Йошко Гвардиол Реал Мадридга ўтишни истамоқда

Реал Мадрид президенти Флорентино Перез жамоа ҳимоясидаги муаммоларни ҳал қилиш мақсадида Манчестер Сити ҳимоячиси Йошко Гвардиолга қизиқиш билдирмоқда. Хабарларга кўра, хорватиялик футболчининг ўзи ҳам фаолиятини "Сантяго Бернабеу"да давом эттириш ниятида. Гарчи Англия Премер-лигаси чемпионлари ўзининг асосий юлдузларидан бирини қўйиб юбормоқчи бўлмаса-да, футболчининг хоҳиши трансферда ҳал қилувчи рол ўйнаши мумкин. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Мадридликлар ҳимоя чизиғини тубдан ислоҳ қилишни режалаштирмоқда. Флорентино Перез рўйхатида Ливерпул ҳимоячиси Ибраҳима Конате ва Интер юлдузи Дензел Думфриес каби номлар бор. Бироқ АС нашрининг ёзишича, Йошко Гвардиол "Қироллик клуби" учун энг жозибадор вариантлардан бири бўлиб турибти. Футболчи аллақачон Испания грандига ўтишга тайёрлигини маълум қилган.
Реал Мадрид таркибидаги жароҳатлар инқирози ушбу трансферни тезлаштириши мумкин. Давид Алаба ва Дани Карвахальнинг йўқлиги, Эдер Милитао ва Антонио Рюдигер билан боғлиқ жисмоний муаммолар мураббийлар штабини қийин аҳволга солиб қўйган. Гвардиолнинг ҳам марказий, ҳам чап қанот ҳимоясида бирдек ишончли ўйнай олиши унинг қийматини янада оширмоқда.
Манчестер Сити эса Пеп Гуардиола кетганидан сўнг жамоада кучсизланиш аломатлари кўринишини истамаяпти. Клуб раҳбарияти Йошко Гвардиолга маоши оширилган янги шартнома таклиф қилиб, уни олиб қолишга уриниб кўради. Аммо футболчининг Мадриднинг оқ либосини кийиш орзуси инглиз клуби учун жиддий тўсиқ бўлиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Манчестер Сити 2023-йилда хорватиялик ҳимоячини РБ Леипзиг клубидан 90 миллион евро эвазига сотиб олган эди. Гвардиолнинг амалдаги шартномаси 2028-йилгача давом этса-да, агар Реал Мадрид муносиб таклиф билан чиқса ва футболчи кетишни талаб қилса, "шаҳарликлар" уни мажбурлаб ушлаб турмаслиги мумкин.





























Изоҳлар 0
…