23:48 / 29.03.2021
1 805

“Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш: долзарб муаммолар ва муваффақият омиллари” мавзусида халқаро онлайн давра суҳбати

“Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш: долзарб муаммолар ва муваффақият омиллари” мавзусида халқаро онлайн давра суҳбати
Жорий йилнинг 29 март куни Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти томонидан Япония халқаро ҳамкорлик агентлигининг (JICA) Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда ташкил этилган “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш: долзарб муаммолар ва муваффақият омиллари” мавзусида халқаро онлайн давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбир Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти томонидан 2020 йилда республиканинг 70 та ҳудудлари (туман ва шаҳарлар)да аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш даражаси бўйича ўтказилган социологик тадқиқот натижалари муҳокамасига бағишланди.

Халқаро онлайн давра суҳбатида таниқли ҳуқуқшунослар, мутахассислар ҳамда хорижий экспертлар маъруза билан иштирок этдидар. Хусусан Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси, Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти, Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби, Бош прокуратураси академияси, Тошкент давлат юридик университети, Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш маркази мутахассислари ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.

Тадбирни кириш сўзи билан очиб берган Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти директори Аъзам Мадаминов томонидан ҳуқуқий ислоҳатларнинг ҳозирги босқичида фуқароларнинг ҳуқуқий билимларини ошириш ва жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш соҳасидаги долзарб вазифалар, бу вазифаларни ҳал қилишда социологик тадқиқотларнинг аҳамияти ҳамда Институтда бу йўналишларда амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот бериб ўтилди.

Тадбир иштирокчилари эътиборига Институт томонидан 2020 йилда ўтказилган социологик тадқиқот натижалари юзасидан масъул ходим А. Эминовнинг тақдимоти, шунингдек “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази ижрочи директори М. Хаджимухаммедовнинг “Социологик сўровлар ўтказишнинг муҳим жиҳатлари” мавзусидаги маърузаси ҳавола қилинди.

Шунингдек халқаро давра суҳбатида Япония Адлия вазирлигининг Илмий-тадқиқот институти профессорлари Шожи Минако ва Куроки Кота Японияда ҳуқуқий мавзудаги социологик тадқиқотларни ўтказишнинг ўзига хос услубий жиҳатлари ҳақида маъруза қилишди. Хусусан Шожи Минако ўзи фаолият олиб бораётган Илмий-тадқиқот институти томонидан аҳоли ҳуқуқий маданияти даражасининг умумий жиҳатларини эмас балки аниқ бир соҳаси бўйича ўрганишлар амалга оширилишини хусусан жамиятда жиноятларнинг юзага келиш сабаблари, жиноятлардан жабр кўрганларнинг ҳолати ҳамда жиноятлар содир этилганлиги тўғрисида хабар бериш даражаси юзасидан социологик тадқиқотлар ўтказилишини айтиб ўтди.

Куроки Кота ўз маърузасида суд органлари томонидан суд жараёнларида иштирок этувчи халқ маслаҳатчиларининг суд мажлиси жараёнини тушуниш даражаси анкета-сўров услуби орқали ўрганилиб борилиши таъкидланиб, аҳоли ҳуқуқий маданиятни ошириш бўйича мактаблар билан ҳамкорликда ишлаш йўлга қўйилганлиги, яъни ўқувчилар таътил даврларида ота-оналари билан биргаликда суд органларига жалб этилиб, уларга судьялар томонидан намунавий суд мажлиси мастер-класс дарси ўтиб берилиши, ташкил этиладиган ҳар бир дарсда 100 дан ортиқ иштирокчи қатнашиши ҳақида маълумот берилди.

Ўқувчиларнинг мазкур дарсларда ота-онаси билан иштирок этишлари ижобий самара бериб, улар содир этиладиган жиноятлар ва ҳуқуқбузарликларнинг жавобгарликка тортилиш тартиби, шунингдек қонунларни билмаслик оқибатида ҳуқуқбузарлик содир этиш жазоланишдан озод этмаслиги тўғрисида ҳам оилавий муҳокамалар қилиш орқали ўзларининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириб борадилар. Япониялик экспертларнинг маърузаларига ҳамда таклифларига иштирокчилар томонидан муносабат билдирилди. Хусусан ўқувчиларнинг тўгарак машғулотларида суд органлари ходимлари томонидан намунали суд мажлислари дарсларини ўтиб берилишини жорий этиш тўғрисида фикр билдирилди.

Тадбирда Адлия вазирлиги масъул ходими Д.Ражабоевнинг “Ҳуқуқий саводхонликни оширишнинг долзарб муаммолари” мавзусидаги ҳамда Тошкент давлат юридик университети ўқитувчиси А.Содиқовнинг “Жамият ҳуқуқий маданиятини юксалтиришнинг инновацион услублари” мавзусидаги маърузалари орқали мамлакатимизда ҳуқуқий тарғибот бўйича амалга оширилаётган тадбирлар, аҳоли ҳуқуқий саводхонлигини ошириш масалалари, хусусан давлат хизматчиларининг ҳуқуқий маданиятини баҳоланиши ҳамда ҳуқуқий маданиятни юксалтиришнинг инновацион усулларини жорий этиш мақсадга мувофиқлиги айтиб ўтилди.

Тадбирда таъкидланганидек, юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгаришлар турли соҳалардаги муносабатларни тартибга солувчи ҳуқуқий асосларни янгилашни, муҳим қарорлар қабул қилиш жараёнида фуқароларнинг фаол иштирокнини таъминлашни тақозо қилмоқда. Бу эса ўз ўрнида аҳолининг турли қатламларининг ҳуқуқий саводхонлиги ва жамиятда ҳуқуқий маданият даражасига қўйиладиган талабларнинг ошиб боришига олиб келмоқда.

Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти томонидан ҳудудий адлия органлари билан ҳамкорликда ўтказиб келинаётган ижтимоий тадқиқотлар натижалари ҳам бу йўналишдаги амалий ҳаракатлар самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратиш кераклигини кўрсатмоқда.

Тадбир иштирокчилари ҳам ўз чиқишларида давлат органлари, таълим муассасалари ва йирик меҳнат жамоалари томонидан аҳолига ҳуқуқий ахборотларни етказишнинг энг мақбул усулларини аниқлаш масаласи долзарб эканини таъкидлашди.

Тадбир якунида Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти томонидан давра суҳбатида ҳамкорлик қилган Япония халқаро ҳамкорлик агентлигининг (JICA) Ўзбекистондаги ваколатхонасига, маърузалари билан иштирок этган хорижий экспертларга ҳамда бошқа спикерларга миннатдорчилик билдирилди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш: долзарб муаммолар ва муваффақият омиллари” мавзусида халқаро онлайн давра суҳбати