13:00 / 15.11.2024
4

Виждон билан юзма-юз ёхуд онасини кечира олмаётган ўғил

Виждон билан юзма-юз ёхуд онасини кечира олмаётган ўғил
Бу воқеани айтиб берган аёл орамизда, балки бизни ўқиётгандир ҳам...

– Сизни икки йилдан бери кузатаман. Бир кун келиб мен ҳақимда ҳикоя ёзинг деб илтимос қиламан деб ўйламагандим.

– Бу ҳаёт. Ҳаётда эса ҳамма нарса бўлиши мумкин.

– Гапни нимадан бошлашни ҳам билмаяпман.

– Ўзингизни эркин хис қилинг. Чуқур нафас олинг. Сизга қандай ёрдам бера оламан?

– Менинг ҳаётим ҳақида ёзинг. Ўқиб менга тасалли берадиган инсонлар топилиб қолар.

– Сизни нима қийнаяпти?

– Мени виждон қийнаяпти. У билан ёлғиз қолганимда нафас олишга ҳам қийналяпман.

Биринчи турмушимдан фарзандсизлик сабаб ажрашдим. Ёш эдим, гўзал эдим. Қўлимни сўраганлар кўп бўлди. Дадам мени хотини вафот этган, бир ёшли қизчаси бор одамга узатди. Мен биринчи эримни яхши кўрардим. Иккинчи турмуш ўртоғимга кўнглим исимади. Ёмон одам эмас эди. Аммо, севмаган инсон билан яшаш жуда оғир бўларкан. Қизи Лазиза бир ёшда эди. Атак-чечак юра бошлаган қизалоқ менга ўрганиб қолди. Шунчалар ширин эдики, қани энди отаси бўлмаса бир умр Лазиза билан яшасам дер эдим. Кундузи қизалоқ билан овунардим. Кеч бўлишини, эрим ишдан келишини хеч хоҳламасдим. Лазиза уч ёшга тўлганди. Унга берган меҳрим сабабми, ёки тақдир шундай ёзилганмиди, билмайман – ҳомиладор бўлдим. Ўғлим Султоннинг туғилиши ҳам отасига бўлган меҳрсизлигимни ўзгартирмади. Султон катта бўлган сари Лазиза кўзимга хунук кўрина бошлади. Отаси йўқ пайтда уни урадиган одат чиқардим. Кўп жазолардим. Лазиза камгап, ҳуркак қиз бўлиб вояга етди. Ўғлим Султон опасига жуда меҳрибон эди. Бу эса менинг ғашимни келтирар, Лазизани янада кўпроқ хўрлардим.

Қизга энг арзон кийимларни олардим. Султонга ўнта нарса сотиб олсам, Лазизага битта нарса харид қилардим. У арзон кўйлакни кийиб ҳам хурсанд бўлаверарди. Ярашибдими, ойижон, деб сўрарди. Ҳмм дердим лабимни буриб. Султон катта бўлган сари опасини ҳимоя қила бошлади. Энди унинг ёнида қизни ура олмасдим. Эрим ҳеч қачон қизига берган озорларимдан хабар топмаган. Лазиза ҳам отасига шикоят қилмасди.

Султонни ётиб ўқийдиган обрўли лицейга жойладик. Аслида отаси иккала фарзандини ўша лицейда ўқишини хоҳлади. Қиз бола ўқиб олим бўлармиди, деб кўнмадим.

Ўша йили оғир келди. Эрим ковиддан вафот этди. Мен унчалик хафа бўлмадим. Болалар эзилиб кетишди.

Эримдан қолган ҳовлини сотишга қўйдим. Қайнопам қаршилик қилди. Укангизсиз бу ҳовлида яшай олмаяпман, деб ёлғон йиғи қилдим. Ҳовлининг пулига кўп қаватли уйлардан иккита хонадон сотиб олдим. Бирини ижарага бериб, бирида ўғлим билан яшашни ният қилдим. Лазизани тезроқ узатиб юборишим керак эди. Ўша пайтда ўттиз кишилик тўйлар қилинаётган эди.

Лазизани акамнинг хеч қаерда ишламайдиган, танбал ўғлига унаштирдик. Султонни ҳам, қайнопамни ҳам тингламадим. Лазиза ўзи хоҳлади дедим. Қиз мендан қўрққани учун индамай бош эгди.

Келин кўйлакда очилиб кетган Лазиза жилмайди.

– Ярашибдими, ойижон?

– Ҳа, жуда ярашди.

Кичкинагина тўй ҳам бўлиб ўтди. Ҳаммаси мен истагандек кетаётган эди. Лазиза уйимизга кўп келмасди. Баъзида келганда ҳам кўзи кўкарган, ёки бир ери оғриган ҳолда бўларди. Охирги келганда қорни дўмпайиб қолган, ҳомиладорлиги учун бўлса керак, озиб-тўзиб кетганди. Унинг ой куни яқин эди. Туғса харажат қилиш керак деб жоним сиқилаётган эди. Лазиза мўлтираб илтимос қилди.

– Ойижон, туғруқхонада кийиб ётиш учун енгил кечалик кийим олиб беринг.

Султон ёнимда бўлгани учун йўқ дея олмадим. Ўғлим билан бозорга бордик. Арзон кечаси кийиладиган кўйлак қидираётган эдим. Султон қиммат, чиройлигидан олишга мажбур қилди.

Орадан бир ҳафта ўтиб касалхонадан қўнғироқ қилишди. Лазизани эри уриб, тан жароҳати етказибди. Муддатидан олдин тўлғоқ бошланибди. Султон билан касалхонага етиб бордик. Лазиза юз-кўзи кўкарган бир аҳволда эди. Докторлар туғишга кучи етмайди, кесарча йўли билан туғриқни амалга оширамиз дейишди. Амалиётдан олдин Лазизанинг ёнига кирдик. Ранги оппоқ, зўрға нафас оларди. Биз олиб берган кечаликни кийдириб қўйишибди. Қонталаш кўзларини зўрға очиб жилмайди.

– Ярашибдими?

Султон йиғлаб юборди. Опасини қучоқлаб олди.

– Сизга ҳамма нарса ярашади, опа. Мен у аблаҳни ўлдираман. Сизга ҳам, жиянимга ҳам ўзим қарайман. У сизга ўхшаб чиройли қиз бўлади.

– У менга ўхшамайди. Чунки, унинг ҳимоя қиладиган меҳрибон тоғаси бўлади.

Кейин менга юзланди.

– Ойижон, бир нарса сўрасам майлими? Агар ўз туққан қизингиз бўлганимда, ўша номардга узатган бўлармидингиз?

Қотиб қолдим. Унга ким, нима деб айтганини билмайман, лекин кутмаган эдим. Султон бир менга, бир опасига қарайди.

Бу орада докторлар Лазизани олиб чиқишди.

Йўлакка чиқдик. Султон савол назари билан қараб турарди. Тутилиб ҳаммасини унга айтиб бердим.

Орадан бир соатча вақт ўтиб доктор қаршимизга чиқди.

– Қиз набиралик бўлдингиз. Қўлимиздан келган ҳамма нарсани қилдик. Онани асраб қола олмадик. Бандачилик.

Султон йўлакни бошига кўтариб, бақириб йиғлаб кимларнидир сўкарди. Нима қилишимни билмай қолгандим.

Султон опасини ўз уйимиздан чиқаришимизни хоҳлади. Жиянимни аллақачон милиция ходимлари олиб кетишган экан.

Лазизани ювиб, кафанлаб қўйишган хонага кирдим. Оппоқ кафанга ўралган Лазиза негадир гўзаллашиб кетганди. Лабида ним табассум қотиб қолган, кўзлари ярим очиқ эди. Шу он қулоқларим остида унинг овози жаранглаб кетди.

– Ойижон, ярашибдими?

– Сенга ҳамма нарса ярашарди. Фақат, ўлим ярашмади, қизим. Мени кечир. Илтимос. Кечир.

Бир кундан сўнг чақалоқни олиб келишди. Уни қўлимга олмоқчи эдим. Султон мендан аввал кўтариб олди.

– Унга тегмайсиз. Ёдгорамни сизга кўрсатмайман ҳам.

– Болам...

– Мени болам деманг. Сиз оналикка эмас, она деган номга ҳам арзимайсиз.

Хуллас, Султон аммаси билан иккинчи уйимизда яшаяпти. Ёдгора бир ёшдан ошди. Ўғлим мени кечирмаяпти. Яқинда уйланишини эшитиб қолдим. Ёнига ялиниб бордим.

– Болам, Лазиза ҳам бир ёшда эди. Аввал яхши боққан бўлсам ҳам, сен туғилганингдан кейин фикрим ўзгарган. Хато қилганман. Сенинг аёлинг ҳам бу хатони такрорламасин. Ёнингда бўлай. Ёдгорани катта қилай. Менга бир марта фурсат бер.

– Менинг аёлим сизга ўхшамайди. Чунки, мен дадам эмасман. Ёдгорани хўрлатиб қўймайман. Опамнинг охири гапи эсингиздами? Ёдгора бахтли қиз бўлади. Унинг орқасида тоғ каби тоғаси бор. Энди кетинг. Менинг ҳаётимни ҳам заҳарламанг.

Шунақа гаплар, Сабо. Илтимос, буларни ҳаммасини ёзинг. Ҳозир битта ширин сўзга, кичкина бўлса ҳам тасаллига муҳтожман.

– Албатта ёзаман. Аммо сизга тасалли бўлсин деб эмас, увол бўлган Лазиза учун, ибрат учун ёзаман. Ўқувчиларим орасида сизни оқлайдиган, тасалли берадиганлар борлигига ҳам ишонмайман. Сиз инсонлардан эмас, Аллоҳдан паноҳ сўранг. Биз эса Султоннинг тарафидамиз. Менга қайтиб қўнғироқ қилманг.

Ҳаёт жуда қисқа. Қалбларни парчалаш бизга ярашмайди.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Виждон билан юзма-юз ёхуд онасини кечира олмаётган ўғил