
Кунларнинг бирида Хуршид (исм-фамилиялар ўзгартирилди) шахсини тасдиқловчи фуқаролик паспортини тасодифан йўқотиб қўйди. Шу сабабли янги фуқаролик паспорти олиш учун зарур ҳужжатларни тўплай бошлади. Айни шу кезларда у кўчада бир қиз билан танишиб қолди. Ҳалиги қиз суҳбат асносида қизил рангдаги, сиртига герб туширилган, ичига сурати ёпиштирилиб, "Алижонова Руҳшона. Мажбурий ижро бюроси Булунғур туман бўлими ижрочиси" деб ёзилган гувоҳномани кўрсатди.
— Паспорт бўлимида танишларим бор, — деди Руҳшона. — Сен сарсон бўлиб юрма. Маълумотномалар билан 200 минг сўм берсанг, бўлди. Қарабсанки, ҳадемай фуқаролик паспорти қўлингда бўлади.
Шундан сўнг Хуршид яшаш жойидан олган маълумотнома, расми ва бошқа ҳужжатларини 200 минг сўм пул билан Руҳшонага топширди. Аммо Руҳшона кутилмаганда, қорасини кўрсатмай қўйди. Хуршид уни излаб тополмади. Орадан икки ой ўтгач, Хуршид тасодифан кўчада Р. Алижоновага дуч келиб қолди.
Шунда Руҳшона унга фуқаролик паспорти олиш учун берган ҳужжатлари билан бирга 140 минг сўм пулни қайтариб берди. Қолган 60 минг сўмни кейинроқ беришини айтди.
Жамшид 2015 йилда Тошкент Ахборот технологиялари университетининг Самарқанд филиалини тамомлаганди. Орадан икки йил ўтиб, унинг кўнглида янги ташкил этилган Мажбурий ижро бюросида ишлаш фикри пайдо бўлди. Шу мақсадда у Мажбурий ижро бюросининг Самарқанд вилоят бошқармасига ҳужжатларини топшириб, жавобини кута бошлади.
Айни шу кезларда акаси Тожиқул унга қўнғироқ қилиб, тезда уйига етиб келишини тайинлайди. Уларнинг уйига Мажбурий ижро бюросида ишлайдиган бир қиз келганмиш. Танишиб олса, эҳтимол, ёрдами тегиб қолар.
Руҳшона Жамшид келгунига қадар Тожиқулдан бор гапни сўраб олган экан.
Учрашишган заҳотиёқ у мақсадга ўтди. "Мени танишларим кўп. Улар сизга ҳам ёрдамлашади, ишга жойлашиб олганингиздан сўнг ойлик маошингиздан хизмат ҳақини қайтарарсиз...".
Ўшанда Жамшид билан Руҳшона бир-бирларига қўл телефони рақамларини беришганди. Орадан кўп ўтмай, аниқроғи, шу йилнинг январь ойи бошларида Жамшид Шерматовни Мажбурий ижро бюроси Самарқанд вилоят бошқармасига суҳбатга чақиришди. Суҳбатдан ижобий натижа билан ўтган Жамшид эшикка чиққан заҳотиёқ Руҳшонага қўнғироқ қилди.
— Суҳбатдан ўтган бўлсангиз, танишларимга айтаман, — деди Руҳшона жиддий оҳангда. — Буйруқни тезроқ чиқариб беришади.
Шундан сўнг орадан кўп ўтмай Руҳшона Жамшидга қўнғироқ қилди-да, "Вилоятдаги бошлиғимиз қўнғироқ қилиб, сизни мендан иш ўрганиб туришингизни тайинлади. Эртага учрашамиз. Ўзингиз билан битта дафтар олиб келинг. Сиз фуқароларнинг исм-фамилиялари ва камчиликларини ёзиб борасиз", — деди.
Жамшид эртаси куни эрталаб соат саккизларда туман МИБ биносига борса, ичкарида йиғилиш бўлаётган экан. Йиғилиш тугаса, Руҳшона чиқиб қолади, деган фикрда кутиб турди. Шу пайт Руҳшонанинг ўзи унга қўнғироқ қилиб, қаерда эканини сўради. Жамшид МИБ идораси олдида уни кутиб турганини айтди. Руҳшона эса, маҳаллага чиқиб кетгани, ҳозир "Юлдуз" кинотеатри олдида эканини айтаркан, "тезроқ шу ерга етиб келинг", деди.
