
Европа футбол майдонларида янги баҳс-мунозара бошланди. Ирландия футбол ассоциацияси (FAI) йиғилишида қабул қилинган қарорга кўра, ташкилот УЕФАга расмий равишда мурожаат қилиб, Исроил клубларини Европа мусобақаларидан четлатишни сўради. Бу ҳақда Sky News маълум қилди.
FAIнинг фикрича, Исроил жамоаларининг турнирларда қатнашиши УЕФА низомларига зид ҳисобланади. Ассоциация, шунингдек, Исроил футбол федерациясини «ирқчиликка қарши самарали сиёсат юритмаётгани»да айблади. Исроил эса бу айбловларни рад этди ва ўз позициясини қонуний деб ҳисоблашини билдирди.
FAI томонидан қабул қилинган резолюция 74 та овоз билан қўллаб-қувватланди. 7 киши қарши чиқди, яна 2 киши бетараф қолди. Қарорга кўра, Исроил клублари фаластинликлар назоратидаги ҳудудларда Фаластин футбол ассоциациясининг розилигисиз фаолият юритгани, бу эса халқаро спорт қоидаларига зид экани қайд этилган.
Қизиғи шундаки, мазкур ташаббусни илк бўлиб Дублиннинг “Богемиан” клуби илгари сурган эди. Улар бу орқали Европада футбол орқали адолат ва тинчликни талаб қилишни мақсад қилганини билдирган.
Ҳозирча УЕФА бу масала юзасидан расмий муносабат билдирмади. Аммо спорт таҳлилчиларига кўра, агар ушбу мурожаат жиддий кўриб чиқилса, бу Европа футбол сиёсатида катта баҳс ва можароларни келтириб чиқариши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, сўнгги ойларда спорт дунёсида Исроилнинг халқаро мусобақалардаги иштироки масаласи бир неча марта кўтарилган. Айрим мамлакатлар спортда сиёсатга ўрин йўқ, деб ҳисобласа, бошқалар тинч аҳолига нисбатан ҳаракатлар спортга ҳам таъсир этиши кераклигини таъкидламоқда.
Энди барча назарлар УЕФА қарорининг қай тарзда бўлишига қаратилган — бу масала нафақат спорт, балки дипломатик майдонда ҳам муҳим синовга айланиши мумкин.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!