16:16 / 26.07.2018
11 122

Гўшт нархи қачон арзон бўлади?

Гўшт нархи қачон арзон бўлади?
Яйловларга муносабат яхшиланмас, тубдан ўзгармас экан, бу саволга ҳали-бери ижобий жавоб бериш мушкул, дейилади 21asr нашридаги мақолада.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиясига кўра, одам бир йилда ўртача 55 килограмм гўшт истеъмол қилиши зарур. Мутахассислар 2025 йилга бориб, Ўзбекистонда аҳоли жон бошига гўшт истеъмоли 0,25 баробарга ошиши ва йилига 54,8 (ҳозирда 41 кг) килограммни ташкил қилиши борасида фикрлар билдиришяпти. Уларнинг тахминлари ҳақиқатдан ҳам амалга ошармикан?

Бундай савол туғилишининг сабаби шундаки, мамлакатимизда гўшт ва гўшт маҳсулотлари борган сайин қимматлашяпти, бу эса албатта, юртдошларимизнинг ушбу ҳаётий зарур озиқ-овқат маҳсулотини сотиб олиш имкониятини пасайтирмоқда. Чунончи, ўтган йилнинг июль ойида бозорларимизда мол гўшти нархи 18 мингдан 25 минг сўмгача бўлган. Шу кунларда эса 32 мингдан 40 минг сўмгача чиқди. Супермаркет ва хусусий дўконларда бундан-да қиммат. Бошқача айтганда, гўшт баҳоси бир йил мобайнида қарийб 50 фоизга ошган. Давлат статистика қўмитаси маълумотларига қараганда эса 2018 йилнинг дастлабки уч ойида мол гўшти ўртача 6,2 фоизга, қўй гўшти 5,8 фоизга қимматлашган. Хуллас, аҳолининг харид қобилияти билан мазкур маҳсулот нархи ўртасидаги тафовут тобора катталашяпти.

Гўшт нархининг узлуксиз юқорилаб бораётгани бир қанча омиллар билан изоҳланяпти. Жумладан, озуқа-ем маҳсулотлари таннархининг юқорилиги, реализация қилишда воситачиларнинг кўплиги, озуқа-ем етиштириш учун ер майдонларининг етишмаслиги, жойларда чорвачилик маҳсулотлари етиштириш ва қайта ишлаш комплексларининг етарлича ривожланмагани сингари омиллар тилга олиняпти. Қайд этиш жоизки, ўтган йили O‘zLiDeP билан Банк-молия академияси ҳамкорлигида ўтказилган давра суҳбатида гўшт қимматлашишини келтириб чиқарган сабабларга доир саволлар ҳам ўртага ташланган, мунозарада ўз маърузаси билан иштирок этган Тошкент давлат иқтисодиёт университети докторанти Муҳиддин Юсупов бу борада ўз мулоҳазаларини қуйидагича баён қилган эди:

— Ҳаммамиз кўриб-билиб турибмиз, гўшт анча қимматлашиб кетди. Бу мавзу жуда кўп муҳокама қилинмоқда. Нега шундай ҳолат юз берди? Аввало шуни айтиш керакки, мамлакатимизда 2005-2016 йиллар оралиғида озуқа экин майдонлари 40 фоизга камайиб кетди. 1990 йилда жами экин майдонларининг деярли 25 фоизига озуқа экинлари экилган экан. Ҳозир эса 9 фоизга ҳам етмайди. Иккинчидан, бизда гўшт ва сутнинг 95 фоизини деҳқон ва шахсий ёрдамчи хўжаликлар етиштиряпти. Лекин уларни қўллаб-қувватлаш учун шу пайтгача нималар қилдик, деган саволга холис жавоб беришимиз лозим. Тан олиш керакки, уларнинг ўғит, ёқилғи-мойлаш материаллари, ем-озуқа, қўшимча ер ажратилиши билан боғлиқ муаммолари ҳал қилинишига кўмаклаша олмаяпмиз...

Бу сабабларнинг барчаси асосли, уларнинг ҳаммаси ҳам у ёки бу даражада гўшт нархи шаклланишига муайян таъсир кўрсатяпти. Лекин энг асосий омил, баъзи олимлар, экспертларнинг фикрича, чорва моллари боқиладиган яйловлар муаммосидир. Уларнинг фикр-мулоҳазалари ва таклифларини эълон қилишни мақсадга мувофиқ, деб топдик.

Муаммога илмий ёндашув керак

Яйлов чорвачилигининг ўзига хос хусусияти шундаки, чорва ҳайвонлари деярли йил бўйи яйловларда озиқлантирилади. Яйлов озуқаси эса энг арзон озуқа ҳисобланади. Шундай экан, яйлов чорвачилигида гўшт маҳсулотларини ишлаб чиқаришга қилинадиган харажатлар қорамолчиликдагига нисбатан анча кам бўлиб, маҳсулот ишлаб чиқариш таннархнинг пастлиги туфайли гўшт арзонлашишига олиб келувчи омил ҳисобланади. Аммо республикамизда гўшт маҳсулотларининг нархи йилдан-йилга кўтарилиб бормоқда. Бунинг сабабини биз яйловларнинг ҳозирги ҳолати ва уларнинг чорва ҳайвонларини озуқа билан таъминлаш имкониятларидан излашимиз керак.