Айни шу пайтда Жиззах шаҳридан Баҳриддин Носиров ҳам Булунғур томонга шошиб келаётганди.
Асли Самарқанднинг Оқдарё туманида яшаган Баҳриддин Жиззах давлат политехника институтининг учинчи босқич талабаси эди. Баҳриддин Руҳшона билан йўлда танишиб қолганди. Шунда Р. Алижонова гапдан-гап чиқиб, қаерда ва қандай вазифада ишлаши ҳақида гапирганди. Ўшанда Баҳриддин ҳам Мажбурий ижро бюросида ишлаш ниятида юрганди.
"Институтни тугатгач, МИБга ишга кирсам, қандай бўлади?" — дея Баҳриддин Р. Алижоновадан сўраганди. Бунга жавобан Р.Алижонова ишга киришга ёрдам беришини айтиб, унинг қизиқишини баттар оширганди. Шу куни Руҳшона уни ҳам иш ўрганишга Булунғурга чақирган эди.
Хуллас, шу йилнинг 6 февраль куни Р. Алижонова кинотеатр биноси олдига Хуршид Азимовга 60 минг сўм қарзини қайтариш, Жамшид Шерматов билан Баҳриддин Носировни иш ўрганиши учун чақирган эди.
Қисқаси, ўша куни улар туманнинг Жоманжар қишлоғига етиб келишгач, И. Толибжоновнинг ҳовлисига киришди. Хонадон эгаси дарвоза эшигини очиши билан Руҳшона ёнидан гувоҳномасини олиб ўзини таништирди. "Алижонова Руҳшона, МИБ ходимасиман, уйингизнинг электр энергияси, солиқ тўловлари, кадастр ҳужжатларини текширамиз, уларни олиб чиқинг", деди расмий оҳангда.
Иброҳим ака уйдан тезда ҳужжатларни олиб чиқди. Руҳшона ҳужжатларни кўздан кечириб, электр энергияси истеъмоли, мол-мулк солиғи тўловларидан камчилик йўқлигини айтди.
— Лекин, — деди у уйнинг кадастр ҳужжатларига ишора қилиб, — булар эскирган. Агар кадастр ҳужжатлари янгиланмаса, мендан бошқа ходим келиб текширса, катта миқдорда жарима тўлашингизга тўғри келади.
Жариманинг дарагини эшитган И. Толибжонов иккиланиб қолди. Эртага Мажбурий ижро бюросига бориб, камчиликларни тўғрилаб келишини айтди.
— Сизнинг айтганингиз бўлмайди, — деди Р. Алижонова жаҳл билан. — Йилнинг бошида тўласангиз, иш судга ўтмайди, акс ҳолда, катта миқдорда жаримага тортиласиз.
Иброҳим ака Руҳшонани муросага келсин, дегандек бироз сукут сақлади. Шунда текширувчи қиз кадастр ҳужжатларидаги камчиликларни тўғрилаб, янгисига алмаштириб беришга 200 минг сўм, ишни судга оширмаслик учун 74 минг 880 сўм пул беришни талаб қилди.
Хуллас, И. Толибжонов 275 минг сўмни унинг қўлига тутқазди. Қиз пулни санаб олди ва сумкасига соларкан, Жамшидга И. Толибжоновнинг исм-фамилияси билан тўлов пули миқдорини дафтарга қайд этиб қўйишни айтди.
Уй эгаси текширувчи қиздан тўлов учун патта беришни сўради. "Эртага идорамга борсангиз, квитанцияларни оласиз", жавоб қилди Руҳшона.
