date
views 4 372

Мадаминбекни ёд этиб

Мадаминбекни ёд этиб
9 май куни одатдагидек, ойнаи жаҳон орқали дунёдан ўтган таниқли санъаткорлар, шоиру ёзувчилар, давлат арбоблари тўғрисида кўрсатувлар намойиш этилади. Улар ҳақида хотиралар ўқиб эшитирилади. Ахир қадимда Шарқ донишмандларидан бири “Агар одамларни ёд этсалар, аждодларини унутмасалар, халқда яхши хислатлар янада камол топади” деб бежиз айтмаган. Хотира ҳақида оғиз очишимнинг сабаби ҳам шунда.

2019 йили Туркистон мустақиллиги учун курашган Мадаминбекни қабрини дўстларим Иномжон, Оллоберди билан биргаликда зиёрат қилдик. Чунки, кўпдан бери унинг қабрини зиёрат қилишни астойдил ният қилиб қўйган эдик. Билмадим кимлар учундир у оддий бир қўрбошидир. Бироқ мен учун Мадаминбек бир умр мардлик тимсолига айланган табаррук инсон бўлиб келган. Жасур Туркистон ўғлонининг қабри Учқўрғоннинг Олай тоғ тизмалари оралиғидаги Шиғай қишлоғида жойлашган бўлиб, ўтган асрнинг 90-йилларида саховатпеша ватандошларимиз томонидан қўйилган қабр тошида қуйидаги сўзлар битилган:
Муҳаммадаминбек Аҳмадбек ўғли
1892–9.04. 1920.
Туринг бегим гуноҳларни ювайлик,
Босқинчини Она юртдан қувайлик.


Ўшанда Мадаминбекнинг қабри бошида келаси йили 9 май кунида буюк баҳодирнинг шаҳид бўлганига 100 тўлар экан деб хаёлимда ўтган эди. Мана қарангки, йил ҳам ўтди...
XX асрнинг машҳур адибларидан бири “Инқилобий замонларда энг яхши одамлар қурбон бўлади. Қурбонлик келтириш қонунига биноан сўнгги сўзни айтиш қўрқоқ ва эҳтиёткор одамларга қолади, зеро бошқалар ўзида бор энг азиз нарсани қурбон қилиб, сўздан маҳрум этилган. Сотқинлик қилганлар сўзлайдилар” деган эди. Дарҳақиқат тарихнинг бундай бурилиш нуқталарида фавқулодда қобилият соҳиблари майдонга чиқадилар, улар мисли кўрилмаган қаҳрамонлик намуналарини намойиш этиб ҳалок бўладилар.

Мавлоно Жалолиддин Румий айтганидек:
Қайда мазлумлар чекар бўлса фиғон,
Шермардлар унда ҳозирдир ҳамон.
Етса мазлум доди, турмаслар қараб,
Раҳмати Ҳақдек чопарлар ул тараф.

Туркистон мустақиллиги учун курашган Аллоҳ раҳмат қилсин Мадаминбек (Муҳаммад Аминбек) ҳам ўз даврининг ана шундай шемард, фавқулодда қобилият соҳибларидан бири бўлган. У ҳақда қанча китоблар ёзилди ва ёзилмоқда. Бироқ бу китоблардаги маълумотлар орасида бир воқеа менга қаттиқ таъсир қилганди. Бу Мадаминбекни уламоларга бўлган чексиз эҳтиромидир.

Марғилоннинг машҳур Ҳолмуҳаммад қори (1857-1939) ва бир қанча уламолар Муҳаммадаминбек билан кўришмоқ учун унинг қароргоҳи жойлашган Ёзёвондаги Қорасоқол қишлоғига етиб келганларида арава олдида бир йигит пайдо бўлиб аъмо, яъни туғма кўр ва ҳам ёши улуғ ҳазрат Холмуҳаммад қори даданинг оёқларига елкасини тутади. “Қори дада мени елкамни босиб тушсангиз”, деб туриб олади.

Чунки, арава анча баланд бўлиб, одатда ундан бирор нарса билан тушиларди ёки чиқиларди. Ҳолмуҳаммад қори дада ноилож йигитни елкасини босиб ерга қадам босади. Бу ҳақда Мусо Туркистоний шундай ёзади: “аробадан тушар вақтида қори домлага эҳтироман бир йигит энгишиб, қори домлани аёғини елкасига қўйдуруб, аробадан беозор туширилди.

Зеро, қори домла ҳам аъмо ва ҳам ёши улуғ ва заифлиғидан ҳурматга лойиқ бир зотдурлар. Хуш омадидан ва хордиқлар сўралиб бўлғондан кейин қори домла, бек борму, агар бўлса кўришайлик, арзимизни айтиб, вазифамизни билдирайлик, деб сўзга бошладилар. Ёнидаги айтди: “Тақсир, бек бор эканлар. Жанобларини аробадан тушириб қўйган мутавозе йигит Муҳаммадаминбекнинг ўзи экан, алҳамду лиллаҳ, толеимиз бедор экан, ҳаммамиз бекни ҳузуридамиз, тақсир”, дедилар.

Қори домла юзларини бек тарафға қаратиб, аввалан, хизматини таҳсин этдилар. Сўнгра ташаккурларини билдирдилар. Шу ҳолда дастурхон ёзилди... Қори домла қўл очиб, Исломга нусрат тилаб, қилғон дуои фотиҳадан кейин видолашиб, аробага чиқарда зор-зўр ила қори домлани унамаганига қўймай Муҳаммадаминбек энгишиб, бир курсини вазифасини ўтади. Қори домла бир аёғларини бекнинг белига қўюб, аробага чиқди. Оллоҳ ёримиз бўлсун, Худога топширдук, деб хайрбодлашиб жўнадилар”.

Эътибор беринг, қайси ҳукмдор ёки лашкарбоши тарихда уламоларга шу қадар юксак эҳтиром бажо айлаган. Мадаминбекнинг ҳар бир ҳаракати риёдан ҳоли самимий эди. Она Туркистонимизнинг миллий қаҳрамони бўлмиш Мадаминбекнинг бу гўзал фазилатлари ўша пайтларда эл орасида машҳур бўлганидан шоирлар қасидалар битганлар, ҳофизлар қўшиқ қилиб айтганлар. Бугун майли биз қасида битмайлик, узундан-узун шеърлар ёзмайлик, лекин ҳеч бўлмаганда ақалли эл суйган шерюрак Мадаминбек номини ёд этайлик. Муборак рамазон ойида унинг ҳақига дуога қўл очайлик.

Нодиржон Абдулаҳатов,
тарих фанлари номзоди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Мадаминбекни ёд этиб