21:50 / 26.05.2021
3 640

Ўлимларга сабаб бўлаётган «иккинчи хотин»: бу борада қачон тартибли жамиятга айланамиз?

Бутун жаҳонда автомобил ҳаракатланиш воситасига айланиб улгурган. Постсовет давлатларда эса у ҳамон фаровонлик белгиси. Яъни қайсики оилада автомобил бўлса, улар ҳаётда бир нарсага эришган, ўзига тўқ ҳисобланади — камида қўни-қўшнисининг кўз ўнгида.


Лекин атрофга назар солинг: катта-кичик шаҳарларимизнинг кўчалари аллақачон автомобилларга тўлиб-тошган. Катта тирбандликлар рўй бермоқда. Маҳаллий раҳбарларимиз эса бу муаммонинг ечимини фақат кўчаларни янада кенгайтиришда кўришмоқда.

Шаҳар энг аввало инсон учун
Кўча кенгаяр экан, у ўз бағрига янада кўпроқ машина сиғдира бошлайди. Чунки авваллари кўча ноқулай деб аввал бошқа томондан йўл солган ҳайдовчилар ҳам рулни шу ёққа бура бошлашади. Бу аллақачон биздан фаровонроқ давлатларнинг бошидан кечган масала. Кўчаларни кенгайтириш — асло муаммонинг ечими эмас.

Катта шаҳарларимиз марказий қисмларида токи пулли тураргоҳлар қилинмас экан, бу жойларда автомобиллар ҳаракатини чеклаб, қийинлаштириб, жамоатчилик транспортига кенг йўл очилмас экан, бизни Покистон, Миср каби давлатларда бўлганидек, кўчаларда хаос кутмоқда.
Ҳеч бир светофор ва ЙПХ ходими ҳам бу хаосни тартибга сола олмайди. Кеч бўлади.

Юқоридаги суратда бир автобусга жой бўладиган одамлар кўчада нечта машинада ҳаракатланиши мумкинлиги тасвирланган. Чиндан ҳам дўппини бир чеккага олиб, бош қотириб кўрса бўладиган масала.

Шаҳар энг аввало инсонларнинг эмин-эркин ҳаракати, бемалол нафас олиши ва ҳордиқ чиқариши учун бўлиши керак. Шаҳардаги кўчалар ва майдонлар инсонларга хизмат қилиши керак, темир машиналарга эмас.

Бутун жаҳонда автомобил, умуман, транспорт бир нуқтадан иккинчисига тезроқ етиб олиш учун ҳаракатланиш воситаси ҳисобланади. Фақат «кўрмаганнинг кўргани қурсин» қабилида яшай бошлаган постсовет давлатларида автомобил бойлик, ҳаётда бир нарсага эришганлик белгиси. Камида танишлари, қўни-қўшнилари кўз ўнгида бир нарсани исботлаб қўйгиси келгандек, машина харид қилишга қизиқади.

Ўзбекнинг «иккинчи хотини»
Ўзбекистонда автомобил аллақачон яна бир рўзғор — «иккинчи хотин» мақомини олиб бўлган. Бу ҳақда азалдан ҳазиломуз латифалар бор эди. Лекин аста-секин бу ҳазиллар юртимизда ҳаётий ҳақиқатга дўниб бўлган.
Чунки кўпчилигимиз автомобил харид қилганимиздан сўнг ундан иш-уй-бозор режимида фойдаланишдан ташқари, аввало уни гўёки келинчакдек безатамиз. Аукционга пул сарфлаб, чиройли авторақам танлаймиз.

Бундай инсоннинг машинасига дахл қилганлик, гўёки унинг иккинчи хотинига дахл қилингандек тушунилади. Ростданам-да! Қоидабузарлик содир этган автомобилни суратга олганлар гўёки бир мўмин-мусулмоннинг иккинчи хотинини уят иш устида суратга олгандек қабул қилинмоқда. Ўша нафратга дучор бўлаётган «терпилалар», «козёллар» қўлга тушиб қолгудек бўлса — гўёки гўшангада ушлаб олинган хиёнаткордек «самосуд» қилинмоқда.