Текширувчилар қўшни ҳовлига кириб боришганда, хонадон бекаси Назифа Халилова Жамшидни кўриб, ўзини таништирган қизнинг Мажбурий ижро бюросиданмиз деганига ажабланмади. Чунки у қариндоши Ж. Шерматовни Мажбурий ижро бюросига ишга ўтмоқчи эканлигини эшитганди. Бундан ташқари Н. Халилова Руҳшонадан ёнидаги уч нафар йигит ўзидан иш ўрганаётганлигини эшитгач, Мажбурий ижро бюроси ижрочиси Р. Алижоновадан ҳеч бир шубҳа қилмасдан сўраган ҳужжатларини олиб чиқди.
Р. Алижонова ҳужжатлар билан танишаркан, Н. Халиловага ҳам солиқ тўловлари ва электр энергиядан қарзи йўқлигини, фақат уйнинг кадастр ҳужжатлари эскиргани боис 74 минг 800 сўм миқдорида жарима тўлаши лозимлигини айтди. Н. Халилова эса, бунга жавобан уйда ҳозир ўзидан бошқа ҳеч ким йўқлигини, эртага тўловни ҳал қилишини айтди-ю, балога қолади.
— Биздан ҳам тўловни талаб қилишяпти, — деди Р. Алижонова. — Давлат божи тўламасангиз, катта жарима солиб, ишни судга ўтказаман.
Уй бекаси пўписадан довдираб қолди. Катта миқдорда жарима тўлашга тўғри келса, оиланинг моддий аҳволи оғирлашишидан чўчиди. Шундан сўнг тезда уйдан 75 минг сўм олиб чиқиб, Руҳшонага берди.
Мажбурий ижро бюроси ходимларининг вазифаси моҳиятидан хабардор бўлган газетхон, табиийки, Руҳшона Алижонованинг гапларидан ажабланади. Чунки Мажбурий ижро бюросига табиий газ, электр энергия ва сув истеъмоли бўйича коммунал тўловларини ундириш ваколати берилган. Иккинчидан, давлат божи тўловини ундириш Мажбурий ижро бюроси ходимлари ваколатига кирмайди.
Демак, ўзини Мажбурий ижро бюроси Булунғур туман бўлими ижрочиси деб таништириб, янги-янги тўловларни ўйлаб топаётган, дўқ-пўписа билан иш битираётган Руҳшона Алижонова аслида учига чиққан фирибгар.
Хўш, Р. Алижонова аслида ким?
Бу саволга жавобан шуни айтиш керакки, Руҳшона Алижонова деганлари аслида Муаттар Очилова. У Булунғур туманининг "Гулзор" маҳалласида яшайди. 1994 йилда туғилган М. Очилова оилали, икки ёшли фарзанди бор. Ўрта махсус маълумотли М. Очилова Мажбурий ижро бюроси туман бўлимига турмуш ўртоғи ўз вақтида алимент тўламагани учун кўп маротаба борган.
Шундай кунларнинг бирида Муаттар кўчада кета туриб, йўлдан қизил рангли, сиртига металлдан ясалган давлат герби ёпиштирилган гувоҳнома топиб олади. Гувоҳноманинг ички қисмида ҳеч нарса ёзилмаганди. Осон йўл билан пул топишни ўйлаган М. Очилова "Мажбурий ижро бюроси Булунғур туман бўлими ижрочиси Алижонова Руҳшона" деб гувоҳномага ёзади ҳамда ўзининг суратини ёпиштириб қўяди.
Энди юқоридаги воқеа тафсилотларига қайтадиган бўлсак, фирибгар М. Очилова ўша 6 февраль куни гувоҳлар — Жамшид Шерматов, Хуршид Азимов, Баҳриддин Носировлар билан бешта хонадонга кирган ва ҳар бир ҳолатда фуқароларнинг пулларини алдов, дўқ-пўписа билан қўлга киритган. Кун пешинга оққанидан сўнг ортларига қайтишган.
Яъни Жамшид Шерматов уйига, Баҳриддин Носиров Жиззахга қайтиб кетади. Муаттар Х. Азимовга янги фуқаролик паспорти олиб беришни ваъда қилганидан қолган 60 минг сўмини қайтариб беради. Ўзи эса, туман прокуратураси биноси олдида автомашинадан тушиб қолади.
