date
views 4 810

Миллатчилик қаердан келиб чиқади?

Миллатчилик қаердан келиб чиқади?
Бишкек биқинидаги кичкинагина Қуйи Орок қишлоғида 340та оила яшайди ва аҳолиси асосан қирғиз ва турк-месхети вакилларидир. Куни кеча, бутун дунёдаги мўмин-мусулмонлар ҳайит намозларини ўқиб, байрамни нишонлаётган бир пайтда бу ҳудуд ёшлари ўртасида жанжал келиб чиққан ва бир киши шифохонага ётқизилган.

Жанжал шу билан якун топмай, йириклаша бошлаган, катталар ҳам аралашган – 15дан ортиқ уй зарар кўрган, айрим уйларга ёндош бинолар ёқиб юборилган. Гувоҳларнинг сўзларига қараганда, автомобиллар ва бошқа мулкларга ҳам зарар етказилган. Қирғизистон ички ишлар вазирлиги можаро маиший эканлиги, миллатлараро характерда эмаслигини билдирган бўлсада, ўйга толдирадиган жиҳатлар талайгина...

Қирғизистон Марказий Осиёнинг ҳудуди ва иқтисоди нисбатан кичик, лекин аҳолиси сиёсий жиҳатдан анча фаол давлати ҳисобланади. Сиёсий илғорликнинг ўзи хос жиҳатлари бисёр – қирғизистонликлар ҳокиму-парламентларгача танқид қилишдан ошиниб, президентга қарши ҳам намойишлар ўтказишаверади. Сўнгги 10-15 йил ичида мамлакатда икки марта рангли инқилоблар бўлиб ўтган, тузумлар алмашган, давлат раҳбарлари қувғин қилинган. Албатта, қўшни давлат, қардош қирғиз биродарлар мустақил, ўз тақдирларини ўзлари белгилайди, биз уларга ақл ўргата олмаймиз.

Аммо ўйга толдирадиган масалалар борки, улар ҳақида сўзласа, айрим жиҳатларни таққосласа арзийди. Узлуксиз намойишлар, тузумлар алмашинуви, биринчи шахс қувғинлари иқтисодда, халқ фаровонлигида сиёсий фаоллик даражасида акс этмаган. Демократия ривожи коррупцияни бўға олмаган, ривожланиш кутилган натижани бермаган. Умуман, гап бу ҳақда эмас, мавзудан четлашдик.

Дунёда миллатпарвар ва миллатчи деган тушунчалар бор. Лекин кўп ҳолларда бу икки тоифа бир-бирига аралашиб, қоришиб кетади, кимнинг мақсади нималиги унутилади, охир-оқибат кўп ҳолларда майда миллатлар камситилади, этник гуруҳлар мазлумларга айлантирилади.

Қирғизистоннинг Ўш вилоятида бундай ҳолатлар икки марта кузатилган. 1990 йилдагиси ОАВ кучли назоратдалиги, ҳали интернет, алоқа воситалари ривожланмаган бўлгани туфайли тарих саҳифаларида узуқ-юлуқ маълумотлар билангина қолган. Лекин қирғин ниҳоятда жиддий кечган.

2010 йилдаги воқеалар эса ҳар қадамда муҳрланиб борди, этник можаролар кичик тўқнашувлар мақомини хатлаб ўтиб ҳақиқий қирғинга айланди, қон дарё бўлди. Кўчаларга «...ларга ўлим!» деган очиқдан-очиқ ёзувлар кўтарган ёшлар тўдалари чиқишди. Қонга тўлган кўзларга кексалар ҳам, гўдаклар ҳам кўринмади.

Минг афсуски, ҳали ўзи шаклланиб улгурмаган ҳукумат жараённи нафақат жиловлай билмади, балки кенгайиб кетишига ҳам замин яратди. Расмий маълумотларга кўра 500 нафарга яқин, норасмийсига кўра эса 2000дан ортиқ одам шафқатсизларча ўлдирилди. Минглаб одам турли даражадаги тан жароҳати олди. Биргина Ўзбекистоннинг ўзига 111 мингдан ортиқ одам қочиб келиб, паноҳ топди.

