик эса 2 бараварга оширилмоқда.

Экология давлат инспекторининг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилганлик, кўрсатмаларини бажармаганлик учун ҳам жавобгарлик кучайтирилиб, фуқароларга БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача мансабдор шахсларга эса 20 бараваридан 30 бараваригача жарима белгиланяпти.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Табиатга зарар келтирувчиларга нисбатан жазо чоралари кучайтирилади