16:09 / 24.06.2019
2 828

Олис қишлоқлар аҳолиси муаммоларига қандай ечим топилди?

Олис қишлоқлар аҳолиси муаммоларига қандай ечим топилди?
Фото: «Халқ сўзи»
Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал ва халқ қабулхоналари бугун аҳолининг нажот манзилига айланган бўлса, сектор раҳбарлари томонидан ҳудудлар кесимида сайёр қабулларнинг ташкил этилаётгани одамларда ишонч пайдо қилмоқда. Аҳолининг мушкулини осон қилиш мақсадида сайёр қабуллар чекка ҳудудларнинг ўзида ташкил қилинаётгани одамларга янада қулайлик яратмоқда.

Қашқадарёнинг тоғли ҳудудларида яшовчи аҳолининг ҳолидан хабар олиш, уларнинг ташвиш ва муаммоларини ўрганиш мақсадида вилоят ҳокими бошчилигидаги сектор раҳбарларининг Китоб ва Шаҳрисабз туманларидаги Ҳисор тоғлари этагида жойлашган қишлоқлардаги оммавий қабуллари ҳар томонлама самарали бўлди.

Шаҳрисабз туманининг тоғли Сарчашма, Ғилон ва Кўл қишлоқларида ўтказилган сайёр қабулда 2 мингдан ортиқ аҳоли иштирок этиб, 600 дан ортиқ мурожаат қабул қилинди. 200 дан ортиқ мурожаат шу ернинг ўзида ҳал этилди. Қўшимча ўрганиш лозим бўлган масалалар бўйича тушунтириш берилиб, амалий натижаси маълум қилиниши белгилаб олинди. Мурожаатларнинг аксарияти аҳолини кўпдан буён қийнаб келаётган муаммолар, хусусан йўл, бандлик, ичимлик сув, тиббий муолажалар олиш, мактаблардаги шарт шароит ва кадрлар таъминоти билан боғлиқ масалалардир.

Оммавий қабулда қишлоқ аҳолисини кўпдан буён қийнаб келаётган 2 та муаммо айтилди. Сарчашма -Ҳисорак йўлининг 12 километри носоз аҳволга келиб, қатновда катта қийинчилик туғдирмоқда. Шунингдек, қишда қалин қор ёққан пайтлари беркилиб, муаммо туғдиради, қорни тозалаш учун эса техниканинг йўқлиги панд бермоқда. Мулоқотда ушбу муаммоли масала ижобий ҳал этиладиган бўлди.

Сарчашма қишлоғида 5 мингдан ортиқ аҳоли яшайди. Уларнинг 50 фоизини ёшлар ташкил этади. Аммо ҳудудда ёшлар бўш вақтларида шуғулланиши учун тўгараклар, спорт майдончалари йўқ. Кутубхоналарда тожик тилидаги адабиётларнинг етишмаслиги ҳақли эътирозларга сабаб бўлмоқда. Авлоқул бобо Яхшиевнинг мурожаат қилишича яқин ўртада дорихона йўқлиги одамларни қийнамоқда. Самимий мулоқотлар жараёнида бу масалаларнинг ижобий ечими бўйича чора тадбирлар белгиланди.

Сайёр қабул жараёнида ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бор фуқароларга, кексаларга алоҳида эътибор қаратилди. 90 ёшли онахон Назира Ражабовага соғлигини тиклаш учун Қарши шаҳридаги кексалар санаторийсига бепул йўлланма берилди. Қишлоғидан нарига чиқмаган онахон учун бу кутилмаган совга бўлди.

Қишлоқда бирорта ҳам хотин қизлардан олий маълумотли мутахассиснинг йўқлиги ҳам тилга олинди. Бу борада вилоят тест маркази томонидан ёшларга тест жараёнларидаги ўзгаришлар, янгиликлар ва имкониятлар хусусида маълумотлар берилди.

Сарчашма қишлоғида яшовчи Неъматулла Сафаров Тожикистон республикасидаги тиббиёт коллежида ўқиб, маълум вақт қўшни давлатда ишлашига тўғри келди. Аммо, 1996 йилда ота юртига қайтган Неъматулланинг кўнгли бир чеккаси кемтик бўлиб яшарди. Бугун унинг 23 йиллик армони ушалди. Президентимизнинг Фармонига кўра Ўзбекистон республикаси фуқаролигига қабул қилинди. Худи шундай Ҳамид Шарипов ўз юртининг тўлақонли фуқароси бўлишни 27 йил давомида умид билан кутди. Унинг ҳам орзу ва армонлари рўёбга чиқди. Сайёр қабул давомида ҳар иккала фуқарога ҳам Ўзбекистон республикасининг паспорти тантанали равишда топширилди.

Денгиз сатҳидан 2 минг 300 метр баландликда жойлашган Ғилон қишлоғида 5 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Ғилонликлар ҳам вилоят раҳбарига кўпдан буён уйлантириб келаётган муаммоларини айтишди. Ҳудуддаги 58 мактаб ўқитувчиси Рўзибой Қурбонов коллеж биносида ёшлар учун ўқув маркази очиш, шунингдек 10-11 синф ўқувчилари учун ишлаб чиқариш цехи ташкил этиш таклифини билдирди.

Абдикарим Жумаев қишлоққа автобус қатнови йўлга қўйилса, аҳолининг узоғи яқин, мушкули енгил бўлишини айтиб, мурожаат қилди. Бу муаммо ҳам ўрганилиб, ҳал этиш чоралари кўрилиши маълум қилинди.

Дилдан суҳбат, самимий мулоқотлар жараёнида тоғликларнинг маҳаллий бозор ташкил этиш, дорихона, мактабгача таълим муассасаси, ёқилғи қуйиш шохобчалари қуриш бўйича мурожаатлари бўйича айрим масалалар шу ернинг ўзида ҳал этилди. Бозор, боғча, дорихона қуриш учун тадбиркорларга ер ва имтиёзли кредитлар ажратиб бериладиган бўлди.

Аҳолининг яшаш тарзи билан яқиндан танишиш, уларни қийнаб келаётган муаммоларга ўз вақтида ечим топиш одамларнинг ҳаётга бўлган ишончини янада оширмоқда, турмуш фаровонлигининг яхшилашга хизмат қилмоқда.

Тадбирда бадиий жамоалар ва воҳа санъаткорлари томонидан концерт дастури намойиш этилди.
А. Муҳаммадиев

Манба: Xs.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Олис қишлоқлар аҳолиси муаммоларига қандай ечим топилди?