Битта мисол: Жиззах политехника институти талабалари Самарқанд шаҳрида амалиёт ишини ўташ асносида камералар ўрнатиб, машиналар оқимини кузатишган ва ҳайдовчиларнинг тепкиси остида қолиб кетишларига бир бахя қолган.
Ҳолбуки, қоидани бузмай ҳайдаётган ҳайдовчи радардан ҳам, йўлдаги камералардан ҳам, қизил таёқ ушлаган ЙПХ ходимидан ҳам — ҳеч нарсадан чўчимаслиги керак. Бу — оддий қоида.

Автомобилларга тегишли хабарлар энг кўп ўқилиши шахсан мен учун ҳайратланарли. Биргина тонировка масаласини олинг. Машинани «чимматга ўраш»га ишқибозлар шу қадар кўпки, ҳар бир хабар юз минглаб марта ўқилади ва барча телеграм-каналларда айланади, гарчи у фейк хабар бўлса ҳам.

Ҳозир тонировка яхшигина пул туради. Ҳамма ҳам қила олмайди. Энди инсоф юзасидан айтинг-чи, машинасини тўлиқ тонировка қилиб олганлар кўчаларда машиналарини қоидаларга риоя қилиб ҳайдаб юришибдими ёки ўзларидан бандит ясаб олишганми?
Бир пайтлар тонировка айнан хавфсизлик масалалари рўкач қилиниб, тамоман тақиқланган эди. Аслида тўппа-тўғри қилинган экан, деган хулосага бормайдими одам бу туришда?

Парда масаласини олайлик. Ҳайдовчилар бу масалада суришиб, ЙПХ ходимлари билан судлашишгача боришди. Парда осиш ноқонуний эмаслигини исботлашди ҳам.

Йўлларда ЙПХ ходимлари билан бўладиган можароларни-ку, асти сўраманг. Нега бундай бўляпти? Чунки йўлларда ҳаракат хавфсизлиги учун масъул бўлганлар автомобиль эгаларининг биринчи рақамли душмани. Чунки автоинспекторлар машинани ўзи истаганча ҳайдашга монелик қилишади.

Энг характерлиси — ўзбекнинг бу хислатини автосаноатдаги корчалонларимиз ҳам жуда яхши илғашади. Биздаги «келинчак»ларнинг яхшигина «қалини» бор. Бошқа юртнинг келинчагини олиб келиб «уйланиш»га турли бож ва тўсиқлар қўйилган.

«Иккинчи хотин» масаласи амалдорларимиз ва халқ орасида довруғ қозонган эстрада ва санъат юлдузларимиз орасида ҳам шу қадар нуфузга эгаки, улар ўзимизнинг «ўзбекона» машиналарини минишдан «ор» қилишади. Албатта, махсус авторақамли, қоп-қора ва «чиммат тутилган» «японка хотин»ларни ҳайдашади.

Сабаб нимада?
Энг ачинарлиси, йўл ҳаракати қоидаларининг қўпол равишда бузилиши, умуман, қоидаларни ва пиёдаларни менсимаслик йўлларда инсонлар ҳалок бўлишига олиб келмоқда. Ўлим билан тугаган ЙТҲларнинг деярли 95 фоизида рулдаги ҳайдовчи айбдор бўлиб чиқмоқда.

2021 йил май ойининг ўзида қатор ҳудудларимизда бирваракайига 6-7 нафарлаб инсонлар ўлимига сабаб бўлган йўл-транспорт ҳодисалари рўй берди. Бу — даҳшат!
Йўлларда пиёдалар ўтиш жойидан ўтаётган мактаб ўқувчиларини уриб кетиб, уларнинг вафотига сабаб бўлган воқеаларга ҳам гувоҳ бўлдик. Бу ўлимларни йўқотиш, ҳеч бўлмаса кескин камайтириш йўллари борми? Бор, албатта.

Ўзбекистон бўйлаб серқатнов катта йўл ёқаларида жойлашган мактаб, болалар боғчаси, мусиқа ва спорт мактаблари, коллежлар ва олийгоҳлар олдида бутун ўқув йили мобайнида ва иш кунлари — эрталаб соат 07:00дан кечқурун соат 19:00гача тезлик лимити 50 км/соатга туширилиб, мактаб ё таълим даргоҳи дирекцияси радар ўрнатишига рухсат берилиши керак.

Ҳаттоки ота-оналар пул тўплаб, мактабга радар олиб беришга кўмаклашишса жуда яхши бўларди. Ҳар қалай, уларнинг беминнат маблағлари ўз фарзандларининг мактабга хавфсиз бориб-келишларини таъминлашга сарфланган бўларди.

Энг асосийси — радарларга тушган қоидабузарлар тўлаган жаримасидан 75 фоизи ўша таълим даргоҳи фондига ўтказилиши лозим. Бу борада Халқ таълими вазирлиги ҳам ташаббус билдирса яхши бўларди.
Шаҳарлар ичида эса таълим даргоҳлари олдидаги барча йўллардаги пиёдалар ўтиш жойи зебралар йўлдан баландроқ (ётиқ полициячи усулида) қилиниши керак.

Бу усул билан ҳеч бўлмаганда йўлларда болалар ўлимларини камайтирган бўлар эдик.

Муаммони бартараф этиш юзасидан таклифлар
Албатта, муаммонинг илдизи чуқур. Энг аввало, улов рулидаги инсонларнинг ҳайдовчилик маданиятига амал қилмаслиги, белгиланган тезлик меъёрига риоя этмаслиги, автомобилни маст ҳолда бошқариш каби иллатлар бунга сабаб бўлмоқда.
Йўлларда пиёдалар ўлимининг олдини олиш учун қўлланган хорижий тажрибалардан фойдаланиш керак. Субъектив фикримча, Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бу борада етарли изланишлар олиб бормаяпти. Масалан, Скандинавия давлатлари ва Канадада бу борада катта тажриба тўпланган. Ўрганишга, қўллашга арзигулик.

Албатта, ҳозир ҳайдовчиларга қийинчилик туғдирувчи қандайдир янгиликлар жорий қилиниши ҳайдовчилар томонидан жуда оғир қабул қилинади. Лекин аллақачон, қатъий тартиб жорий этиш вақти етиб келган. Чунки, фикримча, биз ҳам йўлларда яккам-дуккам машина ҳайдаш мумкин бўлган совет даври стандартлари билан яшамоқдамиз.

Таклифларим қуйидагича:
1. Юқорида тилга олинганидек, Тошкент, Самарқанд каби катта шаҳарларнинг марказий қисмларида транспорт оқимини кескин камайтириш, жамоат транспорти ва таксилардан фойдаланишни яхшироқ йўлга қўйиш керак.

2. Шаҳар ҳокимликлари жамоат транспорти тизимини такомиллаштириш йўлида изланиш қилишлари керак. Айниқса, Тошкент ва Самарқандда. Шаҳар кўчалари автомобилларга эмас, одамларга хизмат қилсин.

3. Қоидабузар ҳайдовчиларни жазога тортиш тизими тубдан қайта кўриб чиқилиши керак. Жарима очколари жорий этилиши лозим. Масалан, 1 йил давомида 10та жарима очкосига эга бўлган ҳайдовчи маълум бир муддатга (2-3 йил) автомобиль ҳайдаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниши керак. Бундан кам жарима очкоси тўплаб қўйган ҳайдовчиларга суғурта олиш суммаси катталашиб боравериши лозим — чунки бундай ҳайдовчилар потенциал авария яратувчилар ва суғурта ҳолати ҳосил қилувчилар ҳисобланиши керак.

4. Ўқув даргоҳлари олди болаларнинг йўлларни бехавотир кесиб ўтишини таъминлаш мақсадида светофор, ётиқ полициячи, камера ҳамда радар билан таъминланиши лозим.

Хуллас, қилинадиган ишлар кўп. Йўлларимизда ҳаракатланишни тартибга солиш учун изланиш, турли самарали тажрибалардан эринмасдан фойдаланавериш керак. Пировард мақсад — инсон хавфсизлиги ва саломатлиги экан, ҳар қандай восита мақсадни оқлайверади.

Шуҳрат Шокиржонов, журналист.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўлимларга сабаб бўлаётган «иккинчи хотин»: бу борада қачон тартибли жамиятга айланамиз?