00:30 / 30.03.2019
7 515

Оролдаги орол: дунёдаги энг қаттол биоқуроллар полигони (видео)

Оролдаги орол: дунёдаги энг қаттол биоқуроллар полигони (видео)
"Совуқ уруш" пайтида Орол денгизидаги Возрождение оролида ўта хавфли биологик қуролларнинг синови ўтказиладиган ҳарбий полигон жойлашган. Оролда биоқурол синовлари деярли 30 йил олдин тугаган бўлса-да, уларнинг асорати қолган бўлиши мумкин.

1971 йилда Орол денгизида балиқлар сонини ўрганаётган совет экспедицияси кемаларининг бири кучли довул натижасида жануб томон оғиб, бехосдан Возрождение ороли атрофларига келиб қолади. Кемадаги ёшгина жувон чечак вирусининг биринчи қурбони бўлганди. У Возрождение оролидан келаётган заҳарли ҳаводан нафас олган. Кейин уйига – Аральскка қайтганида унда бирданига чечак хасталиги белгилари кўрина бошлайди. Шундан сўнг ўша аёл чечак вирусини 9 ёшли укасига юқтиради. Шу тариқа чечак эпидемияси бутун шаҳар бўйлаб тарқалади.

Кўп ўтмай чечак вирусини юқтирган икки гўдак ва бир ўқитувчи аёл заҳарли вируснинг кучли таъсирида ҳалок бўлади. Ўшанда ҳаммаси бўлиб 10 киши чечак вирусига чалинганди. Улардан уч нафари етарли эмлаш чоралари кўрилмагани боис ҳаётдан кўз юмди. Ушбу фожиалардан сўнг Аральск шаҳри ёпиб қўйилади.

Олмаотадан Москвага кетаётган поездларга Аральскда тўхтамаслик буюрилади. Бутун мамлакат бўйлаб оммавий эмлаш кампанияси ва карантин эълон қилинади. Ниҳоят орадан тўққиз йил ўтиб, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти чечак вируси батамом йўқ қилинганини эълон қилади. 1971 йилда Аральскда чечак вируси тарқалиши шунчаки бахтсиз ҳодиса эмас. Бу Возрождение оролида биологик қуроллар синаб кўрилганидан далолатдир.

Бир йил кейин орол атрофида чайқалиб турган қайиқда аввалроқ бедарак йўқолган икки балиқчининг жасадини топишади. Улар ўлатдан ўлган эди.

Бир қанча вақт ўтиб, маҳаллий балиқчилар тўрига фақат ўлган балиқлар тўдаси тушаверди. Нима бўлаётганини ҳеч ким билмаган. 1988 йил майида эса сайғоқлар подаси бирданига қирилиб кетди. Бир соат ичида деярли 50 минг ҳайвон нобуд бўлган.

Совет иттифоқида биологик қуроллар бўйича етакчи олимлардан бўлган, ҳозир Биологик қуролларга қарши мудофаа ташкилоти президенти Қанотжон Алибеков Возрождение оролида биологик қуроллар синови ўтказилганини тасдиқлаган.

Олис ҳудудда жойлашгани Возрождение оролини чет эл разведкасининг назаридан беркитди, денгиз унга табиий ҳимоя бўлди. Шунинг учун ҳам ҳарбийлар оролда куйдиргининг (антракс) дунёдаги энг катта захирасини жойлаштиришган.

Лекин МРБ (ЦРУ) ўтказган аэрофотосъёмка 1962 йилдаёқ бу ерларда ҳарбий полигон қурилганини фош этган эди. Суратларда казармалар, плацдарм, ҳайвонлар оғили ва илмий-тадқиқотлар биноси акс этган.

Возрождение ороли микробиологик қурол синовдан ўтказиладиган хавфли ҳарбий базага айлантирилган эди. Уни шартли равишда “Бархан” ёки "Аральск-7" деб номлашган ва ўта махфийлигидан ҳатто совет хариталарида кўрсатилмаган.

Бу ерда ярим аср давомида ит, маймун, қўй, от каби ҳайвонларда бошқа бактериологик қуроллар ҳам синовдан ўтказилган. Препаратлар намуналари СССРдаги бошқа биокимёвий лабораториялардан етказиб бериб турилган.

Собиқ иттифоқ ҳудудида Орол денгизидагиси билан қўшиб ҳисоблаганда жами 7 та биокимёвий лаборатория бўлгани айтилади. Объект қаттиқ қўриқланган. Оролга бегоналарнинг кириши қатъиян ман этилган. Махфийлик даражаси шу қадар бўлганки, полигонда қайсидир хизматларни кўрсатишда қатнашган ходимларнинг аксарияти ҳаттоки қаерда ишлашаётганини билишмаган.

Оролда биомуҳандислик институтларининг бутун бошли мажмуаси – корпуслар, лабораториялар ва ускуналар омборхоналари бўлган.
Ҳарбий олимлар учун мўлжалланган шаҳарчада жуда қулай шарт-шароитлар яратилган эди.
Совет тажрибалари деб Возрождение ороли дунёнинг энг ифлос ва хавфли ерларидан бирига айланди.

Аммо 1990-йилларда ҳаммаси ўзгарган. 1992 йилда Россия президенти Борис Ельцин полигонни ёпиш ҳақида фармон чиқарган. Ҳарбий контингент Россиянинг Киров шаҳрига юборилган, биолаборатория эса йўқ қилинган.

Возрождение оролида олимлар айнан қандай тажрибалар билан шуғулланишганини ҳозирга келиб ҳеч ким айтиб беролмайди.
Қандайдир қийматга эга бўлган ускуналарнинг барини мародёрлар ташиб кетишган. У ерда фақатгина ташландиқ бинолар қолган.

Оролнинг қуриши натижасида Возрождениенинг ҳудуди 10 барабар ошди, баъзи жойларда орол материк билан туташди.

Возрождение ороли бугун ҳам хавфлими? Ундай бўлмаса керак деб ҳисоблайди баъзи олимлар.
"Ҳаттоки лабораториядаги идеал шароитларда сақланадиган вируслар бора-бора ўз юқумлилигини йўқотади", – дейди вирусолог олим Дэвил Эванс.

Советлар биоқурол сифатида ишлатмоқчи бўлган ўлат бактериялари ҳозир ҳам Марказий Осиёда кенг тарқалган бўлиб, ундан касалланиш даражаси СССР қулаганидан кейин ҳатто кўпайган.

"Возрождение" сўзи русчадан тирилиш деб таржима қилинади. Умид қиламизки, оролнинг номи рамзийга айланмайди ва оролда кўмилган хавфли микроорганизмлар яқин кунларда "тирилмайди".

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Оролдаги орол: дунёдаги энг қаттол биоқуроллар полигони (видео)