
Фото: Сергей Мальгавко
«2020-2030 йилларда Ўзбекистон Республикасини электр энергияси билан таъминлаш концепцияси» қабул қилинди.
Концепциянинг асосий устувор йўналишлари қуйидагиларни кўзда тутувчи тизимли чора-тадбирларни жорий қилиш орқали амалга оширилади:
Иссиқлик энергетикасини ривожлантириш
2020-2030 йилларда 13 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган бўлиб, шундан 6 таси янги ИЭС лойиҳалари, 6 таси буғ-газ қурилмали, газ турбинаси ва кўмир энергия блоклари қурилиши ҳисобига мавжуд ИЭСни кенгайтириш бўйича лойиҳалар, шунингдек, Янги Ангрен ИЭСда блокларини модернизация қилиш бўйича 1 лойиҳадан иборат.
Янги ишлаб чиқариш қувватлари фойдаланишга топширилиши билан маънан ва жисмонан эскирган ИЭС блоклари босқичма-босқич фойдаланишдан чиқарилади.
Қайта тикланадиган энергия манбалари асосида энергия ишлаб чиқаришни ривожлантириш
2020-2030 йилларда қайта тикланадиган энергия манбалари орқали электр энергия ишлаб чиқаришга, айниқса қуёш энергиясини ривожлантиришга алоҳида эътибор берилади. Ушбу лойиҳалар фақат сармоядорлар - мустақил электр энергиясини ишлаб чиқарувчилар ҳисобидан амалга оширилади.
2020-2030 йилларда 3 ГВт шамол ва 5 ГВт қуёш электр станцияларини қуриш кўзда тутилган қайта тикланадиган энергия манбаларининг ҳар йили фойдаланишга топшириладиган қувватларининг мақсадли параметрлари белгиланган.
Йирик шамол электр станциялари Қорақалпоғистон Республикаси ва Навоий вилоятида жойлаштирилади.
Қуввати 100-500 МВт бўлган қуёш электр станцияларини асосан Жиззах, Самарқанд, Бухоро, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида жойлаштириш кўзда тутилган. Республиканинг бошқа минтақаларида 50-200 МВт қувватга эга қуёш электр станциялари қурилади.
2020 йилда халқаро молия институтларининг техник кўмаги билан Жиззах, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларида қуёш электр станциялари қурилиши учун тендерлар ўтказилади ва республиканинг бошқа минтақаларида фотоэлектр станцияларини, шунингдек, қайта тикланадиган энергия манбалари қуриш учун тендерлар эълон қилинади.
Шунингдек, республиканинг олис аҳоли пунктларида, экотуризмни ривожлантириш режалаштирилаётган минтақаларда ҳамда ягона электр энергияси тизимига уланмаган кичик қуёш электр станцияларини яратишга ҳам эътибор қаратилади.
2021-2025 йилларда 150 мингга яқин қуёш фотоэлектр станцияларини ва уй хўжаликларининг 2-2,5 фоизида сув иситгичлари ўрнатишни кўзда тутувчи мақсадли дастур тасдиқланди.
Гидроэнергетикани ривожлантириш
2020-2030 йилларда 62 та лойиҳа бўйича ишларни амалга ошириш режалаштирилган, шу жумладан, 35 та ГЭС қурилиши ва 27 та ГЭСни модернизация қилиш мўлжалланган.
2030 йилгача янги ГЭСлар қурилиши режалаштирилган.
Магистрал электр тармоқларини ривожлантириш
Электр таъминоти ишончлилигини ошириш учун 2025 йилга келиб, ягона электр энергетика тизиминининг барча узеллари 500 кВ электр тармоқлари орқали боғланади.
Тақсимлаш тармоғини ривожлантириш
Электр энергиясини улгуржи рақобатлашган бозорига ўтиш жараёнида, тақсимлаш тармоғини эксплуатация қилиш ва истеъмолчиларга электр энергиясини сотиш фунциялари ажратилади, тақсимлаш тармоқлари давлат мулки бўлиб қолади. Электр энергиясини сотиш функцияси шаффоф танловлар асосида ДХШ шартлари бўйича босқичма-босқич хусусий компаниялар ритейлерларига ўтказилади.
Улгуржи бозорга ўтиш ва электр энергетикасида тариф сиёсатини такомиллаштириш
Электр энергиясининг улгуржи бозорига ўтиш 2020-2023 йилларда босқичма-босқич, зарур шартлар бажарилган тақдирда ҳар бир кейинги босқичга ўтиш билан амалга оширилади. 2023 йилда рақобатбардош улгуржи бозор шакллантирилади ва унинг барча иштирокчилари магистрал электр тармоқларига тенг ва тўсиқсиз кириш билан таъминланади.
2023 йилдан бошлаб барча электр энергиясини ишлаб чиқарувчилар улгуржи савдо бозорининг иштирокчилари бўлишади. Бунда давлат электр энергия сотиб олиш тўғрисидаги тузилган битимларга асосан мажбуриятларини бажаришда давом этадилар.
Шу билан бирга, 2021 йилдан бошлаб Ягона харидорнинг вазифалари "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖ дан янги ташкил этиладиган кафолатланган харидор – давлат савдо компаниясига ўтказилади ва у электр энергиясини импорт ва экспорт қилиш вазифаларини ҳам бажаради.
2020-2021 йиллар давомида қуйидагилар ташкил этилади:
- энергетика бозори Регулятори - электр энергияси ва табиий газ бозорини тартибга солиш, лицензиялаш ва назорат қилиш функцияларини амалга оширадиган ҳукумат таркибига кирмайдиган, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Олий Мажлисига ҳисобдор, молиявий жиҳатдан мустақил орган;
- энергетика бозори оператори - давлат компанияси бўлиб (дастлаб 10дан 15 кишигача), онлайн платформалар орқали электр энергияси ва табиий газни улгуржи бозорда сотиб олиш ва сотиш бўйича барча жараёнларни амалга оширади.
2021 йилдан бошлаб истеъмолчиларнинг айрим тоифалари қуйидагилар билан таъминланади:
- электр энергиясини бевосита ишлаб чиқарувчилардан сотиб олиш ҳуқуқи;
- электр энергиясини ушбу истеъмолчиларга тегишли ишлаб чиқариш манбаларидан истеъмол пунктларигача етказиб бериш (транспортировка) хизматлари учун мажбурий тўловни тўлаш билан таъминлаш кафолатлари.
Концепция мунтазам равишда ўзгартирилади ва керак бўлганда тўлдирилади. Концепциянинг тўлиқ матни билан ушбу ҳавола орқали танишиш мумкин. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар