10 август куни Ўзбекистон маданияти яна бир буюк ижодкоридан айрилди. Ўзбек театр санъатида ўчмас из қолдирган, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, машҳур режиссёр Абдураҳмон Абдуназаров 72 ёшида оламдан ўтди.
Абдураҳмон Абдуназаров 1954 йил 10 мартда Андижон вилояти Хўжаобод туманида таваллуд топган. Унинг болалик йиллари ва ёшлик даври ижодий муҳитга, санъатга чуқур ҳурмат ва муҳаббат руҳида ўтган. Бу муҳаббат кейинчалик унинг бутун умрини театр саҳналари ва ижодий изланишларга бағишлашига замин яратди.
Режиссёр ўзининг серқирра фаолияти давомида турли йилларда Андижон вилояти мусиқали театри, Қашқадарё вилояти мусиқали театри ҳамда қатор бошқа вилоятлар ва қўшни давлатлар театрларида самарали меҳнат қилди. 1988 йили у Қарши шаҳрида “Мулоқот” театр-студиясини ташкил этди. Бу студия ўша даврда янги ижодий йўналишларни излаган, саҳнага янгича нафас ва ўзига хос услуб олиб кирган ижодкорлар мактабига айланди.
Абдуназаровнинг саҳна асарлари – “Темир хотин”, “Жононга бордим бир кеча”, “Заҳарли ҳаёт ёхуд ишқ қурбонлари”, “Майли, сайланг”, “Бахтиёрни уйлантирамиз”, “Гуля + Эрик”, “Бой ила...”, “Момо ер” ва яна ўнлаб спектакллар ўзбек театр санъати тарихида алоҳида ўрин тутади. Унинг асарлари ўзига хос юмор, ҳаётий драматизм ва чуқур маънога эга сюжетлари билан томошабинлар қалбидан жой олган.
Нафақат саҳнада, балки педагог сифатида ҳам Абдураҳмон Абдуназаров кўплаб ютуқларга эришди. Андижон вилояти санъат коллежида устозлик қилган йилларида у юзлаб ёшларни театр санъатининг сир-асрорларига ўргатди, уларнинг ҳаётий йўлини белгилаб берди. Бугун Ўзбекистоннинг турли театрларида фаолият юритаётган кўплаб актёр ва режиссёрлар уни ўзларининг асосий устозларидан бири сифатида эътироф этади.
Маданият аҳли ва шогирдлари уни нафақат профессионал маҳоратли режиссёр, балки инсонпарвар, самимий ва ҳар бир шогирдига алоҳида эътибор қарата оладиган устоз сифатида эслайди. Унинг ўлими нафақат ўзбек театри, балки бутун маданий жамият учун катта йўқотиш бўлди.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!