
Ўзбекистон миллий жамоаси 2026 йилги жаҳон чемпионати йўлидаги тайёргарликни янги босқичга олиб чиқмоқда. Ўзбекистон футбол ассоциацияси маълум қилишича, жамоа футбoлчилари учун тўғри овқатланиш ва жисмоний тикланиш жараёнларини самарали йўлга қўйиш мақсадида испаниялик бош ошпаз ҳамда профессионал нутрициолог жалб этилди.
Бу янгича ёндашув футболчиларнинг соғлом турмуш тарзини шакллантириш, уларнинг энергия балансини аниқ назорат қилиш ва ҳар бир учрашувда юқори жисмоний тайёргарликни сақлашга хизмат қилади. Таъкидланишича, жамоа штаби мазкур қадам орқали футболчиларнинг овқатланиш тартиби ва тикланиш жараёнларини илмий асосда бошқаришни мақсад қилган.
Ўзбекистон терма жамоаси мураббийлар штаби фикрича, тўғри танланган рацион ва спорт нутрицияси нафақат жисмоний ҳолат, балки психологик барқарорлик учун ҳам катта аҳамиятга эга. Испаниялик мутахассислар ҳар бир футболчи организмининг индивидуал эҳтиёжларини таҳлил қилиб, уларга мослаштирилган меню ва диета дастурини жорий этади.
Миллий жамоа ноябрь ойида БААнинг Дубай шаҳрида бўлиб ўтадиган халқаро «Ал Айн кубоги» турнирида иштирок этади. Мусобақада Ўзбекистон билан бир қаторда жаҳон чемпионатида қатнашган Эрон, Миср ва Кабо-Верде терма жамоалари ҳам майдонга тушади.
Биринчи баҳсда ўзбекистонликлар Миср жамоасига қарши тўп суришади. Барча учрашувлар «Ҳазза бин Зайид» стадионида ўтказилади. Бу беллашувлар орқали жамоа нафақат спорт жиҳатдан, балки функционал жиҳатдан ҳам жаҳон чемпионати сари муҳим тажриба тўплаши кутиляпти.
ЎФА мутасаддиларининг таъкидлашича, футболчиларнинг соғлом овқатланиши, тикланиш ва жисмоний барқарорлик устувор вазифага айланган — бу эса келгуси муваффақиятлар учун асос бўлади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!