07:30 / 27.12.2021
2 561

Мадаминбек русларга қарши курашмаган!

Мадаминбек русларга қарши курашмаган!
"Мадаминбек. Қонли гуллар водийси" романи эълон қилинганидан сўнг турли саволлар берила бошланди: "Мадаминбек роса русларни қийратган экан!" "Қўрбошилар русларни енгай деб туришганда бўлиниб кетишган эканда!.."

Ўша давр воқеаларини ўзбек ва рус, мусулмон ва насоро қарама-қаршилиги сифатида баҳолаш ўта мантиқсизлик, ҳам илмсизлик.

Нима учун?

Биринчидан, бу ҳаракат руслар ёки европаликларга (ўша вақтда Туркистондаги чех, словак, немис, венгер, поляк каби) қарши бўлмаган. Бу миллий-истиқлолчилик кураши эди. Бундан ташқари, Мадаминбек штабида қирққа яқин рус зобити хизмат қилган, армиясини жангларга тайёрлаган. Улар орасида энг машҳурлари Никольский, ака-ука Ситняковскийлар, Лазаревич, Корнилов... Рўйхат жуда узун.

1918 йил мартида Мадаминбек Туркистон халқларига мурожаатнома йўллайди. Унда большевикларга қарши бўлганлар, миллати, дини, ирқидан қатъий назар мусулмон қўрбошилар ҳимоясида бўлиши айтилади. Шу мурожаатномадан сўнг кўплаб насронийлар, черков хизматчилари Мадаминбек ҳимоясида бўлишни афзал билишади. Большевикларнинг диний сиёсатдаги ишлари ҳаммамизга маълум.

1918 йил кузида адмирал Колчакнинг элчилари Мадаминбек ҳузурига келишади ва унга рус армияси полковниги унвонини беришади. Адмирал Колчакнинг ўзи Россияда большевикларга қарши кураш олиб бораётган қўмондон эди. Колчакнинг элчилари подшоҳ Николайнинг ишонган генерали Лавр Георгиевич Корниловнинг укаси полковник Пётр Георгиевич Корнилов ва полковник Иван Матвеевич Зайцев эди. Ҳар икки полковник Мадаминбекка адмирал Колчакнинг таклиф-мулоҳазаларини етказишади. Шу тариқа, ҳар икки томон – адмирал Колчак ва Мадаминбек ўртасида иттифоқчиликка ҳаракат бошланади. Полковник Корнилов ва полковник Зайцевлар, кейинчалик, Мадаминбекнинг хизматида қолишади. Улар Мадаминбекнинг ҳарбий штабида фаолият олиб боришади.

1919 йил ўрталаридан Рус крестянлари Туркистондаги шўро ҳукумати қарорларидан норози бўлаётган, келиша олмаётган ва бу ҳолатдан чиқишда Мадаминбекни асосий ҳамкор сифатида кўраётган эди. 1919 йил сентябрида Жалолободдаги Благовешенск қишлоғида Рус-Крестянлар армияси қўмондонларининг мажлиси ўтказилади. Бу мажлисда шўроларни тан олмай, Мадаминбек билан ҳарбий иттифоқ тузиш маъқулланади. Шу тариқа, Мадаминбек Ўш ва Жалолобод шаҳрида яшаётган Рус-Крестян армияси қўмондонлари, генерал Алексеев ва полковник Монстровлар билан ҳарбий иттифоқ тузади. Мазкур иттифоқ бир муддат шўроларга қарши муваффақиятли урушлар олиб боради.
Туркистондаги кураш Россиядаги "оқлар" ва "қизиллар" курашганидек, ғоялар жанги ҳам эди.

Бундан ташқари, Қизил армия сафларида қўрбоши ва йигитларга қарши курашаётган русларга нисбатан Мадаминбекнинг муносабати ҳам эътирофга лойиқ. Мадаминбек ҳар қандай вазиятда душман томонида турган русларга раҳм-шафқатни устун қўйган. Биргина мисол воситасида фикримизни далиллашга ҳаракат қиламиз.

1919 йил бошларида Мадаминбекнинг қароргоҳи Норин дарёси бўйидаги Қоратери қишлоғи бўлган. Бу ерда ўзига хос қўрғон тикланган ва Мадаминбекнинг ҳарбий штаби шу ерда ишлаган. Қизил армия 1919 мартида катта қўшин билан Мадаминбекка қарши юради. Ҳар икки қўшин ўртасидаги жанг Балиқчи ёнида, Норин ва Қорадарё қўшилиб, Сирдарё бошланадиган жойда бўлиб ўтади. 3 кунлик жангда жуда катта машаққатлар билан Мадаминбек бошлиқ мусулмон қўшин ғалаба қозонади ва Қизил армиянинг 2000 кишилик қўшини асир олинади. Асирларнинг 1300 нафари руслар, 700 нафари арман дашноқлари эди. Мадаминбек русларни авф этиб, Наманганга қайтариб юборади. Арман дашноқларига эса шафқат кўрсатилмайди.

Ушбу тарихий ҳақиқатларнинг ўзиёқ Мадаминбек русларга эмас, балки тузумга, мустамлакачилик сиёсатига қарши бўлганини кўрсатади. Ва унинг қўшинидаги руслар Мадаминбек ўлдирилгунича унга хизмат қилишади. Фарғонадаги аксарият руслар ва европаликлар Мадаминбекни тан олишади...

Бахтиёр Абдуғафур

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Мадаминбек русларга қарши курашмаган!