Яйловлар инқирозини юзага келтирувчи омиллардан энг муҳимлари глобал иқлим ўзгариши, Орол денгизининг қуриши, тупроқларнинг шўрланиши кабилар бўлса-да, лекин ўсимлик қопламининг инқирозини кескин жадаллаштирувчи омил сифатида инсон фаолиятини алоҳида кўрсатиб ўтиш ўринли. Яйловлардан узлуксиз ва пала-партиш фойдаланиш, бута ва ярим бута ўсимликларини ўтин ва бошқа хўжалик эҳтиёжлари учун чопиб олиш яйловлар инқирози ва чўлланиш жараёнини юзага келтирувчи энг жиддий хавфдир. Яйловлардан йил бўйи фойдаланиш натижасида ўсимликларнинг нормал ўсиб ривожланиши ва уруғ ҳосил қилиши, тупроққа уруғларнинг тўкилиши каби муҳим табиий жараёнлар йўққа чиқяпти. Уруғ йўқ, демак, ўсимлик ҳам бўлмайди.

Оқибат шуки, илгари 100 хилдан ортиқ ўсимлик ўсадиган қумли чўлларда ҳозир 25-35 турдаги ўт-ўлан мавжуд, яъни биологик хилма-хиллик деярли 3-4 маротабага камайган. Бу эса ўз навбатида яйлов ҳосилдорлигининг пасайиши ва озуқа тўйимлилигининг ёмонлашувига олиб келади. Адир яйловларида аслида 200 турдан ортиқ ўсимликлар ўсиши учун қулай шароит бор. Аммо бугунги кунда ўсимликлар хилма-хиллиги адирларда 45-50 турдан ошмайди. Таъкидлаш зарурки, чўл шароитида, айниқса, буталарнинг аҳамияти жуда катта. Аниқланганки, саксовул шамол тезлигини 2 марта камайтиради, қорнинг ерда узоқ сақланишига, намликнинг тупроққа чуқурроқ сингишига сабаб бўлади, яъни ўз атрофида ўзига хос микроиқлим ҳосил қилади, бошқа ўсимликларнинг яхши ривожланишига шароит яратади. Кузатишлардан маълум бўлишича, саксовул ихотазорлари таъсирида табиий яйловлар ҳосилдорлиги 20 фоизга ортади. Афсуски, охирги 20-30 йил давомида саксовуллар ўтин сифатида ишлатиш мақсадида аёвсиз кесилди, ҳатто илдизларигача ковлаб олинди.

Мен бевосита шунга гувоҳ бўлганманки, АҚШнинг Юта, Айдахо, Вайолинг штатларида яйлов чорвачилиги билан шуғулланувчи фермерлар табиий яйловлардан мутлақо фойдаланишмайди. Уларнинг яйловларида изен, эркак ўт, терескен, эспарцет каби юқори тўйимли ва ҳосилдор кўп йиллик ўсимликлар экилган ва бу яйловлардан қатъий тартиб билан, мавсумий фойдаланишади. Австралия фермерлари яйловлар ҳолатини яхшилаш учун бошқа чора-тадбирлар қаторида бир йиллик ўсимлик уруғларини сепишни ҳам йўлга қўйишган.

Чорва ҳайвонларини сув билан таъминлашда ҳам муаммолар мавжуд. Қудуқлар таъмирланишга муҳтож, кўпларида сув йўқ. Сувсиз яйловлардан фойдаланиш иложсиз, сувли яйловлардан эса тинимсиз фойдаланилмоқда. Бу яйловлар инқирозини янада кучайтиряпти. Шу боис “Яйловлар мелиорацияси” трести фаолият йўналишларидан яна бири — сув манбаларини таъмирлаш, янгиларини ишга туширишдан иборат бўлиши лозим. Умуман, “Яйловлар мелиорацияси” трестлари яйлов чорвачилиги ривожланган барча вилоятларда ташкил қилиниши айни муддаодир.

Яна бир таклиф. 2017 йилнинг 1 январь ҳолатига Ўзбекистондаги яйловлар 21,1 миллион гектарни ташкил қилмоқда. Республикамиз яйлов фондини Орол денгизининг қуриган қисми ҳисобига яна 3-4 миллион гектарга кенгайтиришимиз мумкин, чунки бундай ерлардан фақатгина яйлов сифатида фойдаланиш имконияти бор.

Мухтасар айтганда, чўл яйловларининг ҳосилдорлигини оширмай туриб, уларда боқилаётган чорва ҳайвонлари бош сонини кўпайтиришнинг иложи йўқ. Ваҳоланки, мамлакатимиз аҳолисининг ортиб бориши озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқаришни кўпайтиришни тақозо қилади. Шу боис яйлов чорвачилигини ривожлантиришга эътиборни кучайтириш, унинг асосий озуқа базаси бўлган яйловлар ҳосилдорлигини фитомелиорациялаш орқали бир неча бор ошириш долзарб вазифадир. Шундагина чорва ҳайвонлари бош сонини кескин ошириб, гўшт маҳсулотлари нархининг пасайишига, аҳолининг турмуши фаровонлашувига эришишимиз мумкин.
Абдулло Раббимов,
Қоракўлчилик ва чўл экологияси илмий-тадқиқот институти бўлим мудири,
қишлоқ хўжалик фанлари номзоди


Чорвадор нима дейди?

Самарқанд вилоятида 797 минг 979 гектар яйлов бор. Уларнинг асосий қисми Нуробод (150 минг 461 гектар) ва Қўшработ (356 минг 951 гектар) туманларида жойлашган. 5 та масъулияти чекланган жамият тасарруфига 236 минг 843 гектар яйловлар берилган. Бу майдонларда 100 минг бош қўй-эчки боқиляпти. Шунингдек, 26 минг гектар яйлов 83 та фермер хўжалигига ажратилган.

— Бу йил чорва учун ғоят оғир келди, — дейди Нуробод туманида фаолият юритаётган “Нурбулоқ лалми яйлов” фермер хўжалиги раҳбари Эркин Ғаниев. –Яйловларда ҳеч нима битмади. 600 бош қўйимизни юз кундан бери Жиззахнинг Бахмалида ўтлатаётгандик. Ўт тугади, энди фермер хўжаликларининг ғалладан бўшаган майдонларида бир бош қўй учун 3-4 ойга 17 минг сўмдан тўлаб боқяпмиз. Ёзни-ку амаллаб ўтказамиз, олдиндаги қиш кўпроқ ташвишга соляпти бизни. Бир тележка сомон 800 мингдан бир миллион сўмгача сотиляпти. Чорва хўжаликлари учун озуқа базаси ташкил этилиши масаласи ҳал қилиниши зарур. Агар чорва озуқасига доир муаммолар бартараф қилинмаса, гўштнинг нархи арзон бўлиши қийин.

Хўш, яна ўша, ҳаммамизни ўйлантираётган “Гўшт қачон арзон бўлади?”, “Яйловлардан хўжасизларча фойдаланишни ким назорат қилади? Бу борада парламент депутатлари бирор амалий чора кўришлари вақти келмадими?”, “Шу пайтгача маҳаллий аҳоли бемалол ўз чорва молларини эмин-эркин боқиб келган яйловлар, бўш майдонларни ҳокимликлар шошма-шошарлик билан асоссиз равишда тарқатиб юборилиши қачон тўхтатилади?” деган қатор ҳақли саволларга бир мақоламиз доирасида жавоб тополмаслигимиз аниқ. Лекин шундай бўлса-да, ушбу мавзу мамлакатимиз иқтисодиёти, халқимиз фаровонлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга бўлганлиги боис айрим фикр-мулоҳазаларни кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола этяпмиз.

Биз одатда оқибат билан курашишга ўрганиб қолганмиз. Тепадан кимдир “Гўшт нархини тушириш керак”, деса, дарров қассобларнинг ёқасидан оламиз. Улар ҳам расмиятчилик учунми, қалтис вазиятдан қутулиш баҳонасида ноилож қолгач, ёлғондакам бўлса-да, “Гўшт нархи ... сўм” деб ёзиб қўяди-ю, орқаворотдан 20-30 фоиз қимматига сотаверади. Мана, жамиятимизда кўзбўямачилик, зўрма-зўракилик каби иллатлар урчиб бораётганининг илдизи қаерда?

Ҳозир чорва ўтлайдиган яйлов қолмади ҳисоб. Ҳатто дала четида арқонлаб ҳам мол боқолмайсан, негаки, ҳамма ернинг эгаси тайин, баландпарвоз номиям бор, фалон фермер хўжалиги... Қани, ичкариданмас, чеккадан бўлсаям бир боғ ўт юлиб кўр-чи, мол-полинг билан қамаб қўяди. Буниси ҳолва, ҳозир, аксарият вилоятларда лалми майдонлар, қир-адирлар, тоғолди ҳудудларигача дуч келган одамга сўрамай-нетмай тарқатиб юборилаётганига ҳаммамиз томошабинлик қилиб ўтирибмиз. Бу аҳволда чорва моллари камайиб кетиши аниқ ва гўштнинг нархи ҳам арзонлашиши мушкул.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Гўшт нархи қачон арзон бўлади?