
Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳрида мўъжизага тенг воқеа қайд этилди — бир оилада бир вақтнинг ўзида 4 нафар эгизак қизалоқ дунёга келди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилди.
Маълумотларга кўра, китоблик Жасур Мақаев ва Дилфуза Баҳриддинова аввалдан ҳам кўп фарзандли оила бўлган. Улар аллақачон 5 нафар қиз фарзандга эга эдилар. Энди эса бу хонадон яна 4 янги гўдак билан тўлди ва оила аъзолари сони 9 қиз билан бойиди.
Эгизак қизалоқлар Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт марказининг Қашқадарё филиалида кесарча кесиш усули орқали, муддатидан бироз олдин туғилган.
Шифокорлар маълум қилишича, биринчи чақалоқнинг вазни 1400 грамм, бўйи 37 сантиметр, иккинчиси 1450 грамм, 38 сантиметр, учинчи қизалоқ 1600 грамм ва 40 сантиметр, тўртинчиси эса 1400 грамм вазн ва 37 сантиметр бўй билан дунёга келган. Ҳозирда барча чақалоқлар тиббий назоратда, халқаро стандартларга мувофиқ парваришланмоқда.
Мутахассислар таъкидлашича, тўрт эгизакнинг бир вақтда туғилиши жуда кам учрайдиган ҳолат бўлиб, бу ҳолатни аниқлаш ва оиланинг тайёргарлигини таъминлаш учун тажрибали шифокорлар жамоаси жалб этилган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг октябрь ойида ҳам Сирдарё вилоятида 3 нафар эгизак чақалоқ — икки ўғил ва бир қиз дунёга келган эди.
Қаршилик оиланинг бу қувончли хабарини эшитган юзлаб одамлар ижтимоий тармоқларда изоҳлар қолдириб, янги туғилган қизалоқларга соғлик, бахт ва нурли келажак тиламоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!