date

Президент шифокорларни қўллаб-қувватлаш бўйича янги ислоҳотларни эълон қилди

Президент шифокорларни қўллаб-қувватлаш бўйича янги ислоҳотларни эълон қилди

Президент тиббиёт соҳаси ходимлари меҳнатини муносиб қадрлаш ва уларнинг моддий ҳамда маънавий ҳолатини яхшилаш мақсадида қатор амалий чоралар жорий этилишини маълум қилди. Янги тизим тиббиётдаги самарадорликни ошириш, илмий-амалий фаолиятни рағбатлантириш ва соҳага ёш кадрларни жалб этишни кўзда тутади.

Энг муҳим янгиликлардан бири сифатида ҳар йили “Тиббиёт ва фармацевтика ходимлари куни” муносабати билан давлат тиббиёт муассасаларида фаолият олиб бораётган барча шифокор ва ҳамширалар махсус пул мукофоти билан тақдирланади. Бу қадам, давлат раҳбарининг сўзларига кўра, соҳа фидоийларига бўлган миннатдорлик рамзи сифатида жорий этилади.

Шунингдек, илғор тажриба ва янгича ёндашувни ҳаётга татбиқ этган шифокорлар ҳам алоҳида рағбатлантирилади. Хусусан, туман даражасида янги даволаш усулини амалиётга жорий этган тиббиёт ходимларига 21 миллион сўм миқдорида махсус мукофот ажратилади. Бу, айни пайтда, инновацион фикр ва илмий ёндашувни қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.

Узоқ йиллар соҳага ҳисса қўшган мутахассислар учун ҳам қатор имтиёзлар назарда тутилган. Давлат тиббиёт муассасасида 15 йил иш стажига эга ходимларга санаторийга бепул йўлланма берилади. Шунингдек, уларнинг фарзанди давлат олий таълим муассасасига ўқишга кирган тақдирда, бир йиллик контракт тўловининг 30 фоизи давлат ҳисобидан қопланади.

Ипотека кредити бўйича ҳам рағбат чоралари белгиланган — ҳар йили юксак натижа кўрсатган 500 нафар тиббиёт ходими учун бошланғич тўловнинг 25 фоизи давлат томонидан тўлаб берилади.

Шу билан бирга, уч йил ва ундан ортиқ иш тажрибасига эга тиббиёт ходимларига зарурат туғилганда йилига бир марта юқори технологияли ихтисослашган тиббий ёрдам бепул кўрсатилади. Бу нафақат соҳа вакилларининг соғлиғини асраш, балки уларнинг меҳнатга лаёқатини узоқ йиллар сақлашга ёрдам беради.

Илмий йўналишда фаолият юритаётган шифокорлар учун ҳам қулай имкониятлар яратилмоқда — халқаро илмий журналларда мақолалар чоп этишга сарфланган барча харажатлар давлат томонидан тўлиқ қоплаб берилади.

Мутасаддиларнинг таъкидлашича, бу чора-тадбирлар натижасида тиббиёт тизимида меҳнат унумдорлиги ортиб, янги инновацияларни жорий этиш жараёни жадаллашади. Шу билан бирга, малакали кадрлар сони кўпайиб, шифокорлик касбининг нуфузи янада юксалиши кутиляпти.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Код ноаниқ бўлса, расмни янгилаш учун устига босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Президент шифокорларни қўллаб-қувватлаш бўйича янги ислоҳотларни эълон қилди