23:15 / 07.03.2019
5 878

Коррупцияга қарши қандай курашган маъқул?

Коррупцияга қарши қандай курашган маъқул?
Ўз мансаб ёки хизмат мавқеини суиистеъмол қилиш, ундан шахсий ёки ўзгалар манфаатларини кўзлаб моддий ёхуд номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиш жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.

Англаганингиздек, гап коррупция ҳақида кетмоқда. Бугун жамиятимизда ушбу иллатга қарши жиддий курашиляпти, унинг оқибатлари оммавий ахборот воситалари орқали, турли учрашувлар, давра суҳбатлари, тадбирларда аҳолига тушунтирилишига қарамай, афсуски, коррупциянинг кескин камайишига эришганимиз йўқ.

Нега коррупция деган балодан қутулолмаяпмиз? Бунга нима тўсқинлик қилмоқда?
Мухбиримиз шу каби саволларга жавоб топиш мақсадида Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти директори ўринбосари вазифасини бажарувчи Бахшилло Хўжаев билан суҳбатлашди.

— Биламизки, коррупцияда ҳар доим камида икки томон иштирок этади, — дейди суҳбатдошимиз. — Бунда, бир томондан, ноқонуний йўл билан ўзи ёки учинчи шахс учун бойлик орттираётган мансабдор шахс ҳамда бошқа томондан мансабдор шахсдан актив ёхуд пассив усулда унинг манфаатини кўзловчи қарорнинг қабул қилинишини кутаётган шахс. Коррупцияни, соддароқ қилиб, ўз нафси, манфаати йўлида қонунни ҳам четлаб ўтиш орқали ғаразли мақсади ҳамда бирор нарсага эришиш, дейиш мумкин.

Бугунги кунда юртимизда ушбу иллатга қарши курашиш давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бирига айланган. Унинг ҳуқуқий асослари, ташкилий тузилмаси ва амалга ошириш стратегияси ҳам аниқ. Бу борада Ўзбекистоннинг Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Коррупцияга қарши конвенциясига қўшилиши ислоҳотларнинг дастлабки муҳим қадами бўлди.

Уни амалга оширишнинг миллий механизми сифатида “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун, Президентимизнинг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Буларнинг самарали ижроси натижасида кўплаб жиноятлар фош этилмоқда, содир қилиниши хавфи бўлганларининг олди олинмоқда. Буни ҳар куни оммавий ахборот воситалари орқали кузатиб боряпмиз. Бу яхши, албатта. Лекин шуларнинг ўзигина етарли эмас. Коррупцияга қарши янада фаол курашишимиз керак. Мана шу бизнинг, барчамизнинг диққат-эътиборимизда бўлиши лозим.

— Назаримизда, бу борадаги тарғибот ишлари кутилганидек самара бермаяпти. Сизнингча, ушбу иллатни кескин камайтириш учун нималар қилиш керак?
— Тўғри, тарғибот тадбирлари деярли ҳар куни ўтказилади, одамларни огоҳликка чақирамиз. Бу ишларни янада кучайтириш зарур. Бунинг учун республикамизда коррупцияга қарши курашиш соҳасида бир қатор муҳим йўналишларга алоҳида эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайман.

Биринчидан, коррупцияга қарши курашишнинг превентив чоралари самарадорлигига эришиш керак. Яъни иллатнинг олдини олишнинг назарий пойдевори — “таълим, хабардорлик ва тарғибот” (education, awareness and advocacy) тамойилларига асосланиб, амалий томондан эса “самарадорлик, шаффофлик ва ҳисобдорлик” (effectiveness, transparency, accountability) тамойиллари асосида аниқ давлат сиёсатини ишлаб чиқиш лозим.

Бу борада давлат сиёсати ривожланган мамлакатлар, хусусан, Сингапур тажрибасига ҳамоҳанг равишда “one size fits all”, яъни “барча учун бир хил мезон” модели асосида ишлаб чиқилиб, коррупцияга қарши курашишнинг аниқ ҳуқуқий механизми, самарали институционал тузилмаси, молиявий ва меҳнат ресурслари билан доимий таъминлаб турилиши, мунтазам мониторинг фаолияти ҳамда холис ва шаффоф баҳолаш тизими ишлаши лозим.

Иккинчидан, коррупцияга қарши курашиш стратегиясида интеграциялашган ёндашувни қўллаш яхши самара беради. Бунда давлат органларининг фуқаролик жамиятининг барча институти билан ҳамжиҳат фаол ҳаракатини таъминлаш назарда тутилади. Шунингдек, коррупцияга қарши курашишда миллий тузилмаларнинг халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлигини янада кучайтириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор берилади. Бу борада Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш соҳасида интеграцияга эришишга тўсқинлик қилаётган омиллардан бири — аниқ статистика ва мақбул далилларга асосланган маълумотга таянган ҳолда иш олиб бориш тизимининг мавжуд эмаслиги ҳисобланади.

Учинчидан, жамиятнинг ҳар бир соҳасида, хусусан, тадбиркорлик, таълим, соғлиқни сақлаш соҳаларида коррупцияга қарши курашишни янада кучайтириш, у билан боғлиқ айрим хатти-ҳаракатларни криминализациялаш ҳамда халқаро стандартларни тўлиқ ва тўғри қўллаш лозим. Бунда халқаро ҳужжатларда назарда тутилган “ноқонуний бойлик орттириш”, “учинчи шахсларнинг моддий манфаатларини кўзлаб тамагирлик қилиш” каби ҳаракатларни криминализациялаш масалаларини кўриб чиқиш вақти келди.

— Коррупцияга қарши курашишга оид давлат дастурларининг ижросини таъминлашда қайси омилларга эътиборни янада ошириш лозим?
— Коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат дастурининг ижроси амалга оширилиши лозим бўлган асосий масалалардан биридир. Бунда, аввало, мониторинг жараёнида самарали ҳуқуқий механизмнинг етарли эмаслиги, давлат хизматчиларининг этика қоидаларига риоя қилиш даражасининг пастлиги, давлат органлари фаолияти очиқлиги тамойилининг амалда номигагина ишлаётганлиги каби масалалар ҳал этилиши лозим.

Ва ниҳоят, коррупцияга қарши курашишнинг замонавий тенденцияларидан келиб чиқиб, амалда реал ишлайдиган стратегияни ишлаб чиқиш керак. Замонавий тенденцияга кўра, коррупцияга қарши курашишни уч босқичда амалга ошириш таклиф этилади.

Чунончи, жамият аъзолари фаол иштирокини кучайтириш учун маълумотларни эркин олиш имкониятини яратиш, илғор технологиялардан фойдаланган ҳолда коррупция ҳолатлари ҳақида ахборот бериш ва олдини олиш, коррупцияга оид муаммоларни ҳал қилиш ва бартараф этишда жамоатчилик иштирокини таъминлашнинг аниқ тизимини амалиётда қўллашдир.

Қолаверса, юртимизда ҳар бир соҳада коррупцияга қарши курашишда соҳанинг хусусиятларидан келиб чиқиб ёндашиш, коррупция ҳолатлари ҳақида хабар беришнинг янги инновацион усулларини ишлаб чиқиш ҳамда қўллаш, коррупция ҳолатларини экспертизадан ўтказиш, мониторинг қилиш ва баҳолашнинг реал, ҳаётий, холис ҳамда шаффоф индикаторларини белгилаш ҳам муҳим. Буларнинг барчаси жамиятда коррупция деган иллатнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.
Раҳим Шерқулов (“Халқ сўзи”) суҳбатлашди.

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Коррупцияга қарши қандай курашган маъқул?