
Тошкент вилоятида фуқароларни “осон пул ишлаш” ваъдаси билан алдаб, катта миқдорда маблағни ўзлаштирган кибержиноятчилар қўлга олинди. Улар Telegram ва Instagram орқали “лимитни нақдлаштириш хизмати” деган сохта саҳифалар очиб, юзлаб одамларнинг ишончини суиистеъмол қилган.
Ички ишлар органларининг маълум қилишича, ИИББ Киберхавфсизлик хизмати ҳамда Тошкент вилояти ИИББ “Ахборот соҳасидаги жиноятларга қарши курашиш бошқармаси” ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида Оҳангарон туманида яшовчи 2005 йилда туғилган Б.Н. исмли фуқаро ва унинг уч нафaр шериги ушланган.
Тергов маълумотларига кўра, улар микромолия ташкилотлари орқали ажратилган кредит лимитларини нақдлаштириб беришни ваъда қилиб, одамларнинг ишончини қозонган. Шу орқали ўзлари рўйхатдан ўтказган кичик тадбиркорлик субъектлари орқали онлайн савдо платформаларида сохта битимлар тузишган.
600 дан ортиқ фуқаро ушбу схема қурбонига айланиб, жами 1 миллиард 32 миллион сўмлик маблағ жиноятчилар қўлига тушгани аниқланган. Ҳозирда гумондорларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди (катта миқёсдаги фирибгарлик) бўйича иш қўзғатилган. Уларга нисбатан “қамоққа олиш” эҳтиёт чораси қўлланиб, тергов ҳаракатлари бошланган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар етказилган зарарни қоплаш чораларини кўраётганини маълум қилди. Шу билан бирга, вилоят миқёсида ноябрь ойи “Кибермаданиятни юксалтириш ойлиги” деб эълон қилинди ва аҳоли орасида профилактика ишлари кучайтирилди.
Маълумотларга кўра, жорий йилнинг ўтган 10 ойида Тошкент вилоятида қайд этилган жиноятларнинг қарийб ярмини — 44 фоизини кибержиноятлар ташкил этган. Улар асосан зарарли ҳаволалар орқали карталарни бўшатиш, олдиндан тўлов талаб қилинадиган сохта битимлар, сохта криптобиржалар орқали фойдаланувчиларни алдаш, ёки ўзгалар номига онлайн кредит олиш билан боғлиқ ҳолатлардир.
Киберхавфсизлик мутахассисларининг тавсиялари:
“лимитни нақдлаштириб берамиз”, “осон даромад” деган эълонларга ишонманг;
ҳар қандай пул ўтказишдан олдин фаолият юритувчи субъектнинг ҳуқуқий мақомини текширинг;
шубҳали ҳаволаларга босманг, SMS орқали келган кодларни ҳеч кимга айтманг;
кибержиноятга дуч келсангиз, дарҳол ИИББ ёки “102” рақамига мурожаат қилинг.
Мутахассислар таъкидлашича, интернетдаги ҳар бир “осон пул” таклифи ортида эҳтимолан фирибгарлик ётади. Демак, эҳтиёт бўлиш нафақат тўғри қарор, балки молиявий хавфсизликнинг асосий кафолатидир.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!