3 000
Рўзиқул Бердиевнинг номи Ўзбекистон термаси бош мураббийлиги билан боғланишини кутганмидингиз?
Тўғриси, қачонлардир шундай бўлишини кўпчилик тахмин қилганди. «Насаф» бошқарувидаги узоқ йиллик барқарор фаолиятдан сўнг Рўзиқул аканинг миллий жамоада иш бошлашини оддий ҳол сифатида қабул қилишимиз тайин.
Аммо унинг номзодига ўз вақтида мурожаат этилдими? Ҳамма хориждан кучли мутахассис келишини кутаётган бир вақтда термага маҳаллий мураббий тайинланса, мухлиснинг ҳафсаласи пир бўлиши турган гап.
Бу ўринда гап Рўзиқул Бердиевнинг муносиб ёки муносиб эмаслиги ҳақида кетмаяпти. Ким нима деса, десин, аммо шахсан ўзимда ушбу мураббийга асло эътироз йўқ.
У - муносиб. Тўғри, Бердиев ҳали Ўзбекистон чемпионлигига эришмаган. Аммо ёдингизда бўлса, Абрамов ҳам миллий жамоа бошқарувига тайинланганда, бундай рутбага эга эмасди.
У ёғини сўрасангиз, Вадим Карленович ҳатто кучли учликка ҳам киролмаган. Рўзиқул Бердиев эса хоҳ «Бунёдкор» кучайсин, хоҳ «Пахтакор» ёки «Локомотив», мунтазам равишда чемпионлик курашида иштирок этиб, мудом совриндорлар қаторида бўлган.
Боз устига, «Насаф» айнан унинг қўл остида илк кубогини қўлга киритган. Шундай экан, Рўзиқул Бердиевнинг мураббийлик иқтидори шубҳадан холи.
Агар ЎФФ раҳбарияти аввал-бошданоқ термани маҳаллий мутахассис бошқариши мумкинлигини айтганда, ҳозир бунча гап-сўз урчимасди.
Федерация янги бош мураббий фақат хориждан қидирилаётганига ишора бердими, шундай қилиниши шарт. Чунки мухлислар ким келиши ҳақида баҳс-мунозараларни аллақачон бошлаб юборишганди.
Бири Гус Хиддинкни гапирса, бошқаси Франк де Бурдан гап очди. Энди ўйлаб кўринг, шундай вазиятда терма жамоани маҳаллий мураббийга вақтинча бўлсада топшириш қанчалик тўғри?
Ҳаттоки, бу ҳақда гап-сўз тарқалишининг ўзи ўша мутахассиснинг обрўйига салбий таъсир кўрсатмайдими?
Айтайлик, федерация хориждан мураббий топа олмаган тақдирда ҳам клубларимизда ишлаётган мураббийлар, хусусан, Бердиевни ноқулай аҳволга солиб, миллий жамоа бошқарувига «вақтинчаликка» тайинлаши нотўғри қарор.
Чунки Рўзиқул Бердиев кабилар термада тўлақонли ишлашга муносиблар. Лекин ҳозир эмас.
Улардан аввал ўсиш, ўзи бошқараётган клуб билан арзирлироқ ғалабага эришиш, масалан, олий лигада чемпион бўлиш ёки ОЧЛда финалга қадар бориш талаб этилади.
Шунда ишқибознинг ўзи бундай мураббийни Ўзбекистон миллий жамоаси бошқарувига тайинлашни талаб қилади. Ҳозир эса аксинча ҳолат, мухлислар наздида термага вақтинчалик тайинланадиган ҳар қайси мутахассис обрўйига путур етадигандек.
Мабодо миллий жамоага вақтинча бош мураббий керак бўлса, номзодлар етарлича топилади.
Масалан, Ўзбекистон ёшлар термасидаги ажойиб иши билан ном қозонган Жасур Абдураимовни синаб кўриш мумкин. Умуман, бу мутахассис кейинчалик хориждан келадиган ҳамкасбининг штабида тажрибасини ошириш имконига эга бўлади.
Ҳали ўз соҳасининг ёш вакилларидан бири, ўсишга эришишига шубҳа йўқ. Ёки ушбу лавозимга Инилеевни қайтариш ҳам зиён қилмасди. Менимча, энг маъқул номзод ҳам айнан Рауф Талгатович бўлса керак.
Чунки бу мураббийда термада ишлаш тажрибаси бор, аксарият футболчиларни яхши танийди. Уларни битта ўртоқлик ўйинига руҳлантириш Инилеевнинг қўлидан келади.
Нима бўлган тақдирда ҳам, бир нарса аниқ - 14 ноябрда БАА термасига қарши кечадиган ўртоқлик учрашуви Ўзбекистон МТЖ учун муҳим аҳамиятга эга.
Бу оддий назорат ўйини эмас. У сўнгги саралаш босқичидан кейин «хароба» ҳолга келиб қолган «иморат»нинг янги кўриниши қандай бўлишини кўрсатиб бериши лозим.
Биз мазкур баҳсдан сўнг Ўзбекистон миллий жамоасининг ҳозирги авлоди «футболда яшашга» ҳақли эканини кўриб олмоғимиз керак. Балки айнан шу сабабга кўра ҳам БАА термаси билан ўртоқлик учрашуви ташкил этилмоқда.
Уни шунчаки назорат баҳси сифатида ўтказиб юбориш эмас, балки кенг ёритиш ва ТВда трансляция қилиш шарт. Чунки мазкур воқеа ўзбек футболининг ўзига хос тарғиботи ҳам бўлади. Демак, шу тарғиботга яраша ўйин ҳам кучли бўлиши шарт.
АБДУЛЛОҲ
Манба: www.interfutbol.uz “Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
1 декабрдан қонунчиликда нималар ўзгаради?
Медведев Россия НАТО ҳарбий базаларига зарба йўллаши мумкинлигини истисно қилмади
Германия разведкаси раҳбари: “Россия яқин йилларда НАТОга ҳужум қилиши мумкин”
Эрон Исроил билан кенг кўламли урушга тайёрлигини маълум қилди
100 млн сўмгача бўлган кредитлар соддалаштирилган тартибда ажратилади
Путин Украинанинг ядровий бомба яратишига йўл қўймасликка ваъда берди
Словакия бош вазири Путиннинг таклифини қабул қилди
Япон психиатри қийинчиликларни қандай енгиш ва мазмунли яшаш сирларини айтди