М. Очилова ўзининг жиноий ҳаракатларини 13 февраль куни яна давом эттиради. У Ж. Шерматовни ёнига олиб, туманнинг "Саҳоват" маҳалласига боради. Бир неча хонадонларга кириб, баъзиларидан қуруқ чиқади. Лекин икки ҳолатда фуқаролар Х. Бобожонов ва Қ. Вафоқуловлардан катта миқдорда жарима тўламаслик, ўн кун ичида ишни судга оширмаслик учун 75 минг сўмини фирибгарлик йўли билан қўлга киритиб, ўзининг шахсий эҳтиёжларига ишлатиб юборади.
Фириби иш бераётганидан руҳланган М. Очилова 17 февраль куни туманнинг "Оқтош" ва "Соҳибкор" маҳаллаларида яшовчи фуқаролардан тўрт ҳолатда юқорида ўзингиз гувоҳи бўлган баҳоналарни қўллаб, ўзгалар маблағини қўлга киритади.
Судда ушбу жиноят ишини кўриш жараёнида маълум бўлишича, М. Очилова ёлғиз ўзи хонадонларга кириб борса, унга нисбатан одамларда ишончсизлик туғилишини ўйлаган. Шу боис у 6 февраль куни ўзи билан уч нафар йигитни бирга олиб юрган. Кейинги кунларда эса, қўлида дафтар билан бирга уйларга кирган Ж. Шерматовнинг борлиги одамларда Муаттарнинг алдовларига нисбатан ишончсизлик туғдирмаган.
Албатта, қинғирлик ҳеч қачон жазосиз қолмайди.
Фирибгар М. Очилова ўзининг жиноий ҳаракатлари оқибатида жабрланувчиларга жами 1 миллион 225 минг сўм зарар етказган.
Дастлабки тергов чоғида етказилган зарар ўрни судланувчи томонидан тўлиқ қопланди.
Суд судланувчи М. Очилова ҳужжатларни сохталаштириш, яъни сохталаштирувчининг ўзи фойдаланиши мақсадида муайян мажбуриятдан озод этадиган расмий ҳужжатлар тайёрлаш ёки расмий ҳужжатларни қалбакилаштиришида ва ҳужжатларнинг қалбаки эканлигини била туриб, ундан фойдаланишда ҳамда такроран алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини талон-торож қилишда ифодаланган жиноий ҳаракатлари Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми "б" банди, 228-моддаси 1-қисми ва 228-моддаси 3-қисми билан тўғри малакаланган деб ҳисоблади. Суд судланувчига нисбатан жазо тури ва миқдорини белгилашда унинг айбига иқрорлиги, қилмишидан пушаймонлиги, ёшини, шахсини, вояга етмаган фарзанди борлигини, оилавий шароитини, етказилган зарар қопланганлигини, жабрланувчиларнинг даъвоси йўқлигини инобатга олди.
Суд ҳайъати Олий суд Пленумининг 2009 йил 24 июлдаги "Фирибгарликка оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида"ги ҳамда 2006 йил 3 февралдаги "Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида"ги қарорлари раҳбарий тушунтиришларга таяниб, судланувчи М. Очиловага нисбатан айбланган ҳар бир модда бўйича алоҳида-алоҳида жарима жазоси тайинлади. Жиноят кодексининг 59-моддаси тартибида, тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан жиноятлар мажмуи бўйича узил-кесил энг кам ойлик иш ҳақининг 60 баравари, яъни 10 миллион 334 минг 400 сўм жарима жазоси белгилади.
Хулоса қилиб айтганда, фирибгарлик йўлига кирган бир аёлнинг макри узоққа бормади. У бирон-бир ижтимоий фойдали меҳнат фаолияти билан шуғулланмасдан, текин бойлик илинжида фирибгарлик кўчасига кирганди. Афсуски, "ови" юришмади, ортидан ғавғо чиқди. Қалбаки гувоҳнома эса, афсус-надомат чекишга сабаб бўлди.
Фарҳод ХУДОЙБЕРДИЕВ,
жиноят ишлари бўйича
Булунғур туман судининг раиси
жиноят ишлари бўйича
Булунғур туман судининг раиси
Манба: Uznews.uz «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар