01:14 / 02.08.2021
2 392

Коронавирус лабораториядан сизиб чиққани ҳақидаги фараз. Олимларга нималар маълум?


Жаҳондаги одамлар ва ҳатто давлатлар кун тартибини ўзгартириб ташлаган коронавирус пандемияси бошланганига бир ярим йилдан зиёд муддат ўтди. Шу кунгача 197 миллиондан ортиқ киши ушбу касалликка чалиниб, уларнинг 4,2 миллиондан зиёди вафот этди. Ўзбекистонда Covid-19’га чалинганлар сони 125 мингдан кўпроқни, ундан вафот этганлар эса расмий статистикага кўра қарийб 900 кишини ташкил этяпти.


Миллионлаб одамлар ҳаётига зомин бўлган, миллардлаб инсонлар ҳаётини тубдан ўзгартириб ташлаган касалликнинг келиб чиқиши ҳақида турли версия ва фаразлар мавжуд.

Коронавируслар оиласига кирувчи SARS-CoV-2 вируси билан касалланиш ҳолати илк бор Хитойнинг Уҳан шаҳрида қайд этилганди. Орадан бир йил ўтиб Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг махсус комиссияси Уҳанда бўлиб, вируснинг келиб чиқишини ўрганишга киришди. Унда Экспертлар маҳаллий олимлар, шифокорлар билан суҳбатлашди, шаҳардаги ёввойи ҳайвонлар ва денгиз маҳсулотлари сотиладиган бозордаги вазиятни ўрганишди. Дарвоқе, ЖССТнинг махсус комиссиясини киритишни Хитой ҳукумати пайсалга солиб келди ва буни ЖССТ экспертларида айрим ҳужжатларнинг йўқлиги ва делегацияни қабул қилишга тайёргарлик кўришга оид қийинчиликлар билан изоҳлаган.

2021 йилда коронавирус (SARS-CoV-2)нинг лабораторияда яратилгани ҳақидаги мунозаралар кўпайгандан кўпайди, дея ёзишмоқда Nature журналидаги мақола муаллифлари Эми Максмен ва Смрити Малламати.

Аксар олимлар SARS-CoV-2’нинг келиб чиқиши табиий ва одамга ҳайвондан юққан, деб ҳисоблашади. Бироқ вируснинг лабораториядан сизиб чиққани ҳақидаги версия ҳам бор. Баъзи олимлар вируснинг Уҳан вирусология институтида сунъий тарзда яратилгани ҳақидаги фаразни чуқурроқ ўрганишни талаб қилишмоқда.

Коронавирус билан илк касалланиш ҳолатлари айнан Уҳан шаҳрида қайд этилганди. 2021 йилнинг 26 май куни АҚШ президенти Жо Байден бутун кучларни ишга солиб, коронавируснинг келиб чиқишини аниқлашга чақирди. Австралия, Европа Иттифоқи ва Японияни ҳам вируснинг келиб чиқишини синчиклаб ўрганишга даъват қилди ва жумладан шундай деди: Бугунга келиб, АҚШ Хавфсизлик Уюшмаси эҳтимолий икки сценарий мавжудлиги борасида ҳамфикр.

Лекин бу масалада ҳали узил-кесил тўхтамга келингани йўқ. Мен Хавфсизлик Уюшмасидан бизни якуний хулосага олиб борувчи ахборотни тўплаш ва таҳлил қилиш учун уринишларни икки баробарга оширишни сўрадим. Ўша ҳисоботнинг бир қисми сифатида мен зарур маълумотларни, шу жумладан, Хитойга бериладиган аниқ саволларни тақдим қилишни ҳам сўрадим. АҚШ ҳамфикр доиралар билан тўлиқ, шаффоф ва далилларга асосланган халқаро текширувда қатнашиш учун Хитойга босим қилишда давом этади».

Мақола муаллифларининг ёзишича, олимларда коронавирус на лабораторияда яратилгани ва на табиий келиб чиққани ҳақида етарлича исбот бор. Кўплаб инфекционист олимлар табиий эволюцион йўл билан ривожланган ва кўпшапалаклар ёки бошқа бирор ҳайвондан тўғридан тўғри одамларга юққан деб ҳисоблашмоқда. Аксар янги эпидемиялар, шу жумладан, ОИВ, грипп, Эбола, МЕРС табиий тарқалиш орқали бошланган.

Тадқиқотчилар вируснинг табиий келиб чиқишини исботловчи бир неча далилни қўлга киритишган. Кўршапалаклар коронавирусларнинг кенг тарқалган ташувчиси ҳисобланади. SARS-CoV-2 геноми RATG13 геномига 96 фоиз ўхшаш бўлиб, илк бор 2013 йилда Хитойнинг Юннан провинциясида кўршапалакда аниқланган эди.

«Булар кўп эҳтимол билан кўршапалакларга бориб тақалади»
Вирус кўршапалаклардан воситачи ҳайвон орқали унинг танасида мутацияга учраган ҳолда тарқалган деган версия ҳам бор
SCIENCE PHOTO LIBRARY
Профессор Скот Виз ҳайвонлардаги юқумли касалликларни даволайди. У кўршапалаклар дунёнинг исталган нуқтасида яшаши мумкинлигига эътибор қаратади. Улар минг йиллардан бери ўз йирик жамоaлари орқали бир-бирига касалликлар юқтириб юради.
Профессор Виз уларнинг одамлар билан ўхшаш томонлари ҳақида гапиради: «Кўршапалаклар сут эмизувчилар ва бизга ўхшайди.
Агар кўршапалакнинг қайсидир жиҳати инсонникига ўхшаса, вируснинг юқиши енгилроқ бўлади».

Ундан ташқари, SARS-CoV-2 лабораториядан тарқалгани ҳақидаги тахмин ҳам бор. Лабораториядан сизиб чиққан вируслар эпидемия қўзғамаган бўлса-да, машҳур вирусларнинг хуружига сабаб бўлган. Муаллифлар 2004 йилда икки тадқиқотчи олимнинг Пекиндаги вирусология лабораторияда атипик пневмония билан касалланган ҳолатини эслатган. Улар ўз навбатида етти кишига юқтиришган...

Вирус лабораториядан сизиб чиққан дейишга асослар
Максмен ва Малламати вируснинг сизиб чиққанини айтаётганлар таянаётган асосларни санаб беришган.
Назарий жиҳатдан Covid-19 лабораторияда яратилган бўлиши мумкин. Тадқиқотчилар лабораторияда ўрганиш учун SARS-CoV-2 вирусини ҳайвондан олган бўлишлари ёки коронавирус геномини ишлаб чиқиб, уни сунъий яратган бўлишлари мумкин.

Амир Аттаран, Оттава университети ҳуқуқшунослик профессори, эпидемиолог шундай дейди:
«Бу шубҳали, хавотирли, қўрқинчли ва эҳтимолки, ҳаётга таҳдид солувчи ҳолат. Буни сир сақлашга сабаб йўқ. Эбола вируси Хитойга жўнатилгани ва у билан Хитой ҳарбийлари ишлаётганидан хабаримиз бор. Бу маълум нарса. Улар яна нимани яширишяпти? Хитой Эбола генетик материалларининг йирик каталогини қўлга киритишни истаб қолганининг энг катта сабаблардан бири – улар генетик функциялар тажрибасини ўтказишяпти. Бу эса вирусни янада хавфли ва ҳалокатли қилади. Биз Канадада бундай тажрибалар қилмаймиз ва бутун дунёда ҳам бундан жирканишади. Афсуски, биз уларга ёрдам бериб қўйган бўлишимиз мумкин».

Бундай сценарийларда лабораторияда бирор инсонга тасодифан ёки атайлаб вирус юқтириб, кейин уни тарқатиб юборган бўлишлари ҳам мумкин. Ундан ташқари, пандемия бошланганидан буён бир ярим йил ўтган бўлса-да SARS-CoV-2’га ўхшаш вирус ҳайвонларда аниқланмаган. Covid-19 илк бор коронавирусларни ўрганадиган етакчи лаборатория жойлашган Уҳанда аниқлангани борасидаги тасодиф кўпчиликни ўйлантириб қўйган.

Лабораториядан сизиб чиқиш ҳақидаги фараз тарафдорлари вирус ғайриоддий генетик кетма-кетликка эга ва демакки, одамлар томонидан яратилган дейишмоқда. Баъзилар эса, SARS-CoV-2 одамлар орасида жуда осон тарқалишига урғу қаратиб, у шундай мақсадда яратилган деган фикрни илгари суришмоқда.

Ҳонгконгда фаолият кўрсатган ва Хитой ҳукуматини коронавирус тарқалишини билиб туриб олдини олмасликда айблаган вирусолог, доктор Ли Менг Янг ўз иддаолари туфайли АҚШга қочишга мажбур бўлди. У Loose Women лойиҳасига берган қисқа интервьюсида, жумладан, шундай дейди: «Барини бошидан бошлайдиган бўлсак, мен врач ва фан номзодиман. Ҳонгконг халқ соғлиқни сақлаш университети ва ЖССТнинг лабораториясида грипп ва кейинчалик коронавирус деб номланган касалликлар устида ишлардим. Мен кўп вируслар ва мавжуд коронавируслар устида ишлайман. Менда Хитойнинг икки дипломи борлиги ва у ерда мандарин лаҳжасида гаплаша оладиган ягона инсон бўлганим боис мен Уҳанда пайдо бўлган янги пневмония касаллигини тадқиқ қилиш бўйича махфий жамоага қўшилдим ва ўтган йилнинг 31 декабрида ортга қайтдим (2019 йил назарда тутилмоқда – таҳр.).

Тадқиқотда мен ЖССТдаги бошлиғимга жўнатилган ҳисоботни кўрдим. Лекин ЖССТдан жавоб келмади. Ҳамма мени «Қизил чизиқни босма. Сукут сақла, акс ҳолда, ўзингга қийин бўлади», деб огоҳлантирди. Ниҳоят 17 январда (2020 йил назарда тутилмоқда) бу ҳақда одамларга айтишга қарор қилдим, чунки бу долзарб эди. Мен сизларда, АҚШда туриб фаолият юритадиган таниқли ютуб-влогер билан боғланишга уриндим ва мақсадимга эришдим. Лекин видео хитой тилида эди. Хитой ҳукумати Covid-19 билан боғлиқ вазиятни энди очиқлаётганди. Иккинчидан, инсондан инсонга юқиш бошланиб бўлганди. Учинчидан, вируснинг тез мутацияга учраши ва назорат қилинмаса тўсатдан тарқалиб кетиши мумкинлиги эди.

Тўртинчидан, Уҳандаги денгиз жониворлари бозори. Ва ниҳоят бу вирус табиий эмасди. У Хитой ҳарбий институтининг коронавируснинг сс45 ва zxc21 деб номланган коронавируслари асосида ишлаб чиқилган. Бу лабораторияда ишлангач янги вирус пайдо бўлди. Бу вирус лабораториядан тарқаган. Уҳандаги лаборатория ва у Хитой ҳукумати томонидан назорат қилинади».

Шунингдек, DailyMail нашри британиялик олим Ангус Далглиш томонидан Quarterly Review of Biophysics Discovery илмий нашрида чоп қилиниши учун юборилаётган деб тахмин қилинаётган мақолага кўра, COVID-19 ўзининг табиий келиб чиқишга эга эмас ва хитойлик олимлар томонидан яратилган бўлиб, кейинчалик изларни йўқотиш учун «ретро-инженерия» ёрдамида унинг кўршапалакдан одамга ўтгандек қилиб кўрсатилгани ҳақида айтилган.


Биолог-эволюционистлар бу аргументларга нима дейди?
Кўршапалакмиди?
Касалликларнинг тарқаб кетишини ўрганишга йиллаб вақт кетади, баъзида эса, аниқланмай ҳам қолади. Материал муаллифларининг эслатишича, атипик пневмония эпидемиясининг келиб чиқишини ўрганишга 14 йил кетган. Атипик пневмония кўршапалакларда аниқланиб, одамларга Африкадаги яшовчи вивьерра деган ҳайвондан тарқалгани аниқланган.

Вируснинг келиб чиқишини тадқиқ қилишнинг мураккаб томони шундаки, ҳайвонлар орасида касаллик тарқаши спорадик характерга эга бўлади. Бирор ҳайвоннинг ҳалок бўлиши ёхуд инфекциядан халос бўлишига қадар топиш керак. Ҳайвонларнинг таҳлиллари ижобий натижа берса-да, сўлак, ахлат ёки қонда аниқланган вируслар кўпинча деградацияга учрайди ва патоген микроорганизмларнинг геноми шифрини ечишни қийинлаштиради.

Бироқ пандемия бошланишида олимлар муайян прогрессга эришдилар. 27 май куни bioRxiv препринтлар сайтида эълон қилинган ҳисоботга кўра, Хитой жанубида кўршапалакларда RmYN02 вируси аниқланган. Бунинг геноми SARS-CoV-2’га RATG13 коронавирусиникидан яқинроқ.

Шубҳали тасодиф
Вирусология институти Уҳанда жойлашгани гумонларни кучайтириб юборди.
«Вирусология лабораториялари қоида бўйича атрофдаги вирусларга ихтисослашган бўлади», дея иқтибос келтирилади АҚШнинг Rocky Mountain Laboratories лабораториялари тармоғи вирусологи Винсент Мюнстердан. Уҳан вирусология институти Хитой ва унинг атрофларида аниқланган коронавирусларни ўрганишга ихтисослашган. Шунингдек, грипп Осиёда, геморрагик иситма Африкада ўрганилади. «Ўн ҳолатдан тўққизтасида вируснинг янги хуружи рўй берганда, яқин-атрофда шу вирусларни ўрганадиган лаборатория бўлади», дея қўшимча қилган Мюнстер.

SARS-CoV-2 пандемия бўлиши атайин ишлаб чиқилганмиди? Материал муаллифлари кўплаб олимларнинг жавобини келтиришади: «Йўқ».

Биоэтик Керри Боуман эндиликда машҳур бўлиб кетган Уҳандаги денгиз жониворлари бозорига бир марта борган.
«Бозор ўлик ва тирик ҳайвонларга тўла эди».

Асосий назария – бозор ходимларидан бири инфекция юқтирган ҳайвон билан контактда бўлган.
«Ҳар тарафдан сизга ҳайвон сийдик ва нажаслари тегиб кетиши мумкин ва ўз навбатида вируслар учун инкубацияга шароит яратиб беради. Уҳандаги бозорда жониворларнинг 56 хилини санаганман. Уларнинг асосий қисми, балки учдан бири ёввойи эди», дейди у.
Илк касалланиш ҳолатлари Уҳандаги бозор билан боғланган ва бозор ёпиб қўйилганди
Энди нима бўлади?
Катта Еттилик (G-7) саммитида нутқ сўзлаган ЖССТ раҳбари Тедрос Гебрейесус Адҳаном Хитой вируснинг келиб чиқишини ўрганиш масаласида ЖССТ билан етарли даражада ҳамкорлик қилмаганини айтиб, шаффофлик учун кўпроқ ҳаракат қилиш кераклигини айтган.

Бинобарин, ЖССТ раҳбари Covid-19 вирусининг келиб чиқишини тадқиқ қилиш бўйича режанинг навбатдаги босқичига ўтилишини маълум қилган.

Вирус лабораторияда яратилган ёки табиий равишда келиб чиққанидан қатъи назар ҳали жуда кўп ўрганилади ва келажакда ўнлаб илмий ишларга мавзу бўлади.

P/S: Материал тайёрланиш чоғида Хитой соғлиқни сақлаш вазири Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг лабораторияларни яна бир бор текшириш бўйича сўровига ғазаб билан рад жавобини берган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти коронавируснинг табиий ёхуд сунъий келиб чиқиши ҳақидаги фаразлар ҳақ ёки ноҳақ эканига узил-кесил нуқта қўймоқчи.

Хитой соғлиқни сақлаш вазирлиги вакили Цзен Исинь матбуот анжуманида ЖССТнинг режалари ва текширув приоритетларидан ҳайратда эканини изҳор қилган.

«Тўғрисини айтганда, ЖССТнинг вируснинг келиб чиқишини текшириш режасининг иккинчи босқичини кўриб ҳайратда қолдим. Бу режада Хитой томонидан лаборатория процедуралари бузилгани ва пировардида вирус сизиб чиққани ҳақидаги фаразга урғу берилган. Бу ондан бошлаб соғлом фикрга нисбатан ҳурматсизлик ва фанга бўлган кибр фақат ортиб боради, холос», деган вазирлик вакили.

Коронавирус етказган моддий ва жисмоний зарарлардан ташқари ҳали дипломатик оқибатлари ҳам борга ўхшайди. Ҳаммасини вақт кўрсатади.

Шоакмал Исроилов

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Коронавирус лабораториядан сизиб чиққани ҳақидаги фараз. Олимларга нималар маълум?