«Демократия ороли» дея улуғланган давлат миллатпарварлик ниқобидаги миллатчиликка ўралашиб қолди ва бу ҳолат мамлакат тарихига битмас яра сифатида муҳрланди. Лекин ана шундай йирик можароларни яқинда бошдан кечирган давлатда яна шундай этник жанжалга йўл қўйилиши энг камида таажжубланарли.

Минг афсуски, бундай ҳолат «Фарғона воқеалари» сифатида Ўзбекистон ўтмишида ҳам қайд этилган. Аммо у пайт бошқарув кўп томонлама марказдалиги, қолаверса, можарога учқун бошқа кучлар томонидан берилгани бу ҳолатга сабаб бўлган. Лекин барибир ҳар қандай тўда ёки ғояга эргашиб, миллий масала йўлида бир инсоннинг қонини тўкишни ҳеч бир жиҳатдан оқлаб бўлмайди. Фарғона воқеалари биз учун унут бўлмайдиган, хулоса чиқариш шарт бўлган тарих.

Ўзбекистон мустақилликка эришган йилларидан бошлаб бу масалага жуда жиддий эътибор қаратилган. Сабаби жуда оддий: давлатимиз Марказий Осиёдаги энг кўп миллатли ва энг кўп аҳолига эга мамлакат. Миллатчилик масаласи озгина бўш қўйилса, жуда хунук оқибатлар келтириб чиқариши мумкин.

Шу сабабдан бир неча йўналишда иш олиб борилгани, хусусан ҳам диний, ҳам дунёвий жиҳатдан кенг тушунтиришлар қилингани, миллатлараро тотувликни мустаҳкамловчи қатор дастурлар амалга оширилгани, бундай нифоқ келтириб чиқаришга уринган шахслар шафқатсиз жазолангани ва энг муҳими ҳамжиҳатлик руҳи юртимизда яшовчи миллатлар қалбида чуқур ўрнашгани сабабли бундай можароларнинг олди олинмоқда. Кўз тегмасин!

Бу гапларни баландпарвоз дея ҳис қилганлар атрофга боқишлари лозим. Миллатчилик бирор марта яхшилик келтирмаган.
Аброр Зоҳидов.


Шарофиддин Тўлаганов, журналист:
«Албатта, миллий можаро жуда жиддий ва хавфли муаммо. Қирғизистонда бундай ҳолат тез-тез кузатилаётган бўлсада, муайян ишлар амалга оширилаётганини ҳам таъкидлаш лозим. Ҳайит кунида ҳукумат томонидан кўрилган кескин чоралар туфайли можаро зудлик билан бартараф этилди. Низо маиший мавзуда дея эълон қилиниши ҳам вазиятининг кескинлашиб кетишига йўл қўймади. Ҳодиса жойига республика ИИВ раҳбарнинг шахсан ўзи келишини ҳам олқишлаш керак. Буларнинг ҳаммаси Қирғизистон ҳукумати мамлакатда миллатлараро можароларнинг олдини олишга астойдил бел боғлаганидан далолатдир.

Абдулла Орипов ёзганидек, инсон қалби билан ҳазиллашиб бўлмайди. Ҳозир айрим кучлар Марказий Осиёда вазият кескинлашиб кетишини зимдан кутиб турибди. Минтақа халқлари узоқни кўзлаган ҳолда, айримларнинг фитнасига учмаган тарзда ҳаракат қилишлари лозим. Халқларимиз минг йиллардан бери аҳил-иноқ, дўст-қардош бўлиб яшаб келмоқдалар. Ўзаро низолар яхшиликка олиб бормайди».
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Миллатчилик қаердан келиб чиқади?